Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:32

Ўқитувчи ва тарбиячилар ғўза чопиғига ҳайдалди


Мўйноқ тумани.
Мўйноқ тумани.

Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги барча мактаб, боғча ўқитувчи ва тарбиячилари қўшни туманга ғўза чопиғига сафарбар этилди. Озодлик манбаларига кўра, ҳашарчилар ётоғи билан ўн кунлик чопиққа жўнатилган. Расмийлар, ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилганини тасдиқлар экан, бу ҳақдаги буйруқ Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашидан бўлганини айтди.

Мўйноқ туманидаги барча мактаб, боғча ва мактабгача бўлган муассаса ўқитувчи ва тарбиячиларидан ташкил этилган махсус ҳашарчилар гуруҳлари Қонликўл тумани далаларига ғўза чопиғига сафарбар этилди.

Ҳар бир мактаб ва боғчадан ташкил этилган ҳашарчилар гуруҳлари кўрпа-ёстиқлари билан ўн кунлик ётоққа жўнатилган.

Мўйноқ туманининг Ломоносов номли 1- умумтаълим мактабида ишлайдиган ўқитувчи Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, ғўза чопиғи ўқитувчилар учун мажбурий қилиб қўйилганини айтди:

“Фермернинг нима иши борки, чопиқ қилишми, пахта теришми балога қолган ўқитувчилар бўляпти. Ўтган йил ҳам шу пайт чопиқ қилганмиз, кузда пахта терганмиз. Ҳамкасбларимиз бир гуруҳ бўлиб, ўзларининг ёнидан “Газел” ёллаб, йўлкирасига 10 минг сўмдан бериб, 80 километр узоқликдаги Қонликўл туманига бугун жўнаб кетишди. Ўн кундан сўнг навбатдаги ўн кишилик гуруҳ кетади”, деди ўқитувчи.

Исми сир қолишини сўраган боғча тарбиячиларидан бирининг айтишича, чопиқдаги харажатлар ҳам ўз ёнларидан бўлади:

“Инсофлироқ бирор фермерга тушиб қолсак яхши, чой-пой қилиб бериб туради. Бўлмаса овқатимизни ҳам ўзимизнинг ҳисобимиздан қиламиз. Ақалли, йўлкирани ҳам беришмайди. Ойликларимиз эса фақат пластикда. Уни нақд қилиш учун 13-15 фоизидан кечишга мажбур бўляпмиз”, деди тарбиячи.

Мўйноқ тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, ўқитувчи ва тарбиячиларнинг ғўза чопиғига мажбуран сафарбар этилганини тасдиқлади:

“Бу бизнинг хоҳишимиз эмас. Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашидан ҳар бир ҳокимга берилган оғзаки буйруқ. Биз ҳам ўқитувчиларнинг ўз ишларини қилишини истаймиз. Лекин, буйруқни бажариш керак. Бўлмаса ёмон бўлади”, деди ҳокимият мулозими.

Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ишчи-ходимларининг дала ишларига мажбурий сафарбар этилиши ҳар йили кузатилади.

Жумладан, жорий йил май ойининг бошида Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги ташкилот ва корхоналарнинг ишчи-хизматчилари ғўза чопиғига ҳайдалди. Ангренлик ишчиларга кўра, чопиққа чиқмаганларга ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилинмоқда.

Ўтган йили ҳам давлат корхоналари ишчи-хизматчиларидан тортиб талабаларгача ғўза чопиғи ва яганасига жалб этилган ва талабалардан чопиқ учун пул йиғиш ҳолатлари ҳам кузатилган эди.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини мажбурий меҳнатга чек қўйишга чақириб келади. Жаҳоннинг юздан ошиқ ширкати расмий Тошкентни бунга ундаш мақсадида мажбурий меҳнат маҳсули бўлган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

XS
SM
MD
LG