Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:00

OzodDayjest: Россия элчиси Ўзбекистонда АЭС қурилишига тўсқинлик қилаётган давлатлар борлигини иддао қилди


Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов.

Тошкент вилоятида ер ажратишдаги қинғирликлар кўлами очиқланди. Чегирмали чипталар яна “анқонинг уруғи”га айланди. Якунига етаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

“Раҳбарлар имзоси сохталаштирилган”. Тошкент вилояти ҳокими ер ажратишдаги қинғирликлар ҳақида гапирди

Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев депутатлар ва халққа мурожаатида ер ажратиш масалалари, шунингдек, фермерлар тасарруфидаги майдонлар ноқонуний равишда сотиб юборилганига эътибор қаратди (“Ўзбекистон овози” газетаси, 29 декабрь).

З.Мирзаев ердан фойдаланишдаги бошбошдоқлик оқибатида вилоятда 2021 йилда 1409 та ҳолатда 263 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, ноқонуний қурилишларга йўл қўйилганини маълум қилди.

7214 та ҳолатда контурлар кесимида 8304 гектар майдон бўйича тафовут бор. Яъни фермер хўжаликлари тасарруфидаги ерлар билан ҳужжатлардаги рақамлар бир-бирига мос эмас.

“Хатлов шуни кўрсатдики, Тошкент вилоятида айрим майдонларда ер кўп, айрим ҳудудларда эса ер етишмайди. 3428 та фермер хўжалигида ер майдони 3058 гектарга кўп. 50 гектар ерим бор деб айтади. Бориб тепадан ўлчанганда 55 гектар, 60 гектар чиқяпти. 4523 та ҳолатда эса фермерларнинг ерлари 3914 гектарга кам чиққан. Бу ер сотилган. Бу бўйича энг кўп салбий ҳолат Пискент ва Бекобод туманларида аниқланган”, деди Тошкент вилояти раҳбари.

З.Мирзаев ҳужжатларни сохталаштириш ҳолати ҳақида ҳам баёнот берган.

“Тадбиркорлик субъекти аукционда ер майдонини ютиб олганидан кейин ерга оид ҳужжатлар сохта бўлиб чиқяпти. Очиқ айтаман, вилоят раҳбарларининг имзосигача сохталаштирилган. Мисол учун, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил қиламан деб олинган жойда уй қурган”, дейди у.

Ҳокимга кўра, ер ажратиш тўғрисида қарори бор, бироқ ҳали иш бошламаган тадбиркорлар энг аввал қўлидаги ҳужжатнинг ҳақиқийлигини текшириши мақсадга мувофиқдир.

Байрам арафаси чегирма эълон қилинган чипталар “анқонинг уруғи”га айланди

Қишки таътил ва байрам арафасида талабалар поезд ҳамда самолётга чипта топа олмай сарсон бўлмоқда. Имтиёзли чипталар “анқонинг уруғи”га айланиши ўтган йилларда ҳам кузатилган (“Оила ва табиат” газетаси, 30 декабрь).

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” вилоятлардан Тошкентга келиб таҳсил олаётган талабалар учун ички қатнов чипталарига 28 декабрдан 10 январгача 50 фоиз чегирма эълон қилган. Аммо вилоятлар – ўз уйига ошиққан талабаларга имтиёзли нархдаги чипталар тугагани айтилмоқда.

Транспорт вазирлиги матбуот хизмати вилоятлардан келиб таълим олувчиларнинг сони кўплиги сабаб чегирмали чипталар ҳаммага етмаслигини маълум қилган.

“Хўш, энди қолган талабалар нима қилсин? Йилда бир бор бўладиган байрамни оиласидан узоқда кутиб олаверсинми ёки шу вазиятдан фойдаланиб нархларни ҳар доимгидан бир баравар бўлса ҳам майли эди-я, уч бараваргача кўтариб олган киракашларга ялиниб-ёлвориб бўлса ҳам кетсинми?” деб ёзади муаллиф.

Газета мутасаддиларни поезд ва самолёт қатновларини кўпайтиришга ундаган.

АЭС қурилгач, Ўзбекистон Россияга қарам бўлиб қоладими? Рус элчиси муносабат билдирди

Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов атом электростанциясини (АЭС) қуриш лойиҳаси ҳозирда қайси босқичда эканини маълум қилди (www.daryo.uz, 28 декабрь).

“АЭС масаласи президентлар томонидан қўйилган. Ҳозирда мазкур жараён мутахассислар даражасида жуда интенсив кечмоқда. Бу ерда қатор техник масалалар юзага келди. Аввалига режа битта реактор учун эди, аммо олимлар маълум фикрлар билдирди. Ўзбекистонда доим ҳам сув етарли эмаслиги сабаб бошқа турдаги реактордан фойдаланиш таклиф этилди”, дейди элчи.

Дипломат Ўзбекистонда АЭС қурилишига қарши чиқаётган давлатлар борлиги ҳақида ҳам гапирган.

“Биз Ўзбекистонда АЭС қурилишидан хавотирга тушиб, бунга қарши чиқаётган қўшни мамлакатлар борлигини биламиз, аммо уларнинг ўзи учта станцияга буюртма берган. Агарда улар тезроқ қурилишни бошлаб ва уни якунласа, айнан улар минтақада электр энергия билан савдо қилишни бошлайди”, дейди Россия элчиси.

Шунингдек, у мазкур лойиҳа борасида шошилмаслик кераклигини ҳам қўшимча қилган.

“Энг муҳими – лойиҳа Ўзбекистонга маъқул келиши ва кенг жамоатчилик томонидан қабул қилиниши. Бу ерда ҳозирда бирлик йўқ. Менга тез-тез Ўзбекистон АЭС қуриб, Россияга қарам бўлиб қолиши, қарзи кўпайиши ҳақида гапиришади. Мен буларнинг барчаси реал асосга эга бўлмаган қўрқинчли ҳикоялар экани, чунки АЭС ҳар қандай қийматда ҳам ўз самарасини бериши, дарҳол эмас, лекин албатта шундай бўлишини айтаман”, дейди О.Мальгинов.

Режага кўра, атом электр станцияси қурилиши 2022 йилдан бошланади. Россия дизайни асосида қуриладиган АЭС қиймати тахминан 11 миллиард долларга баҳоланган.

XS
SM
MD
LG