Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:45

OzodDayjest: “Лирика”севар бангилар энди бошқа психотроп моддаларга ружу қўймоқда


Ўсмирлар орасида психотроп моддалар истеъмолига ружу қўяётганлар яна кўпаймоқда. Электр тармоқлари ходимларининг ўлими эътирозли саволлар туғдирди. Ўзбекистонда блэкаут ортидан сиёсатчи айбдорларни жазолашни, иқтисодчи тизимни ислоҳ қилишни сўради Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Ўзбекистонда блэкаут: сиёсатчи айбдорларни жазолашни, иқтисодчи тизимни ислоҳ қилишни сўради

25 январь куни Қозоғистон ва Қирғизистон қатори Ўзбекистоннинг аксар ҳудудлари деярли ярим сутка давомида электр энергиясидан узилиб қолди. Марказий Осиё ягона электр тармоғида йирик авария уч мамлакатнинг 40 миллиондан зиёд аҳолисига таъсир кўрсатди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров мазкур ҳодисага муносабат билдириб, мамлакатда аввал кузатилмаган трансчегаравий техноген авария оқибатида юзага келган энергия таъминотидаги узилишни бартараф этишда давлат раҳбаридан бошлаб барча масъул вазирлик ва идоралар фидойилик кўрсатганини қайд этди (www.xabar.uz, 26 январь).

“Халқимиз ҳам вазиятдан манфаат излайдиган турли ғаламис провокацияларни совуққонлик билан рад этди. Бу мамлакат фавқулодда ҳолатлар бўйича стресс-тестдан ўтганини кўрсатади. Шу билан бирга, ваколатли Ҳукумат комиссияси бундай ҳолат такрорланмаслиги учун айбдорларни аниқлашига ва жиддий жазолашига ишонамиз”, деб ёзди А.Қодиров.

Висконсин университети бизнес мактаби докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов эса бундан салкам йигирма йил олдин АҚШ ва Канадада рўй берган йирик энергетик инқирозни ёдга олган. Ўшанда 50 миллиондан ортиқ аҳоли бир неча соат чироқсиз қолган эди.

Мазкур ҳодиса ортидан АҚШ конгресси энергетик сиёсатга доир қонун қабул қилди. Унда террорчилик ҳаракатлари, киберҳужумлар ёки инсон хатоликлари сабаб электр энергияси узилишининг олдини олиш чоралар акс этган.

Мутахассис мазкур тажрибага таяниб, Ўзбекистон ҳам келгусида бундай ҳолат такрорланмаслиги учун керакли чоралар кўриши лозимлигини тавсия этади.

“Инфратузилма борасидаги қонунчилик – қурилиш ва эксплуатацияга оид масалалар, мавжуд қонунчиликка амал қилиниши ва бажаришдаги муаммолар, электр энергия нархларини бозор сиёсатига ҳамоҳанг қилиш ва энг муҳими, Ўрта Осиё энергия тизимини, худди шунга ўхшаш тизим, Шимолий Америка тизими асоси бўлмиш NERC стандартларига қараб ислоҳот қилинади. Албатта, бу – узоқ ва узун жараён, лекин бугунги кун сабоқлари бу масалаларга жиддий эътибор беришимиз кераклигини эслатмоқда”, дейди иқтисодчи Б.Ҳошимов.

Психотроп моддаларга ружу қўяётганлар яна кўпаймоқда

Ўсмирлар орасида психотроп моддалар истеъмолига ружу қўяётганлар яна кўпаймоқда (“Ишонч” газетаси, 27 январь). Дорихоналарга танда қўяётган “мижоз”лар аксариятини 13-14 ёшдаги ўсмирлар ташкил этади.

Замонавий бангилар илгари “Лирика” дорисидан кўп фойдаланган бўлса, эндиликда кайфу сафо учун “Регапен” ва “Зардекс” психотроп моддаларига мурожаат этилмоқда.

“Бу воситалар бир ярим-икки соатда инсон организмига таъсир қилади. Аммо тез орада кучини йўқота бошлайди. Шу боис “дунёнинг ғам-ташвишларини узоқроқ унутиш” учун бурунга “Тропикамид” дориси пуркалади. Афсус, бугунги кунда кўпчилигимиз кўз ўнгимизда рўй бераётган бундай аянчли воқеаларнинг нафақат гувоҳи, балки томошабинига ҳам айланиб қолдик. Виждонини шайтонга сотиб, пул кетидан қувган баъзи дорихона эгалари ҳамда энергетик ичимликлар савдосидан мўмай даромад орттириб, ошиғи олчи бўлаётганлар наҳотки бу қилмишлари оқибатини ўйлаб кўрмасалар?” деб ёзади газета.

Мутахассисларнинг фикрича, психотроп моддалар инсоннинг психологик ва физиологик функциялари ва ички органларини издан чиқаради. Психотроп моддаларга ружу қўйиш бора-бора наркоманияга олиб келади. Қайд этилишича, бангилар орасида ўз жонига қасд қилувчилар ҳам кўп учрамоқда.

“Бангиларни дуч келган усулда ўзбошимчалик билан даволаш мумкин эмас. Уларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг бирдан-бир ишончли йўли узоқ вақт ва махсус усулларда амалга ошириладиган муолажалардан фойдаланишдир. Ҳозирга қадар наркоманияни тўлиқ даволайдиган дори воситаси кашф этилмаган. Мутахассисларнинг уқтиришича, ундан қутулишнинг бирдан-бир йўли метиндан-да қаттиқ иродага эга бўлиш ва наркология марказига мурожаат қилишдир”, деб ёзади газета.

Электр ходимларининг ўлими: хавфсизлик даражаси сустми ё тизим эскирганми?

Ўзбекистон бўйлаб деярли ҳар ойда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ходимлари – монтёрларнинг ўлими кузатилмоқда (“Рост24”, 26 январь). 2021 йилнинг 11 ойида 13 та ўлим, 6 та ногиронлик ҳолати қайд этилган. Ходимлар ўлими оқибатида 35 бола етим қолган.

Жорий йил 24 январь куни ҳам Қашқадарёда монтёр ҳалок бўлган. Январнинг илк кунларида Жиззах ва Хоразм электр ҳудудий тармоқлари ходимлари жиддий жароҳат олган.

“Электр монтёрлар кўп ҳолларда иш жараёнидаги эҳтиётсизлик туфайли ҳалок бўлади. Бундай эҳтиётсизликларнинг тизимли равишда рўй бериши эса кишини хавотирга солмасдан қўймайди. Ўлим бу оддий ҳодиса эмас. Ҳар қандай иш жараёнида инсон қадри, ходимларнинг хавфсизлиги биринчи ўринда бўлиши керак. Аммо афсуски, энергетика тизимида бундай эмас”, деб ёзади “Рост24” нашри.

Қайд этилишича, монтёрлар кичик бир хато сабаб ўлим билан юзлашиши мумкин.

“Ажабланарлиси, “Ҳудудий электр тармоқлари”да одатда ҳалок бўлган ходимнинг ўзи бахтсиз ҳодиса айбдорига айланади. Ҳарҳолда бизда мавжуд бўлган бир йиллик йигирмага яқин ҳужжатларда бахтсиз ҳодиса сабабчиси сифатида асосан ҳалок бўлган ходим эҳтиётсизлиги кўрсатилган”, деб ёзади нашр.
Ходимларга кўра, зарур асбоб, резина қўлқоп ва махсус кийимлар билан ўз вақтида ва бепул равишда таъминланиш етарли даражада эмас. Қолаверса, тармоқ ходимлари доимий равишда маоши камлигидан нолийди. “Бор-йўғи 3 миллион сўм учун симёғочга кўтариламиз”,
дейди “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ходими.

“Республика бўйича бу тармоқда ҳар ойда бир ўлим, жароҳат, куйиш ҳолатлари кузатилади. Бу ҳудудий электр тармоқларида хавфсизлик даражаси суст эканини англатадими ёки тизим эскирганми?” дея мутасаддиларни саволга тутади “Рост24” нашри.

XS
SM
MD
LG