Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:52

Тошкентни титратган прокурор Мирағлам Мирзаев ва оиласи қўлга олинди. Бош прокуратура муносабат билдирди


Озодликка ҳуқуқ тизими мутасаддиларидан келган маълумотга кўра, Тошкент шаҳар прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича собиқ 1-ўринбосари, адлия катта маслаҳатчиси 68 яшар Мирағлам Мирзаев (лақаби Антибиотик) устидан жиноий иш очилган.

ИИВ мулозимларидан бирининг Озодликка билдиришича¸ Мирзаев устидан очилган жиноий иш доирасида МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи¸ 42 яшар Абдурашид Мирзаев (Мирағлам Мирзаевнинг ўғли)¸ Тошкентдаги “Юнусобод адвокатлар коллегияси” раҳбари Муҳаббат Ҳасанова ( лақаби Кардинал - Мирағлам Мирзаевнинг хотини) ҳибсга олинган.

Мирағлам Мирзаевнинг Тошкентдаги "центр Луначарский"даги қўшниси Озодлик билан 1 март кунги суҳбатда “бир вақтлар қудратли бўлган прокурорнинг уйидан 23 февраль куни қора ниқоблилар бошига ëпинчиқ ташланган бир неча одамни олиб кетганига шахсан ўзи гувоҳ бўлганини билдирди.

"Маҳаллада қий-чув бўлиб кетди. Борсак¸ автобусларда келган қора маскалилар "Антибиотик"нинг ҳовлисини ўраб олган экан. Ҳовлини босганлар тезлик билан бир неча одамни бошига плашга ўхшаган нарса ташлаб¸ қўлига кишан солган аҳволда олиб чиқиб кетишди. Ëпинчиқ тагидагилар кимлигини аниқ билмайман¸ аммо маҳалладигиларга кўра¸ Мирағламнинг ўзини ҳам олиб кетишган"¸ деди Тошкентнинг бойлар маҳалласи деб танилган мавзесида яшовчи тадбиркор.

Айтилишича¸ Мирағлам Мирзаев¸ пенсияга кеткизилганидан кўп ўтмай¸ "инсульт бўлиб ëтиб олган". Аммо Озодлик гаплашган мулозимларга кўра¸ бундай ташхис расман тасдиқланмаган ва унинг қўлга олинишига тўсқинлик қилмаган.

Озодлик суҳбатлашган Тошкент ҳуқуқ тизими мулозимларидан бири Мирағлам Мирзаевнинг укаси Мираъзам Мирзаевнинг ўғли¸ МХХнинг Тошкент вилоят бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Мансур Мирзаев (лақаби Малыш )устидан ҳам жиноий иш очилганини билдирди. Мансур Мирзаевнинг отаси Мираъзам Мирзаев Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармасида узоқ йиллар раҳбар муовини сифатида фаолият кўрсатган.

Бу ишлар юзасидан Озодликка маълумот сиздирган ИИВ мулозимининг ўз тасарруфидаги ҳужжатларга асосланиб айтишича¸ Мирағлам Мирзаевнинг ўғли Абдурашид ва жияни Мансур Мирзаевлар республика ҳарбий прокуратураси сўровига кўра эҳтиëт чораси сифатида ҳибсга олинган.

Унинг айтишича¸ амакивачча Мирзаевлар "Жиноят Кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддаси (Пора олиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этишда гумон қилинмоқда.”

Тошкентдаги “Юнусобод адвокатлар коллегияси”нинг ўз исми айтилишини истамаган ходими 1 март куни Озодлик билан суҳбатда “Кардинал опани (Муҳаббат Ҳасанова назарда тутилмоқда - таҳр.) эркаклар байрами (23 февраль -таҳр.) куни қора ниқоблилар қўлига кишан солиб олиб кетишган”ини билдирди.

Муҳаббат Ҳасанова мана шу офисда ишлаган.
Муҳаббат Ҳасанова мана шу офисда ишлаган.

Ҳозирча Озодлик Мирзаевларни ушлашга оид расмий ҳужжат¸ ëки уларга қўйилаëтган айблов ва ҳибсда сақлаш ҳақидаги (ҳарбий) суд ажримини бевосита кўргани йўқ. (Бундай ҳужжат сизда бўлса¸ улар нусхасини Озодликка юборишингиз мумкин.)

Республика ҳарбий прокуратураси ва Бош прокуратуранинг Озодлик 1 март куни боғланган расмийлари "бу хабарни на инкор қиламиз ва на тасдиқлаймиз" деган айни мазмундаги жавоб билан чекланди.

Раддиями¸ тасдиқ?

Бу маълумотлар эълон қилинганининг эртаси - 2 март куни Озодлик хабарига муносабат билдирган Бош прокуратура матбуот хизмати "Раддия" номли баëнот эълон қилди.

"Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси собиқ бош прокурори Р.Қодировга нисбатан Бош прокуратура томонидан қўзғатилган жиноят иши бўйича Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари М.Мирзаев ва унинг оила аъзолари ушланганлиги тўғрисида хабар тарқатилган.

Бош прокуратура ушбу маълумот ҳақиқатга мувофиқ эмаслигини маълум қиладидейилади Бош прокуратура сайтида эълон қилинган баëнотда.

Озодлик тарқатган хабарларнинг айнан қайси қисми ҳақиқатга тўғри келмаслиги очиқланмаган "раддия" мазмунидан унда Мирзаевларнинг ушлангани факти эмас¸ балки уларнинг собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодиров иши доирасида ушлангани инкор этилаëтгани англашилади.

Мазкур баëнот ортидан Озодлик Мирағлам Мирзаев ва унинг оила аъзолари ушланган-ушланмаганига аниқлик киритишни сўраб¸ Бош прокуратура матбуот хизматига 2 март куни яна бир марта қўнғироқ қилди.

Хизмат вакили¸ сайтда қўйилган баëнотдан бошқа нарса айта олмаслигини таъкидлаш билан чекланди.

Айни куни эълон қилинган "Оммавий ахборот воситалари диққатига" деб номланган бошқа баëнотида Бош прокуратура матбуот хизмати бундай ишларга оид айрим маълумотларнинг "терговнинг сифатли, тўла ва холисона ўтказилишини таъминлаш, шунингдек жиноят изларининг йўқ қилиниши, жиноий йўл билан топилган ашёлар, воситаларнинг яширилиши, тергов органларининг ҳақиқатни аниқлаш борасидаги фаолиятига тўсқинлик қилиниши ёки тергов жараёнини қийинлаштирувчи бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ошкор қилинмас"лигини эътироф қилди.

22 февраль куни Озодлик Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодировнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатган ва 22-23 февраль кунлари Озодликнинг бу хабарига маҳаллий нашрлар орқали раддия берган Бош прокуратура матбуот хизмати¸ 24 февраль куни Қодировнинг ҳибсга олинганини тасдиқловчи расмий баëнот эълон қилган эди.

Қодиров иши доирасида айни 23 февраль куни Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари¸ 45 яшар адлия полковниги Улуғбек Суннатов¸ президент Каримовнинг давлат маслаҳатчиси¸ Тошкент вилоятининг собиқ прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Жамшид Файзиев каби бир неча собиқ мулозим ҳам қўлга олинган ва терговга тортилган.

2 март кунги алоҳида баëнот билан Бош прокуратура бу иккала собиқ амалдорнинг Қодиров иши доирасида ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Мирзаевларнинг "бақувват илдизи"

Узоқ йиллар расман Тошкент шаҳар прокурорининг 1-ўринбосари лавозимида ишлаганига қарамай¸ амалда бутун прокуратура тизимини бошқарувчи “ўзгармас ва қудратли” шахс сифатида ном чиқарган Мирағлам Мирзаев президент Шавкат Мирзиëев 2017 йилнинг 9 февраль кунги селектор йиғилишида ИИВ ва прокуратура тизимларини танқид қилганидан бир неча кун ўтиб ишдан олинган эди.

Мирзаевнинг хотини Муҳаббат Ҳасанова¸ Озодлик гаплашган мулозимларга кўра¸ Ўзбекистон МХХнинг собиқ раиси¸ генерал Рустам Иноятовнинг хотини Флора Иноятованинг яқин дўсти ва қариндошидир.

Кузатувчилар¸ Мирзаевлар сулоласининг узоқ йиллар давомида тадбиркорларни аëвсиз қақшатиб келгани уларнинг айнан Иноятовлар билан яқинлиги боис жазосиз қолганини айтишади.

Қўшниларга кўра¸ Мирағлам Мирзаевнинг ҳовлиси Рустам Иноятов билан битта маҳаллада жойлашган.

Мирағлам Мирзаев ва оиласи ëпиқ ҳаëт кечиргани боис¸ уларнинг бирор бир фотосуратини ҳозирча очиқ манбалардан топишнинг имкони бўлмади.

"Спрут" чангалига тушган доктор ҳикояси

Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқ тизими расмийлари “Мирзаевлар оиласининг тадбиркорларни қақшатган йиртқичлар тўдаси бўлгани ва бу тўданинг ҳибс қилинганидан қониқиш ҳис қилганини” билдирдилар.

Мирағлам Мирзаев прокуратура¸ МХХ¸ ИИВ ва адвокатура тизимида шакллантиргани иддао қилинаëтган “оилавий мафия” чангалига тушган тадбиркорлардан бири Тошкентда хусусий клиника очганидан сўнг танилган врач.

Мирзаев гуруҳи томонидан клиникаси йўқ қилинган бу тадбиркор¸ ўзини “яхшигина йўталтириш” жараëнида “оиланинг барча аъзоси" иштирок этганини айтади:

- Олдин угроза қилди¸ клиникани оламан деб. Кейин доктор ўғлимни Мирағламнинг жияни Мансур шантаж билан қўлга олди. Тошкент вилоятида тутиб олиб уриб¸ МХХ ходимига разбойний нападение қилди¸ деб расмийлаштирди. Кейин менга Муҳаббат Ҳасанова деган адвокатга борсангиз¸ ҳал қилиб беради¸ дейишди. Мирағлам проблема қилса¸ хотини "ечиб берар экан". Муҳаббат опа эса бориб Абдурашидни рози қилинг деди. (Мирағламнинг ўғли) Абдурашидга 10 минг доллар берсам¸ олиб тортмага беписанд отворди. "Нима¸ анави постда турган рядовойга берадиган пулни бераяпсан менга" деб ҳақорат қилди. Билсам¸ Муҳаббат опанинг эшигидан ҳатлаш 50 минг доллардан бошланар экан. Бор-йўғимни сотиб уларга берсам ҳам¸ пулимни ҳам олишди¸ ўғлимни ҳам қаматишди¸ дейди шахси очиқланишини истамаган тадбиркор.

Айни пайтда Озодлик Мирағлам Мирзаевлар оиласи тарафидан қақшатилган тадбиркорлар ҳақида маълумот йиғмоқда.

Сиз бу жараëнга бевосита алоқадор бўлсангиз¸ ўзингиз ëки яқинларингиз бевосита Мирзаев ва унинг гуруҳи таъқиб-тазйиқига учраган бўлса¸ марҳамат¸ тафсилотларни Озодлик билан ўртоқлашинг.

ТУЗАТИШ: Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 2 март кунги "Раддия"си ортидан Озодлик ушбу мақолага таҳрир киритиб¸ ундан "Мирағлам Мирзаев ва хотини Муҳаббат Ҳасанова 22 февраль куни ҳибсга олинган собиқ Бош прокурор Қодиров устидан олиб борилаëтган тергов амалиëтлари доирасида ушланган"¸ деган иқтибосни олиб ташлади.

XS
SM
MD
LG