Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:01

Қодировчилар суди – маҳкамага икки судланувчи тиббий замбилда олиб келинмоқда


Рашитжон Қодиров ва шериклари устидан маҳкама Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди биносида ўтказилмоқда.
Рашитжон Қодиров ва шериклари устидан маҳкама Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди биносида ўтказилмоқда.

17 январь куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров ва унинг жиноий шериклари деб кўрилаëтган бир гуруҳ собиқ мулозим устидан 7 январь куни бошланган маҳкама жараëнининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

17 январь кунги мажлисга, Озодликка маълум бўлишича¸ жами 13 нафар судланувчи олиб келинган. Суд мажлисида айблов ва ҳимоя томони чиқишларидан сўнг¸ судланувчилар кўрсатмаларини тинглаш бошланган.

Адлия тизимининг бу маълумотни жамоатчиликка тарқатишга ваколати йўқлигидан номи сир қолишини сўраган мулозими Озодликка тақдим этган рўйхатда Ўзбекистон Бош прокуратурасини 2015 йилга қадар 15 йил бошқарган Рашитжон Қодиров; 2013 йилга қадар Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи¸ 2013 йилдан президентнинг кучишлатар тизимлари бўйича давлат маслаҳатчиси¸ 2018 йил январига қадар Тошкент вилоят прокурори бўлиб ишлаган Жамшид Файзиев; 2013 йилдан Бош прокурор ўринбосари бўлиб ишлаган Улуғбек Суннатов; Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси собиқ бошлиғи Рамазон Пўлатов¸ Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Улуғбек Хуррамов; Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари Мирағлам Мирзаев; Мирағлам Мирзаевнинг хотини¸ “Юнусобод адвокатлар коллегияси”си собиқ раҳбари Муҳаббат Ҳасанова; Мирзаевнинг ўғли¸ МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Абдурашид Мирзаев; Мирағлам Мирзаевнинг жияни¸ МХХ Тошкент вилоят бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Мансур Мирзаев ва Тошкент шаҳар прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими собиқ раҳбари Азиз Мусашайховлар номи бор.

Ўзбекистон Олий суди маҳкама жараëнининг ëпиқ ўтаëтгани боис унга оид бирор маълумот¸ хусусан¸ судланувчиларнинг аниқ рўйхати эълон қилинмаслигини билдирди.

Олий суд матбуот хизматининг Озодликка билдиришича¸ мазкур иш Ўзбекистон республикаси Жиноят-процессуал кодекси 19-моддасининг тегишли бандларига асосан судга раислик қилувчи судьянинг қарори билан ëпиқ суд мажлисида кўрилади.

Рашитжон Қодиров ва аксар судланувчилар¸ Бош прокуратура расмий хабарига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Олий суд вакиллари¸ судланувчиларга қўйилаëтган бу айбларнинг давлат сири деб таснифланиш-таснифланмаслиги ва суднинг ëпиқ ўтказилиши билан боғлиқ саволларни ҳозирча жавобсиз қолдирди.

7 январь куни бошланган маҳкама қаттиқ қўриқланаëтган бинода ўтмоқда¸ ëпиқ ўтаëтган жараëнга судланувчилар яқинлари ҳам қўйилмаëтир.

Озодликка Юнусобод туман суди ташқарисидаги ҳаракатларни кузатаëтган судланувчилар яқинларининг билдиришича¸ судланувчилардан икки нафари суд залига Сангороддан (қамоқхона касалхонаси) тиббий замбилда олиб келинмоқда.

Жараëнга билвосита алоқадор Тошкент мулозимларидан бирининг айтишича¸ замбилдагилар ҳибсга олиш ва тергов жараëнида инсультни бошдан кечиргани айтилаëтган Мирағлам Мирзаев ва Рамазон Пўлатовдир.

Судланувчилардан бирининг яқинларига кўра¸ Сангородддан олиб келинаëтган бу иккала собиқ амалдор адвокатлари уларни инсонпарварлик нуқтаи назаридан озод қилишни сўраб¸ судга илтимоснома киритган. Матбуотга ëпиқ суд жараëни ҳақида гапиришга ваколати йўқлигини айтган судда қатнашаëтган адвокатлар¸ бундай маълумотга муносабат билдиришни истамади.

Айни пайтда¸ Жазони ижро этиш бошқармаси тиббиëт бўлимига алоқадор мулозимнинг Озодликка айтишича¸ Мирағлам Мирзаевнинг хотини ҳам тергов давомида Сангородга олиб келинган.

Сочлари оқариб кетган бу аëлни ҳам Сангородда 10 кунча даволашди”¸ деди исми очиқланмаслигини сўраган тиббиëт бўлими хизматчиси.

Озодликка маълум бўлишича¸ маҳкамада айблов ва ҳимоя томони чиқишларидан сўнг¸ судланувчилар кўрсатма бермоқда. Бу кўрсатмалар мазмуни ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Айни пайтда¸ судланувчиларга пора берган айрим шахсларнинг ҳам уларга қарши кўрсатма бериши кутилмоқда.

“Ўзбекистонда пора бериш жинояти қуроли саналган пул ва бошқа қимматбаҳо ашëлар давлат фойдасига мусодара қилинади. Буни билган “жиноий гуруҳ”га пора берган давлат амалдорлари¸ вазирлар¸ ҳокимлар¸ нефть-газ ва пахта соҳасини бошқарганлар пора бергани ҳақида ариза бермади. Тергов давомида Қодиров ва унинг собиқ прокурорларига пора бергани ҳақида ариза берганлар¸ асосан¸ тадбиркорлар¸ хусусий банк ходимларидир. Булар¸ албатта¸ берган пулини қайтариб ололмайди. Ариза берганлар келтирган сумма судланувчилар олган поранинг 10 фоизини ҳам ташкил этмайди”¸- деди Озодлик билан шахси сир қолишини сўраб гаплашган тергов жараëнидан билвосита хабардор ҳуқуқ тизими расмийси.

Ҳозирча маҳкаманинг қанча давом этиши¸ унинг қачон ҳукм чиқариши ҳақида маълумот йўқ.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG