Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:52

Тошкентлик адвокат прокуратурани Рашитжон Қодировни ҳимоя қилишга изн бермаётганликда айблади (ВИДЕО)


Адвокат Алишер Мадёров
Адвокат Алишер Мадёров

Тошкентлик адвокат Алишер Мадьяров Ўзбекистон Бош прокуратурасини унга мамлакат собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировни ҳимоя қилишга изн бермаётганликда айблади. Аммо, Алишер Мадьяров ҳимоясидан Рашитжон Қодировнинг ўзи воз кечганини таъкидлаган Бош прокуратура мулозими прокуратура мамлакат Жиноят-процессуал кодекси бузмаганини билдирди. 22 февралда ҳибсга олинган 66 яшар Рашитжон Қодиров коррупцияга оид қатор жиноятларда айбланмоқда.

Адвокат Алишер Мадьяров Озодлик билан видеосуҳбатда Бош прокуратура унга Рашитжон Қодиров билан учрашишга "турли баҳоналар билан" йўл қўймаётганини айтди.

Алишер Мадьяровнинг билдиришича, Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи У. Анваров унга ўз давлат ҳимоячисига эга Рашитжон Қодировнинг "бошқа адвокат хизматига эҳтиёжи йўқ," дея ёзма жавоб қайтарган.

Адвокат ўз сўзининг исботи сифатида Бош прокуратура мулозими берган расмий жавоб нусхасини Озодликка тақдим қилди.

Прокуратура расмий жавоби
Прокуратура расмий жавоби

Алишер Мадьяровнинг ишонишича, мазкур жавоб билан Бош прокуратура Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодекси талабларини бузган:

- Ўйлайманки, бу ерда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 52- моддасида кўрсатилган талаблар қўпол равишда бузилган. Чунки, айбланувчи ўз ҳимоячисидан воз кечишдан олдин ўша ҳимоячи билан учрашиши керак, холисона гаплашиши керак. Кейин унинг воз кечгани ҳақида баённома тузилиши керак. Баённома тузилмаган. Бундан ташқари, гўёки, хатида қарор чиқарилган мендан воз кечиши ҳақида, лекин қарор хатга илова қилинмаган. Бу - қонунбузарлик. Ҳимоя ҳуқуқининг қўпол равишда бузилганлиги яна Олий Суд 17-пленуми қароридан келиб чиқади. "Гумонланувчи, айбланувчи, судланувчини ҳимоялаш тўғрисида"ги қарорнинг 14-бандида кўрсатилганки, албатта тергов органи ҳимоячини таклиф қилиб, холисона айбланувчи билан учраштириб, кейин протоколлаштириши керак. Бу қоидага амал қилинмади. Шунинг учун қонубузарликка йўл қўйилди.

Адвокат Алишер Мадиëров билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:30 0:00

Адвокат собиқ бош прокурор иши билан ҳозирга қадар танишиш имконига эга бўлмаганини қўшимча қилди.

Аммо, Бош прокуратура расмийсининг Озодликка ёзма равишда билдиришича, адвокат Алишер Мадьяров даъво қилганидек, Жиноят- процессуал кодексининг 52-моддаси бузилмаган:

"Р. Қодиров процессуал тартибда (ЖПКнинг 52-моддасига кўра) давлат томонидан берилган адвокат иштирокида бошқа адвокат (А.Мадьяров) нинг хизматига эҳтиёжи йўқлигини билдирган. Бу ҳолатда қонуннинг бузилиши кузатилмайди. Лекин Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси агар фигурант рози бўлса, адвокат А.Мадьяровнинг хизматидан воз кечиш фактини унинг иштирокида тасдиқланиши масаласига тайёрлигини билдиради. Процессуал шакл, яъни 52-модда қоидалари бузилмаган".

Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров жорий йилнинг 22 февралида ҳибсга олинган эди.

2000 йилдан 2015 йилга қадар Ўзбекистон прокуратура тизимига раҳбарлик қилган 66 яшар Рашитжон Қодиров Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси ("Товламачилик"), 167-моддаси ("Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш", 184-моддаси ("солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш"), 210-моддаси ("Пора олиш") ва 236- моддаси (Тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш)да кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Бош прокуратура бу идоранинг собиқ бошлиғи иши доирасида яна 24 кишига айблов эълон қилинганини билдирган.

XS
SM
MD
LG