Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:33

Чопиққа чиқмаслик учун талабалардан пул йиғилмоқда


Жиззах Давлат педагогика институти табиий фанлар факультети талабалари пахта чопиғига олиб чиқилмаслик учун пул йиғиб беришганини иддао қилмоқда. Талабаларга кўра, пул бермаганлар дарслардан чиқариб юборилаяпти ва имтиҳонларга киритилмаслик билан таҳдид қилинмоқда. Талабаларнинг пахта чопиғига чиққанини рад этмаган институт раҳбарияти пул йиғиш ҳақидаги талабалар иддаосини инкор қилди.

Абдулла Қодирий номидаги Жиззах Педагогика институти Табиий фанлар факультетининг тўртинчи курс талабаларидан Озодликка келган мактубда, пахта чопиғи баҳонасида улардан пул йиғиб олингани иддао қилинади:

“Бизнинг факультетга Зарбдор туманидан пахта чопиғи учун ер ажратилган экан. Ҳар бир талабанинг зиммасига 16 сотих пахтани чопиқ қилиш чеки тушган. Замдекан бизга ўша 16 сотих пахтани чопиб келинглар ёки 12 минг сўмдан пул йиғиб беринглар, деди. Кўпчилик бунга рози бўлди ва айтилган пулини йиғиб бердик”, деб ёзади талабалар.

Табиий фанлар факультетининг Озодлик боғланган тўртинчи курс талабаларидан бирига кўра, пул бермаган талабалар ўқитувчилар томонидан тазйиққа учрамоқда:

“Пул бермаганлар ҳам бўлди. Замдекан бошчилигидаги ўқитувчилар пул бермаганларни дарслардан чиқариб юборишаяпти ва уларни имтиҳонларга киритмаслик билан таҳдид қилишмоқда. Бизнинг тўртинчи курсда 70 ортиқ талаба бор. Бу қарийб бир миллион сўм пул бўлади. Билмаймиз¸ энди бу пулни нима қилишади”, деди овози ёзиб олинмаслигини илтимос қилган талаба.

Олийгоҳ талабаларининг айтишича, улар қарийб бир ой мобайнида шаҳарга яқин туманларда пахта чопиғига олиб чиқилган.

Олийгоҳнинг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиси талабаларнинг мажбурий пахта чопиғига олиб чиқилганини тасдиқлади:

“Навбат билан талабалар чопиққа сафарбар этилган эди. Чопиқ ҳам деярли тугади, ҳозир кўпчилик дарсга қайтган. Кафедра мудирларига туманлар бўлиб берилган. Улар ўзларига ажратилган ҳудудларга уполномоченний. Талабаларни олиб бориб ишлатиб келишаяпти”, деди ўқитувчи.

Олийгоҳнинг чопиқ масаласига масъул мулозими Қайсар Ўралов талабаларнинг далага олиб чиқилганини инкор қилар экан, бу ишга ўқитувчилар жалб қилинганини тан олди:

- Бизлар “Жиззах остонаси” фермер хўжалигида, ўқитувчилар ҳашар қилиб ишлаяпмиз. Талабалар чопиққа олиб чиқилгани йўқ, деди мулозим.

Қайсар Ўралов чопиқ учун талабалардан пул йиғиб олинаётгани ҳақидаги гаплардан хабари йўқлигини айтди.

Сўнгги бир ойда Қашқадарё вилояти ва Қорақалпоғистонда ҳам олийгоҳ талабаларининг мажбурий пахта чопиғига сафарбар этиш ҳолатлари кўп кузатилди.

Мажбурий тарзда далага ҳайдалган Қорақалпоғистон Давлат университети талабалари озиқ-овқат етишмовчилиги, яшаш шароитининг оғирлигидан Озодликка шикоят қилган эдилар.

XS
SM
MD
LG