Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:01

Талаба далада, ўқитувчи қурилишда мажбуран ишлатилмоқда


Талаба, ўқитувчи, тиббиёт ходимлари ва бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбуран ишлатилиши “замонавий қуллик”, дея қораланади.
Талаба, ўқитувчи, тиббиёт ходимлари ва бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбуран ишлатилиши “замонавий қуллик”, дея қораланади.

Ўзбекистоннинг бир неча вилоятидаги олий ўқув юртлари талабалари пахта чопиғига олиб чиқилмоқда. Бундан ташқари мамлакат бўйлаб ўрта таълим муассасалари ўқитувчиларини мажбурий тарзда қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига жалб этиш ҳолати сурункали тус олмоқда. Ўзбекистон ҳукмуати мулозимлари талаба ва ўқитувчиларни дала ва қурилиш ишларига мажбурлаш учун жазо борлиги айтаётганига қарамасдан, қулдек ишлатилаётганларидан шикоят қилаётганлар сони ортиб бормоқда.


19 май куни Қорақалпоғистон ва Қашқадарёдан Озодликка келган бир нечта мактубда талаба ва ўқитувчиларнинг мажбурий эксплуатация қилинаётгани ҳақида айтилади.

Ўзни Нукус Давлат педагогика университети талабаси деб таништирган муштарий “30га яқин талаба Нукус тумани Бердақ фермер хўжалигида пахта чопиғига олиб чиқилди”, дея маълум қилди Whatsapp орқали юборган хабарида.

Озодлик бу талаба билан телефон орқали боғланганида суҳбатдош уч кундан бери 30 нафар талаба Бердақ хўжалигида ётоғи билан қолиб, ишлаётганини гапириб берди. Унинг айтишича, мажбурий дала ишларига олиб чиқилган талабалар маҳаллий аҳоли уйларида тунамоқда.

Озодлик мухбири далада пахтани ўтаётган талабаларга ҳамроҳлик қилган ўқитувчи билан боғланишга муваффақ бўлди. Педагог 30дан ошиқроқ талабани пахта чопғига олиб келганини тасдиқлади ва изоҳ учун университет раҳбариятига мурожаат қилишимизни маслаҳат берди.

Ўзини Нукус Давлат педагогика университети ректорининг ёрдамчиси, дея таништирган шахс олийгоҳнинг 1-3 курс талабалари дала ишларига олиб чиқилганини тасдиқлади. Лекин талабаларни чопиққа олиб чиқиш қарори ким тарафидан қабул қилинганини айтиб бера олмади.

19 май куни Озодликка Қарши Давлат университети талабалари ҳам Whatsapp орқали мурожаат қилиб, “мана бугундан Қарши Давлат Университети студентлари, пахта чопиқ учун, район далаларига чикиб кетаяпти” дея хабар қилди. Озодлик бу талаба билан телефон орқали боғлана олмади. Лекин ўқув юрти раҳбарияти талабалар пахта чопиғига олиб чиқилаётгани тўғрисидаги хабарни рад этди. “Талабаларимизнинг барчаси ўқишни давом эттирмоқда”, деди Қарши Давлат университети расмийси.

Айни пайтда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри коллежларидан бирининг ўзини Дониёр деб таништирган ўқитувчиси ҳам Озодликка мурожаат қилиб, сўнгги икки ҳафта давомида коллеж ўқитувчилари қурилиш ва ободонлаштириш ишларига мажбуран олиб чиқилаётганини гапириб берди.

“Ҳозирда Шаҳрисабзда қурилиш ишлари кетяпти. Биз ўқитувчилар коллежда дарс бериш билан бирга қурилиш ишларига ҳам жалб этилмоқдамиз. Соат 12гача коллежда ишлаймиз, ундан кейин 5гача майдонда дарахт экиш, қум ташиш, ер текислашга мажбурланяпмиз. Ойликларни вақтида бермагани етмай, ҳокимият вакиллари бизни 30-35 даража иссиқда мажбуран ободонлаштириш ва қурилиш ишларига чиқармоқда”, дейди шаҳрисабзлик ўқитувчи.

Шаҳрисабз тумани Халқ таълими бўлимининг ўзини таништирмаган вакили, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, ўқитувчилар шаҳар ободонлаштириш ишларига ҳисса қўшаётганини эътироф этди. Лекин, дея иддао қилди расмий, ўқитувчилар ўз ихтиёрига кўра, дарсдан кейин хашарга чиқмоқда.

Айни пайтда, бундан 15 май куни Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мулозими мамлакат бўйлаб ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганини эътироф этди. Вазирлик расмийси ўқитувчиларнинг эксплуатация қилиниши қонунга хилоф бўлишига қарамай Халқ таълими вазирлиги бу муаммони ҳал эта олмаслигини таъкидлаган эди.

“Тўғри хабарлар бор. Лекин қонун бўйича ўқитувчини мактабдан ташқари бирорта ҳам ишга жалб қилиш мумкин эмас. Лекин нима қилайлик, қўлимиз калта. Ҳокимлар мактаблар устидан мутлақ ҳоким бўлиб олган”, деди Халқ таълими вазирлиги мулозими.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат муаммоси халқаро ташкилотлар тарафидан йиллардан бери танқид қилиб келинади. Талаба, ўқитувчи, тиббиёт ходимлари ва бюджет ташкилотлари ходимларининг, айниқса пахта терими пайтида далага олиб чиқилиши “замонавий қулликнинг кўриниши”, дея қораланади.

Лекин халқаро танқидлар кучайган сари Ўзбекистонда “беминнат хизматкор”га айланган ўқитувчию шифокорларни “қулдек” ишлатилиши ҳолатлари ҳам ошиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG