Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:29

OzodDayjest: Амалдорлар хорижда дам олиши учун сарфлаётган пул миқдорини очиқлаш талаб қилинди


Ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиб олаётган “потенциал қотиллар” танқидга учради. Амалдорларнинг Ўзбекистонда эмас, хорижда дам олаётгани эътироз уйғотди. Наманганлик 15 яшар ўсмир сунъий интеллект дастурини яратди. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

“Права” ва пора. 60 фоиз ҳайдовчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда пул берганини тан олди


“Kun.uz” нашри ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш бўйича онлайн сўровнома ўтказди.

18 минг киши қатнашган сўровномада респондентларнинг 33 фоизи автомактабда дарсларга тўлиқ қатнаса-да, имтиҳонда пул бергани, 19 фоизи дарсларга чала қатнаб, ўқимасдан, имтиҳонни топшириш учун пора бергани, 7 фоизи умуман автомактабда ўқимасдан “права”ни совға сифатида олганини маълум қилган.

“Демак, 60 фоиз ҳолатда одамлар ҳайдовчилик гувоҳномасини тўғриликча қўлга киритмаган. Йўлларимизда маданиятсиз ҳайдовчилар, авариялар ва ўлимлар сони кўпаяётганининг энг асосий сабабларидан бири шу эмасми? Бу вазият ҳайдовчиларни ўқитиш ва улардан имтиҳон олишнинг мавжуд тизими тўғри ишлаётганини сўроқ остига келтириб қўймоқда”, деб ёзади нашр.

Қайд этилишича, ДЙҲХХ имтиҳонларни олиш, ҳайдовчи-курсантларни синаш ишларига панжа орасидан қарамоқда. Айни чоқда, тизим вакиллари ходимлар сони етишмаслигини маълум қилган.

Аввалроқ Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов автомактаблар “потенциал қотиллар” тайёрлаш билан банд эканини танқид қилган эди.

“Автомактаблар “соққа” қилиш билан овора. Ўқитиш тизими бутунлай ишдан чиққан. Амалий дарслар чала-чулпа ўтилади. Бензинга пул, дарсга қатнашмаслик пул, имтиҳон пул. Натижада ҳар ойда йўлга минглаб “потенциал қотиллар” чиқарилади”, деган эди К.Алламжонов.

Амалдорларнинг Ўзбекистонда эмас, хорижда дам олаётгани эътироз уйғотди

Ўзбекистондаги амалдорлар хорижга, дунёнинг энг сўлим масканларига дам олиш учун кетмоқда (“Рост24”, 3 январь).

Ҳукумат ва Президент администрацияси вакиллари, яъни бош вазир, унинг ўринбосарлари, вазирлар, ҳоким ва унинг барча ўринбосарлари, президент маслаҳатчилари 1 январдан 15 январга қадар навбатма-навбат меҳнат таътилига чиқиб, Анталия (Туркия), Таиланд, Мальдив ороллари, Сочи, Кисловодск, Ялта (Россия) каби хорижнинг машҳур сиҳатгоҳларида дам олиши кўзланган.

“Ички туризмни ривожлантириш ташаббуси тарғиб қилинаётган бир вақтда амалдорларимизнинг хорижда дам олаётганини тушуниш қийин. Савол туғилади: Ўзбекистон иқлими, табиатини авайлай олмаётган, аксинча, дарахтларнинг шиддатли кесилишини олдини олиш учун махсус қонун ва моддаларни ишлаб чиқолмаган амалдорларнинг ўзлари табиати гўзал давлатларда дам олишида адолат борми?” деб ёзади “Рост24” нашри.

Сайтга кўра, халқ солиқлари ҳисобига яшайдиган ҳукумат вакилларининг қанча маблағ эвазига дам олиши оммага очиқланиши лозим. Бу коррупцион ҳолатларга чек қўйишга ҳам ёрдам беради.

“Ўйлаймизки, ҳукумат тузилмаси матбуот котиблари ОАВ орқали ўз раҳбарларининг қайси давлатга, неча кунга дам олишга кетгани, қанча харажат давлат ҳисобидан кетаётгани борасидаги аслида халқ билиши керак бўлган маълумотларни очиқлайди”, деб ёзади нашр.

Наманганлик ўқувчи Tesla машинасининг ўзбекча муқобилини яратмоқчи


Наманганлик 15 яшар Абдулазиз Носиржонов овоз билан бошқариладиган ва 500 дан ортиқ буйруқни бажара оладиган сунъий интеллект дастурини яратди (www.daryo.uz, 3 январь).

Абдулазиз Уйчи туманидаги 16-мактабнинг 9-синфида ўқийди. Ўзининг айтишича, бешинчи синфгача компьютерга умуман қизиқмаган, ҳатто унда ёзишни ҳам билмаган. Кейин тоғасининг компьютерини титкилаб, технологияларга қизиқиши уйғонган. Сўнг ҳиндистонлик дастурчилар билан биргаликда овоз билан бошқариладиган сунъий интеллект дастурини яратган.

Айни пайтда у мазкур дастур ёрдамида автомобилни 40 метрдан бошқаришни уддалади. Кейинчалик автомобилни олис масофа, ҳатто хориждан туриб ҳам бошқарса бўлади. Бунинг учун алоқа яхши бўлса бас.

Абдулазиз Носиржонов яратган сунъий интеллект дастури “Ўзбекистон учун 100 ғоя” лойиҳаси учун танлаб олинган ва 10 миллион сўм миқдоридаги мукофот билан тақдирланган.

Ёш ихтирочи ҳозир қуёш батареялари ёрдамида қувват оладиган, масофадан бошқариладиган ва машина оқимига қараб ҳаракатни тартибга соладиган светофор устида ишламоқда.

“Қаҳрамонимиз Намангандаги оддий оиланинг фарзанди. Отаси ҳайдовчи, онаси уй бекаси, ўзи уч фарзанднинг каттаси. Келгусида режалари бисёр, энг асосийси эса Tesla машиналарининг ўзбекча муқобилини яратиш. У ҳамфикрлардан иборат жамоа тузиб, шу йили барчага бу автомобилини намойиш этиш ниятида”, деб ёзади “Daryo.uz” нашри.

XS
SM
MD
LG