Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:49

Дўпписи оcмондан қайтиб тушмаган фермер, ёпиштирилган пахта ва “Ойболта”


Бош вазир келиши муносабати билан териб олинган пахта чаноғига қайта ëпиштирилмоқда
Бош вазир келиши муносабати билан териб олинган пахта чаноғига қайта ëпиштирилмоқда

Мамлакат қишлоқ хўжалиги ҳаёти 2015 йилда турли хил воқеаларга бой бўлди. Буғдой режасини бажардим деб дўпписини осмонга отган фермернинг дўпписи қайтиб тушмади. Бош вазир келишига қўштепаликлар терилган пахтани қайта чаноққа ёпиштириб чиқдилар. Энг муҳим воқеалар эса йилнинг охирига келиб бошланди. “Ойболта” тадбири қарздор минглаб фермерларни зор қақашатиб, уйидаги товуғигача мол-мулкини мусодара қилди.

Фарғонача пахта қўйиш

Келинг энг қизиғидан бошлайлик.

Муштарийнинг хабари бор, октябрь ойининг бошида Фарғона вилояти Қўштепа тумани ҳокимининг буйруғи билан, “Истиқлол” фермер хўжалигининг пахтаси териб олинган бир ярим гектар майдонига қайтадан пахта ёпиштириб чиқилгани ҳақида хабар берган эдик.

Баъзи расмий нашрларнинг бу хабарни инкор этганидан сўнг, Озодликнинг мобил мухбири ўша жойга бориб, клейланган пахталарни тасвирга тушириб қайтган эди.

Бу хабар жуда қисқа муддатда бошқа тилларга таржима қилиниб, дунёдаги 100дан ортиқ нашрларда чоп этилди.

Бу нашрлар Ўзбекистондаги бундай ишларни абсурдизм, деб атади.

Масалан, Украинадаги “Inforesist” агентлиги “Ўзбекистонда бош вазирга мўл-кўл ҳосилни кўрсатиш учун одамлар терилган пахтани қайтариб ёпиштиришди”, деган сарлавҳани тепага чиқарди.

“Эхо Москвы” радиоси берган қисқа хабар эса “дарвоқе, Ўзбекистон Бош вазири охир-оқибат пахта ёпиштирилган туманга келмади”, деган хулоса билан якунлади.

Бу воқеага энг қизиқ шарҳни “Коммерсант” газетаси ёзди: “Хармс ва Кафка Ўзбекистонда уйғонганда борми, улар ёзадиган нарсалари қолмаганини тушунган бўларди”, деб киноя қилди газета.

Ўзбекча фермерчилик ёки ғалласиз қолган ғаллакор

Ўзбекистонда фермерлар билан дон қабул қилиб олиш корхоналари орасида шартнома бор.

Бу шартномага кўра, фермер шартномадан ортган буғдойни ўзига олиб қолишга юз фоиз ҳақли.

Бироқ бу йил ҳам фермерларнинг режадан ортган буғдойини тортиб олиш ҳолатлари кузатилди.

Жорий илнинг 8 июль куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманилик 27 нафар фермер режадан ортган буғдойи зўравонлик билан тортиб олинаётганидан арз қилиб, аввал Бош прокуратурага, ундан кейин Оқсаройга арз қилиб борган эди.

Девон мулозими фермерлар арзини тинглагандан сўнг, Тошкент вилояти ҳокими Аҳмаджон Усмоновга қўнғироқ қилган. Ҳоким фермерларни қабул қилишга ваъда берган.

Шундан сўнг 27 нафар фермер Тошкент вилояти ҳокими Аҳмаджон Усмонов билан учрашган.

“Вилоят ҳокими Аҳмаджон Усмонов бу йил ғалла режасининг бажарилиши республикада оғир аҳволда эканлиги ва ўзимизнинг тоғли вилоятларда буғдойни совуқ уриб кетганлиги учун режадан ортиғини захирага топширишни илтимос қилди. Қўшимча шартнома қилинглар, деди. Қўшимча топширган буғдойларингни режаси тўлмаган фермерлар бозор нархида сотиб олиб, пулини сизларга беради, ўзларинг суришиб кетаверасизлар, деди. Шунга ишониб, бор буғдойни ўриб топширдик, ўзимизга ҳозирча ҳеч нарса қолмади. Бу ёғи энди пешонадан. Ҳоким ваъдасини бажарса, қўшимча буғдойимиз учун бозор нархида пул оламиз”, деган эди вилоят ҳокими билан учрашган фермерлардан бири.

Фермерларнинг буғдойини тортиб олиш зўравонлик ила амалга оширилди.

Туман милицияси бошлиғи ва вилоят ички ишлар бошқармасидан келган подполковник оққўрғонлик фермерларнинг режадан ортиб қолган буғдойни ўрдириб олиб, норозилик билдирган икки фермерни уриб, сўкиб, қамаб қўйган эди.

Захирага топширилган буғдойнинг бир қисмини кимдир қайтариб олишга муваффақ бўлди, кимдир куйиб қолаверди.

Ўзбекистон мустақилликка эришиши ортидан мамлакатдаги экин ерлар фермер хўжаликларига бўлиб берилган.

Ўзбекистонлик фермерлар давлатга буғдой ва пахта топшириш режаларини бажаришга мажбур. Режани бажаролмаган фермерлар ҳокимият, милиция ва прокуратура томонидан таъқиб қилинади.

Буғдой топшириш шартномасига кўра, давлат режасини бажарган фермер ортиб қолган буғдойни ўзига олиши ёки ишчиларига иш ҳақи сифатида бўлиб бериш ҳуқуқига эга.

Бироқ, Ўзбекистонда режани бажаролмаган фермерлар сабаб туман ёки вилоят буғдой режаси оқсаб қолаётган бўлса, режани бажарган фермерларнинг буғдойи зўравонлик билан тортиб олиниши ҳолатлари кўп кузатилади.

Мутахассислар буни “ўзбекча фермерчилик” деб атамоқдалар.

Мирзиёевнинг “Ойболта”си фермерларни зир қақшатмоқда

Ўзбекистон Бош Вазири Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси билан тузилган “Ойболта” тадбирида пахта режасини бажармаган ёки давлатдан қарздор бўлиб қолган фермерларнинг мол-мулки Суд ижро департаменти, Адлия вазирлиги, ИИБ ва банк ходимлари томонидан рўйхатга олиниши ва қарздор фермернинг автоуловлари, чорваси мусодара қилиниши назарда тутилган.

Ўзбекистонда объектив ва субъектив сабаблар билан қарздор бўлиб қолган фермер хўжаликлари жуда кўп.

Бу тадбир, фермернинг қарзи қандай пайдо бўлганини, унинг табиий офат, сув танқислиги каби объектив сабабларни ҳам инобатга олмасдан, қарздор фермерларнинг мол-мулкини бир четдан талашдан бошланди.

Айниқса, Жиззах, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистонда қарздор фермерларнинг техникасидан тортиб, чорваси, шолиси, уй жиҳозларигача мусодара қилинди.

"Менинг бир танишим ана шу гуруҳ таркибида бор. Унинг айтишича, “Қозоғистон”, “Самарқанд”, “Чинобод”, “Янгибўстон”, “Хоразм” совхозларидаги қарздор фермерларнинг мол-мулки мусодара қилинаяпти. Улар ҳар бир фермернинг хонадонидан гилам, мебель, мол, қўй, эчки, ҳаттоки товуғигача олиб кетишаяпти. Баъзи уйлардан пардалар ҳам юлиб олинган. Норозилик билдирганларнинг овози шу гуруҳ таркибида бўлган милиция томонидан ўчирилаяпти”, деган эди ўз шахси сир қолишини сўраган маҳаллий мулозимлардан бири.

Аксарият фермерлар, бу қарзларнинг пайдо бўлишига объектив сабаблар борлигини айтишса ҳам, «Ойболта» бу иддаоларни эшитишни ҳам истамаган:

“Қарз сабабсиз пайдо бўлмайди. Гектарига 200 минг сўмдан ёнимиздан тўлаб пахтани чопиқ қилдирамиз. Нақд пул йўқ, пахта харажатлари учун мол-ҳолимизни сотамиз. Мана бу йил пахта айни шоналаб гулга кираётган пайтда сув бўлмади, ҳосилнинг ярми нобуд бўлди. Суратларга олиб қўйганмиз. Комиссиялар келиб ўз кўзи билан кўриб кетган. Сув бермаса қаердан ҳосил бўлсин? Баҳордаги қаттиқ совуқ буғдойларимизни уриб кетди, буни ким тўлайди? Ҳокимият эса бу сабабларни эшитишни ҳам истамайди. Энди эса “Ойболта”сини олиб келиб сўнгги нонимизгача тортиб олаяпти”, дейди фермер.

“Оптималлаштириш” ўзини оқламади, энди навбат "мақбуллаштириш"га

Фермерлар ерларини мақбуллаштириш сиёсати 2015 йилнинг охирига келиб авж олди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссиясининг жорий йил октябрида бўлиб ўтган йиғилиши қарор чиқарган эди.

Илгари оптималлаштириш даврида фермер хўжаликларининг ери 100 гектардан кам бўлмасин деган қарор чиққан бўлса, энди эса ерларни қисқартириш ва буни ҳисобидан янги фермер хўжаликлари ташкил этиш ҳақида қарор чиқарилди.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси жорий йилнинг 15 декабрида фермер хўжаликлари учун экин ерларининг оптимал ўлчамини ўртача 36,1 гектар ҳисобида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақида Тошкентдаги ярим расмий маҳаллий нашрлар душанба куни хабар тарқатди.

Айтишларича, бу қарздор фермер хўжаликларни тугатиш ҳисобидан амалга оширилар экан.

2016 йилда "мақбуллаштириш" сиёсати қандай натижа беради, фермерлик ривожланиб кетиб, фермер ҳам, уларнинг ерида ишлайдиган деҳқон ҳам бойиб кетадими ёки бундан ҳам баттар бўладими, ҳозирча бу саволга ҳеч ким жавоб беролмайди.

XS
SM
MD
LG