Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:45

Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров 10 йилга қамалди; Мирағлам Мирзаев ва хотини суд залидан озод этилди


67 яшар Рашитжон Қодиров Ўзбекистон Бош прокуратурасини Каримов даврида 15 йил бошқарган.
67 яшар Рашитжон Қодиров Ўзбекистон Бош прокуратурасини Каримов даврида 15 йил бошқарган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 26 июнь куни Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров ва яна 12 нафар шахс устидан ҳукм ўқилди.

Юнусобод туман суди биносида бўлиб ўтган маҳкама ҳукми билан 67 яшар Қодировга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди тарқатган хабарда судланганлардан олти нафарига берилган жазо айтилган¸ аммо қолган судланувчилар устидан қандай ҳукм чиқарилгани айтилмаган.

Олий суд расмий сайтида эълон қилинган хабарда:

Суднинг ҳукми билан, 2000-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори лавозимида фаолият кўрсатиб келган Р. Кадиров, шу даврларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларида ишлаган М. Мирзаев, Ж. Файзиев, У. Суннатов, Р. Пулатов, А. Мусашайхов, У. Хуррамов, Ю. Гаипов, А. Мирзаев, М. Мирзаева, фуқаролар С. Косимов, А. Икрамов ва Х. Ахмеджанов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб пора олиш (Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг “а” банди), пора беришга далолат қилиш (ЖК 28,211-моддаси 3-қисмининг “а” банди), фирибгарлик (ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “а” банди), солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (ЖК 184-моддасининг 3-қисми), тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш (ЖК 236-моддасининг 2-қисми), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (ЖКнинг 243-моддаси) каби, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди”¸ дейилади.

Қодиров иши доирасида ҳибсга олиниб¸ олти ой суд қилинган Ўзбекистон прокуратураси ва МХХнинг бошқа юқори лавозимли собиқ амалдорлари - Улуғбек Суннатов 19 йилга, Абдурашид Мирзаев 15 йилга, Улуғбек Хуррамов 14 йилга, Жамшид Файзиев 13 йилга, Азиз Мусашайхов 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Жами 13 шахс устидан ҳукм ўқилгани айтилган расмий хабарда¸ қолган судланувчилар¸ хусусан¸ Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари Мирағлам Мирзаев ва унинг хотини Муҳаббат Ҳасановага қандай жазо тайинлангани айтилмаган.

Озодликнинг суд жараëнига бевосита алоқадор манбаси¸ 68 яшар Мирағлам Мирзаев¸ унинг хотини Муҳаббат Ҳасанова ва Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси собиқ бошлиғи Рамазон Пўлатовнинг суд залидан озод этилганини билдирди.

Мирзаев ва Пўлатов тергов давомида инсультга чалиниб¸ Сангородда сақланаëтгани ва маҳкамага тиббий замбилда олиб келинаëтгани ҳақида Озодлик ўз пайтида хабар қилган эди.

Озодликка судга оид қўшимча тафсилотларни билдирган ҳуқуқ тизими мулозимига кўра¸ уларга беш йиллик шартли жазо тайинланган.

Айни пайтда суд Ўзбекистон Бош прокуратурасини 15 йил бошқарган Рашитжон Қодиров¸ шунингдек¸ судланувчилар Мираълам Мирзаев¸ Абдурашид Мирзаев¸ Жаҳонгир Файзиев¸ Улуғбек Суннатов¸ Рамазон Пўлатов¸ Улуғбек Хуррамов ва Гаиповлар Жиноят Кодексининг 52-моддасига мувофиқ “махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритишга қарор қилди”¸ дейилади расмий хабарда.

Олий суд ахборотида ëзилишича¸ “судланганлар айбли деб топилган жиноятлари оқибатида етказилган моддий зарарлар, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида топширилган пул ва хатланган мол-мулклар ҳисобидан қопланиши белгиланган”. Айни пайтда¸ жами 13 судланувчининг қанча моддий зарар етказгани ва уларнинг қанча маблағ ва мол-мулки хатлангани ҳақида маълумот берилмаган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари собиқ раҳбарлари суди¸ баëнотда берилган изоҳга кўра¸ Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси, шунингдек “Давлат сирлари тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқ, ёпиқ тарзда ўтказилган.

Қодиров иши доирасида судланган 13 шахс ким?

Озодлик ҳукуматдаги ўз ишончли манбаларига таяниб¸ 2018 йил 22 йил Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировнинг ҳибсга олингани ҳақида ўша куниëқ хабар берган эди.

24 февраль куни Бош прокуратура Матбуот хизмати Озодлик хабарини тасдиқлаган эди.

Озодлик шунингдек Қодиров ҳибсга олиниши ортидан 23 февраль куни Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари¸ 45 яшар адлия полковниги Улуғбек Суннатов¸ президент Каримовнинг давлат маслаҳатчиси¸ Тошкент вилоятининг собиқ прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Жамшид Файзиев¸ узоқ вақт Тошкентни титратиб келгани иддао қилинган шаҳар прокурори Мирағлам Мирзаев каби бир неча собиқ мулозим ҳам қўлга олинганини хабар қилган эди.

Мирзаев устидан очилган жиноий иш доирасида МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи¸ 42 яшар Абдурашид Мирзаев (Мирағлам Мирзаевнинг ўғли)¸ Тошкентдаги “Юнусобод адвокатлар коллегияси” раҳбари Муҳаббат Ҳасанова (Мирағлам Мирзаевнинг хотини) нинг ҳибсга олингани ҳақида ҳам Озодлик хабар қилган эди.

Озодлик манбалари Қодиров иши доирасида ҳибсга олинган ва иши судга оширилган собиқ амалдорлар рўйхатини тақдим этган эди.

Бу рўйхатда Қодировдан ташқари 2013 йилга қадар Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи¸ 2013 йилдан президентнинг кучишлатар тизимлари бўйича давлат маслаҳатчиси¸ 2018 йил январига қадар Тошкент вилоят прокурори бўлиб ишлаган Жамшид Файзиев; 2013 йилдан Бош прокурор ўринбосари бўлиб ишлаган Улуғбек Суннатов; Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси собиқ бошлиғи Рамазон Пўлатов¸ Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Улуғбек Хуррамов; Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари Мирағлам Мирзаев; Мирағлам Мирзаевнинг хотини¸ “Юнусобод адвокатлар коллегияси”си собиқ раҳбари Муҳаббат Ҳасанова; Мирзаевнинг ўғли¸ МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Абдурашид Мирзаев; Мирағлам Мирзаевнинг жияни¸ МХХ Тошкент вилоят бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Мансур Мирзаев ва Тошкент шаҳар прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими собиқ раҳбари Азиз Мусашайховлар номи бор. ​

Алоқадор

XS
SM
MD
LG