Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:18

Жиззахда ўқиш йўқ – коллеж ва институтлар ë "Баркамол авлод"да¸ ëки чопиқда!


Олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида навбатдаги имтиҳон мавсуми бошланадиган май ойида Жиззахдаги ўқиш жараëни деярли тўхтаб қолди. Ой бошидан бери ҳокимият буйруғи билан шаҳардаги коллеж ва лицей талабалари ëппасига “Баркамол авлод” ўйинларига тайëргарликка жалб қилинган бўлса¸ Жиззах институтлари ва туманлардаги коллеж-лицей талабалари пахта чопиғига ҳайдалди.

“Ҳа¸ чопиқдамиз..”

18 май куни Озодлик суҳбатлашган Жиззахдаги институт маъмурлари¸ талабаларнинг 5 майдан бери Зарбдор¸ Пахтакор ва Дўстлик туманларига пахта чопиғига чиқарилганини тасдиқлади.

"Дўстликдан қайтишди. Зарбдор¸ Пахтакорга ҳали чиқишаяпти. Шу икки-уч кун ичида чопиқ тугаса керак. Имтиҳонлар бошландику!"¸ деди Жиззах педагогика институти вакили микрофонсиз суҳбатда.

Айни институт талабаларидан бири Озодлик билан суҳбатда¸ 18 май куни кучли ëмғир ëққани учун талабалар чопиққа чиқарилмагани¸ аммо бошқа кунлари ўзларига чопиқбоп кийиниб келиш айтилиб¸ автобусларда Жиззах шаҳрига нисбатан яқин туманларга олиб кетилаëтганларини билдирди.

"Эрталаб кетиб¸ кечда келаяпмиз. Иккиқатлардан бошқа ҳамма чопиққа чиқишга мажбур. Акс ҳолда¸ имтиҳондан йиқитиш билан қўрқитишаяпти. Егуликни ўзимиз олиб келишимиз керак. Фермер бизга ҳатто сув ҳам бермайди. Иссиқ 30 даражадан ошиб кетган. Куни билан қизлар ҳам¸ йигитлар ҳам кетмон билан пахта тагини юмшатиб чиқаяпмиз. Тузук-қуруқ ўқиш бўлмади¸лекин имтиҳон топширишимиз керак энди. Буëғи яна пул йиғишда!" деди жиззахлик талаба.

Жиззах вилоят ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган расмийси¸ ўқувчи-талабаларнинг май ойи бошидан бери чопиққа чиқарилаëтгани ҳақидаги хабарларни рад этишга уринди¸ аммо талаба ва институт ходимлари берган тафсилотларни эшитгач¸ изоҳсиз гўшакни илиб қўйди.

“Ўқувчисини далага олиб чиққан коллеж фермердан пул олади¸ талаба оч-наҳор чопиқ қилади”

Озодлик билан суҳбатда Жиззах туманидаги фермерлардан бири тумандаги коллеж ўқувчиларининг 2-3 курслари 5 майдан бери чопиққа чиқарилаëтганини тасдиқлай туриб¸ бу жараëнга оид тафсилотларни қўшимча қилди.

"Қўлида нақд пули бор фермер чопиққа маҳалладан ишчи олиб чиқади. Ҳокимият маҳаллақўмларга буйруқ берган¸ ҳар бир оиладан битта одам чопиққа чиқиши шарт¸ бўлмаса¸ "пособиесини кесасан¸ маълумотнома бермайсан"¸ деб қўрқитади. Шунга фермер маҳалласидан 20 тача одам чиқараяпти. Бу чопиқчиларга фермер гектарига¸ 4000 дан 6000 сўмгача тўлайди¸ чопиқнинг тозалигига қараб. Нақд пул олгани учун¸ бир ишчи кунига 5-6 километрлик эгатни чопиқ қилиб чиқади.

Нақд пули йўқ¸ ëки нақдини ишлатгиси келмаган фермер¸ ҳокимият билан алоқаси яхши бўлса¸ коллеж ўқувчиларини олиб чиқади. Ҳокимлик коллеж директорига “олиб чиқ” деб топшириқ беради¸ фермер коллеж ҳисобига бир гектар чопиқ учун 30 минг сўм перечисление қилади. Битта коллеж шанба-якшанба куни 80-90 та болани чопиққа олиб чиқади. Бунча бола камида 15-20 гектар ерни чопиқ қилиб беради. Коллеж ҳисобига ўтказилган пулни ким¸ нимага харжлайди¸ буниси бизга қоронғу"¸ дейди Озодлик суҳбатлашган жиззахлик фермер.

"Мажбурий меҳнатсиз пахта етиштиролмаймиз..."

Жиззах вилоятида ҳар йили чопиқ мавсумида маҳалла ва таълим муассасаларига чопиққа чиқиш босими кучли бўлиб келганини таъкидлаган фермер¸ бу босимнинг Мирзиëев президент бўлганидан бери ўзгаришсиз давом этаëтганини таъкидлади.

"Бу йилги битта ўзгариш¸ ҳисобида пули бор фермерга бир гектар ер чопиғи учун 25 минг сўмни нақдлаштириб бериш ҳақидаги буйруқ бўлди. Бу пулни олгунча ҳам "онанг яхши¸ отанг яхши" қилиб¸ ялиниб юрдик. Бир гектар ерни ëлланма ишчига чопиқ қилдириш¸ бизга ўртача 40 минг сўмга тушаяпти¸ булар 25 мингдан бераяпти. Етмайди¸ лекин ўтган йилларда шу ҳам йўқ эди¸ деб хурсанд бўлиб ўтирибмиз"¸ деди жиззахлик фермер.

"Пахта терилгунча¸ 5 мартача чопиқдан ўтади. Ўзбекистонда пахта тагини юмшатадиган машина йўқ¸ культиватор пахта ëнидаги 30 см. жойни қолдириб кетади. Арзон ишчи кучини далага олиб чиқмаса¸ пахта бўлмайди. Энг арзони эса¸ ҳали-ҳали ўқувчи-талаба бўлиб қолаяпти"¸ дейди Озодлик суҳбатлашган жиззахлик фермер.

Сўнгги 13 йил давомида Бош вазир сифатида¸ асосан¸ пахта бўйича давлат режасининг бажарилиши учун масъул бўлган Шавкат Миризëев ўтган йилнинг 4 декабрида президентликка сайланганидан бери¸ қишлоқ хўжалик тизимида айрим ўзгаришлар қилишга киришди.

Хусусан¸ президент Мирзиëев пахта майдонларини қисқартириб¸ экспортга мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириш¸ пахтачиликни механизациялаштиришни жадаллаштириш ҳақида гапириб келмоқда.

Айни пайтда¸ Жиззахда ўқувчи-талабаларнинг чопиққа ҳайдалаëтганидан қишлоқ хўжалигидаги жиддий ўзгариш йўқлиги кўрилади.

Агар сиз яшаëтган ҳудудда ҳам ўқувчи-талабалар ўқиш ва имтиҳонга ҳозирлик кўриш ўрнига чопиққа чиқарилаëтган бўлса¸ бу ҳақдаги батафсил маълумотлар¸ хусусан¸ сурат ва видеоларни Озодликнинг Telegram, WhatsApp, Facebook ва Одноклассникидаги саҳифаларига йўллашингиз мумкин.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG