Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:40

Қишлоқ хўжалик вазири пахта экмаган фермернинг боласини "шарманда қилиш"ни буюрди


Жиззахлик фермерларга ижарага олинган ерга пахтадан бошқа нарса экиш қатьий тақиқланди. Бу тақиқни бузган фермерларнинг экинлари буздирилиб, ўрнига пахта экилмоқда. Расмийлар бу жараённи видеога олиб, уни фермернинг боласи ўқийдиган таълим даргоҳида намойиш этиш йўли билан изза қилишни буюрди.

Апрель ойида Жиззах вилоятида ўндан зиёд фермернинг ижарага олган ерига эккан кунгабоқар, пиёз, маккажўхори каби экинлари ҳайдаб ташланиб, ўрнига пахта эктирилди.

Фермер экинини бузиб, ерини ҳайдаб ташлаш жараёни видеотасвирга олиниб, ҳозирда ҳокимлик йиғилишларида намойиш қилинмоқда.

Жиззахдан олинган маълумотга кўра, 28 апрель куни Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зойир Мирзаев бошчилигида Жиззах вилоятига мўлжалланган махсус селектор йиғилишида пахтадан бошқа экин экилган ерни бузиш пайти олинган видеоларни фермернинг болалари ўқийдиган таълим масканларида намойиш қилиш тартиби йўлга қўйилиши айтилган.

Бу ҳақда ушбу йиғилишда иштирок этган жиззахликлардан бири Озодликка хабар қилди.

“Зарбдор туманида 5 гектар пиёз эккан фермернинг ерини бузиш жараёнини махсус группа видеога олибди. Группа ўзи билан иккита Arion трактори олиб келган экан. Шу тракторлар билан фермернинг пиёзини ҳайдаб ташлаб, ўрнига пахта эктириб юборибди. Шу видеони селекторда қўйиб беришди. Сўнгра Зойир Тойирович (Мирзаев Зойир Тоирович – Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири. Таҳр.) сўзга чиқиб, “Бу видеони шу фермернинг ўғли ёки қизи институтдами, коллеждами ёки мактабдами ўқиса, ўша ерга бориб қўйиб беринглар. Мен айтаман, бориб видеони синфдошлари ва домлаларини йиғиб, ҳаммасига қўйиб беринглар. Шарманда қилинглар! Болалари ўқишга боролмайдиган, бу фермернинг ўзи кўчада юролмайдиган қилинглар”, деди. Ҳамма қўрқиб қолди бу гапдан кейин”, дейди жиззахлик манба.

Жиззах вилоят ҳокимлиги масъулларидан бирининг айтишича, фермерни шу йўл билан изза қилиш тартиби¸ ҳақиқатдан¸ ҳам маҳаллий ҳокимликларга тавсия қилинган.

“Бу биргина бизнинг вилоятга тегишли эмас. Бутун мамлакат бўйича қилинаётган тадбирларлардан бири. Фермерлар ўз билганича иш қила олмайди. Апрель ойининг бошида пахтадан бошқа нарса экмаслик борасида огоҳлантирдик. Лекин барибир айримлар бу гапни инобатга олишмади. Илтимос қилдик, огоҳлантирдик, Лекин натижа бўлмади. Шунақа изза қилинса, балки бошқа фермерларнинг ҳам кўзи очилар”, деди ҳокимлик масъули.

Айни пайтда бу мулозим ҳозирча Жиззах вилоятида бунақа видеоларни таълим даргоҳларида қўйиш орқали фермерлар боласини изза қилиш ҳолати бўлмаганини билдирди.

“Бу Мирзиёев келиб кетганидан кейин, ҳали яқинда айтилган тадбир. Буни режалаштириб турибмиз. Лекин менда аниқ қайси фермернинг ерига оид видео намойиш қилиниши ҳақида аниқ маълумот йўқ”, деди ҳокимлик масъули.

Озодлик суҳбатлашган фермерларнинг айтишича¸ давлат билан шартномада белгиланган ғалла ва пахта экиб фақат зарар кўргани боис¸ айримлар ижарага олинган ерларига қўшимча экин экиб¸ зарарни қоплаш ва озгина даромад олишга ҳаракат қилади.

Йиллар давомида ҳокимлик ва фермерлар ўртасидаги ëзилмаган бундай келишув бугунга келиб бузилган ва эндиликда ҳокимликлар¸ қолаверса¸ ҳуқуқ тизимлари фермернинг пахтадан бошқа нарса экмаслигини жиддий назоратга олаяпти.

Хусусан¸ Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида кунгабоқар эккан икки фермернинг ери ҳайдаб ташланди.

Тошкент вилоятида ҳам йиллар давомида кунгабоқар экиб¸ ундан келган даромад воситасида давлат юклаган ғалла ва пахта режасини амаллаб “оқлаб” келган фермерлар ​Озодликка бу йил ҳокимият босими янада кучайганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG