Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:49

OzodDayjest: Навоийдаги ноқонуний олтин конларига доир яширин тафсилотлар очиқланди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Лукашенконинг баёноти Ўзбекистонни КХШТга киритиш йўлидаги таҳдид ўлароқ баҳоланди. Фаолиятидан бир неча минг фуқаро жабр кўрган молиявий пирамида ҳақида маълумот берилди. Навоийдаги ноқонуний олтин конларига доир яширин тафсилотлар очиқланди. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

“Бизга Троя оти керак эмас” – Лукашенко ўзбекистонлик блогерларнинг ғазабига нишон бўлди

КХШТ (ОДКБ) йиғилишида Беларусь раҳбари Александр Лукашенко Қозоғистонда нотинчликни келтириб чиқарган ташқи кучларнинг назари Ўзбекистонга ҳам қаратилгани, хориждан ҳужум бўлиши ҳақида ишонарли ахборотга эга экани ҳақида гапирди.

“Европанинг сўнгги диктатори” тилидан янграган бу иддао ўзбекистонлик блогерларнинг кескин танқидига сабаб бўлди (www.xabar.uz, 11 январь).

Хусусан, бу чиқиш Ўзбекистонни Россия шамсияси остидаги КХШТ таркибига киритиш йўлидаги таҳдид ўлароқ баҳоланди.

“Шу кунларда имперализмининг нафси бошқача ҳакалак отяпти. Бугун Лукашенко ва Калашниковларнинг айтган таҳдидомуз гаплари энди шимолдан “ҳужум” янги босқичга чиққанини, сурбетлашаётганини кўрсатмоқда. Ижтимоий тармоқларда эса советпараст троллар иштаҳа билан қўлни қўлга ишқалашяпти”, деб ёзди блогер Шаҳноза Соатова.

У, айни чоқда КХШТга “кишт” дейиш кераклигини таъкидлади.

“Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепцияси ҳамда ҳарбий доктринасига кўра, биз ҳеч қандай ҳарбий блокларга қўшилмаймиз, уларда иштирок этмаймиз ва Ўзбекистонда ҳам бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари бўлишига йўл қўйилмайди. Бу қонунларимиз билан мустаҳкамланган... Бизга КХШТга ўхшаган “Троя оти”нинг кераги йўқ!” дея муносабат билдирди блогер Хушнуд Худойбердиев.

Тадбиркор ва блогер Фируз Аллаев Қозоғистон воқеаларидан сўнг Россия ОАВлари ва Лукашенкога ўхшаган советпарастлар чиқишлари хавотирга солаётганини қайд этди.

“Ўйлайманки, ҳозир ҳукуматга ҳам ҳар доимгидан қийин. Энди, йилдан-йилга Россияда умумий сиёсий йўналиш ўзгармагунча босим ошиб борадиган кўринади. ЕОИИ ва ОДКБга бизни қўшиш учун ҳамма карталар ишга солинади. Бу мақсадда Россия пропагандаси ҳам кучли ишлайди. Шу учун ҳам ҳаммани ҳис-ҳаяжонга берилмасликка, совуққонликка чақираман” деб ёзди у.

Президент Шавкат Мирзиёев эса 13 январь кунги мажлисда Лукашенконинг баёнотини асоссиз деб баҳолади.

Фаолиятидан бир неча минг фуқаро жабр кўрган молиявий пирамида ҳақида маълумот берилди

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти йиллик 262 фоизли депозитларни таклиф қилган Golden Cash Store молиявий пирамидаси бўйича жиноят иши тафсилотларини ошкор қилди (www.gazeta.uz, 12 январь).

Компаниядан бир неча минг фуқаро жабр кўрди, улар 100 дан 10 минг долларгача қийматдаги олтин ва кумуш буюмларни топширган. Текширувлар давомида корхонанинг банк ҳисобварағидан 1,1 млрд сўм, таъсисчилардан бирининг пластик картасидан эса 2,4 млрд сўм пул топилди.

ИИВ Тергов департаментининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси Маъмуржон Раҳматуллаевга кўра, Golden Cash Store компанияси 2020 йил 15 январда Тошкентда Украина ва Тожикистон фуқаролари томонидан ташкил этилган. Ҳужжатда ширкат улгуржи савдо билан шуғулланиши кўрсатилган бўлса-да, Ўзбекистон фуқароларига олтин ва кумуш буюмларини сотиб, пулни корхонага ишлаб чиқариш учун сармоя киритиш таклиф қилинган. Таъсисчилар ижтимоий тармоқлар ва ОАВда ўз фаолиятини жадал тарзда реклама қилган.

Компания ҳисса қўшишнинг ҳафталик (2-3 фоиз), ойлик (40 фоиз) ва йиллик (262 фоиз) даромад келтирадиган вариантларни таклиф қилган. Бундан ташқари, мижозларга қимматбаҳо совғалар, жумладан, автомобиль ваъда қилинган, бироқ якунда фуқаролар ҳеч нарса олмаган.

Жабрланганларнинг аксари Тошкент, Фарғона, Андижон, Наманган, Қашқадарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон аҳолисидир. Бундан ташқари, фирибгарлар қўшни МДҲ давлатларида ҳам фаолият юритган. Молиявий пирамидадан азият чеккан андижонлик фуқаро уйини сотиб 10 минг 700 доллар сармоя киритганини айтган.

Golden Cash Store таъсисчиларига нисбатан 2021 йил 17 ноябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ томонидан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчилар ҳозир ҳибсда. Маълум қилинишича, компанияга тегишли маблағ музлатиб қўйилган.

“Олтин васвасаси” – ажал соя солиб турганига қарамай, одамлар ноқонуний фаолиятда давом этмоқда

“UzNews” нашри мухбири Константин Башлаев бир неча кунини Навоий вилоятининг ноқонуний олтин конларида ўтказди. Унинг кўрган-кечирганларини эса “Daryo.uz” ўзбек тилида чоп этди.

Навоий вилоятида сайёрадаги энг йирик Мурунтов олтин кони мавжуд. 2020 йили бу ерда тахминан 56,7 тонна олтин қазиб олинган. Навоий кон-металлургия комбинати бир вақтнинг ўзида яна бошқа ўнлаб олтин конларидан қимматбаҳо металл қазиб олади. Монопол завод учун ишлаш ноқулай бўлган конларга эса ноқонуний олтин изловчилар – маҳаллий қишлоқлардан чиққан ишсизлар суқилиб киради.

“Тиллатоғ” конида ҳам ноқонуний олтин қазувчилар бор. Чуқурликда одатда бир неча одам ишлайди. Таркибида олтин бўлган рудалар қопларда ташқарига олиб чиқилади. Сўнг рудани машинани юклаб, ювиш ускуналари яширинча сақланадиган қишлоққа олиб боришади.

Бу каби шахталарда ишлаш катта хавф туғдиради. У исталган пайтда ўпирилиб кетиши мумкин. Тошларни электр перфоратор билан ўядиган олтин изловчилар ҳам бор. Улар бензин билан ишлайдиган генераторни ер остига олиб тушиб, ерости газлари туфайли тириклайин ёниб кетади.

“Олтин изловчилар шу каби хавф-хатарлардан хабардор эканига қарамай, ер остига тушишда давом этаверади. Чунки улар умр кечирмаяпти, балки жон сақлаяпти. Аксари бойиб кетишни эмас, оила боқишни мақсад қилган”, деб ёзади журналист.

2012-2013 йиллари бу ерда “олтин васвасаси” авжига чиққан. Юзлаб одам “Тиллатоғ” конига ёпирилиб келган. Шахталарда одамлар ҳалок бўла бошлагач, махсус хизматлар ишга киришган ва олтин изловчиларни у ердан ҳайдаган.

“Олтин изловчиларнинг кўпи шахталарда болалигидан бери ишлайди. Улар бундан бошқачароқ ҳаётни кўрмаган. Кўпи бугун оиласи бағрига қайта олмай қолиши мумкинлигини ҳам яхши билади. Уларнинг аксарияти 50 ёшга етмайди. Кимдир шахта остида қолиб кетади, кимнидир перфораторнинг очиқ симидан чиққан ток уриб ўлдиради, кимдир арқондан қулаб тушади. Яна кимдир олтин конини топиб, бойиб кетади”, деб ёзади нашр.

XS
SM
MD
LG