Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:31

Ўзбекистон хабарлари

Бир миллиард сўм қалбаки пул сотмоқчи бўлганлар ушланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда қарийб бир миллиард сўмлик қалбаки пулларнинг муомалага киритилишининг олди олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар қилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона вилоятида яшовчи уч нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, қалбаки 998 миллион 740 минг сўм пулни Жиззах вилоятида 27 минг 200 АҚШ долларига сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширувда мазкур шахслардан олинган 200, 100 ва 20 минг сўмлик қалбаки банкнотлар пуркагичли принтер ёрдамида чоп этилгани аниқланган.

1980, 1983 ва 1989 йилларда туғилган гумонланувчиларнинг икки нафари муқаддам судлангани айтилмоқда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва уч фуқаро қамоққа олинган.

Озодлик ўтган йили ҳам Жиззах, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида 462 миллион 400 минг сўмлик қалбаки пулларни тайёрлаб, муомалага киритганликда гумонланган олти киши қўлга олингани ҳақида хабар қилган эди.

Талабалар учун чипталарга чегирма эълон қилинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Uzbekistan Airways авиаширкати талабалар учун барча маҳаллий авиақатновларнинг эконом тоифаси авиачипталари тарифига 50 фоизгача чегирма эълон қилди.

Авиаширкат матбуот хизмати қайдича, чегирма 2024 йил 23 декабридан 2025 йил 7 январига қадар амалга ошириладиган авиақатновлар учун амал қилади. Бу имкониятдан ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим бўйича давлат муассасалари талабалари фойдаланиши мумкин.

50% гача чегирмали авиачиптани Тошкентдаги Uzbekistan Airways Sales филиалида, унинг агентларидан Ўзбекистон ҳудудида ва booking.uzairways.com сайтида харид қилишингиз мумкин. Йўловчи ташиш тарифларига қўшимча равишда турли солиқлар, йиғимлар ва тўловлар ҳам ўрнатилади. Уларга 50% гача тақдим этиладиган чегирма амал қилмайди”, дейилган ширкат хабарномасида.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг тегишли буйруғи билан олий таълим ташкилотлари талабалари, техникум, коллеж, касб-ҳунар мактаби ва академик лицейлар ўқувчиларига 2024 йил 25 декабридан 2025 йил 7 январига қадар қишки таътил эълон қилинган.

Uzdiplomat.uz сайти чегирма эълон қилинганидан кейин Uzbekistan Airways компанияси сайтида узилишлар юзага келгани, энг харидоргир йўналишларда чипта қолмаганига эътибор қаратган. “Доимгидек чегирма бор, лекин арзон чипта йўқ”, деб ёзган нашр.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳам 23 декабрдан 10 январга қадар барча маҳаллий йўналишдаги йўловчи поездлар (SV/VIP тоифа вагонлар ва юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездларидан ташқари) чипталари учун талабаларга 50 фоизлик чегирма таклиф қилган.

Ўзбекистонда газ тўлдириш шохобчалари фаолияти чекланмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда истеъмол юқори бўлган ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (газ заправкалар) фаолиятига қисқа муддатли чеклов киритилади.

Энергетика вазирлиги чеклов жорий этилишини “ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган талаби кескин ортгани” ва “аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш устувор вазифа” экани билан асослаган.

Ижтимоий тармоқларда вазирлик баёноти ёйинлангунга қадар ҳам айрим ҳудудларда газ тўлдириш шохобчалари фаолияти тўхтатилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Вазирликнинг тан олишича, республика газ транспорт тизими объектлари максимал қувватларда ишлашига, ерости сақлаш омборларидан режалаштирилган максимал кунлик газ олинишига ва тармоққа узатилишига қарамай, қувурларда газ босимининг пасайиши кузатилмоқда.

Чекловлар маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ишлаб чиқилган режа-графикларга мувофиқ жорий этилиши, бу бўйича вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари расмий ахборот манбаларида маълумот бериб борилиши маълум қилинган.

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасайган кунларда газ тўлдириш шохобчалари фаолияти чекланиши анъанага айланган. Аммо жорий йил ноябрь ойида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳарорат -10, -20 даражагача пасайган тақдирда ҳам аҳоли ва иқтисодиётни энергия билан таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси ҳозирланганини маълум қилган эди.

Аввалроқ эса вазир “Газли” ва “Хўжаобод” ерости газ омборларида бу йилги қиш мавсуми учун ўтган йилга нисбатан 1,1 миллиард куб метр кўпроқ – 5,1 миллиард куб метрдан ортиқ газ захираси жамланганини айтганди.

Узлуксиз таъминот ҳақидаги ваъдаларга қарамай, ҳали ҳаво ҳарорати манфий даражага тушмаган кунлардаёқ пойтахтдаги ишлаб чиқариш корхоналарини газдан узиш бошланган.

Янги Тошкентда Санкт-Петербург мавзеси қурилади

Янги Тошкент лойиҳаси
Янги Тошкент лойиҳаси

Тошкент вилояти ҳудудида қурилаётган Янги Тошкент туманида Санкт-Петербург мавзеси ҳам барпо этилади, дея маълум қилди Россиянинг Ўзбекистондаги савдо-тижорат ваколатхонаси.

Ўзбекистон ва Россия ваколатли идоралари имзолаган меморандумга мувофиқ, янги кварталнинг архитектура лойиҳасини санкт-петербурглик мутахассислар ишлаб чиқади.

Qalampir.uz нашри жорий йил 26-27 май кунлари бўлиб ўтган Россия ва Ўзбекистон расмийлари учрашувида президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент кўчаларидан бирини Санкт-Петербург шарафига номлашни таклиф этганини эслатган.

Янги Тошкент пойтахтнинг жануби-шарқида, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларига тегишли ҳудудда қурилмоқда. Туманнинг биринчи яшаш ва инфратузилма объектларини қуриш ишлари жорий йил апрель ойида бошланган. Асосий объектлар қурилишини 2045 йилда якунлаш режалаштирилган.

Озодлик аввалроқ пойтахтдаги ижроия ҳокимияти органлари 20 минг гектарни эгаллайдиган Янги Тошкент тумани ҳудудига кўчирилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар қилганди.

Таиландда ўзбекистонлик аёл юқори қаватдан қулаб тушди

Паттайя Таиланднинг туристик шаҳарларидан бири бўлиб ҳисобланади
Паттайя Таиланднинг туристик шаҳарларидан бири бўлиб ҳисобланади

Ўзбекистонлик аёл Таиланднинг Паттайя шаҳридаги меҳмонхона олтинчи қаватидан тушиб кетди.

“The Pattaya News” нашрининг маҳаллий полиция маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, қутқарув хизмати 7 декабрь куни соат 12:30 да Паттайя жанубидаги меҳмонхона балконидан чет эллик аёл тушиб кетгани ҳақида хабар олган.

Воқеа жойига етиб борган қутқарувчилар биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, аёлни зудлик билан маҳаллий шифохонага ётқизганлар.

25 ёшли ўзбекистонлик аёл ҳодиса оқибатида оғир жароҳатлангани айтилмоқда.

Паттайя полицияси жабрланувчи меҳмонхонанинг 6-қаватида икки дўсти билан турганини аниқлаган. Миршаблар аёлнинг ҳамхоналарини сўроқ қилмоқчи бўлган, бироқ иккаласи ҳам маст ҳолатда бўлгани сабаб вазиятга аниқлик киритишнинг имкони бўлмаган.

Ҳодиса юзасидан суриштирув давом этаётгани билдирилган.

Маълумот ўрнида: фожиа рўй берган Паттайя шаҳри Таиланднинг жануби-шарқида жойлашган бўлиб, у сайёҳлар серқатнов курорт манзиллар сирасига киради.

Озодлик аввалроқ Тошкент шаҳридаги “Чорсу” меҳмонхонаси харобасининг юқори қаватига чиққан ўсмир у ердан тушиб кетиб нобуд бўлгани ҳақида хабар қилган эди.

Фарғонада қорамоллар касалликдан нобуд бўляпти

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Фарғона вилоятининг Бувайда, Риштон, Фарғона туманлари ва Марғилон шаҳрида қорамоллар тери тошмаси касаллигидан қирилиб кетяпти.

Ҳолат юзасидан суриштирув ўтказган Kun.uz нашри касаллик айниқса Риштон туманида кенг ёйилгани, айрим хонадонларда икки-учтадан мол нобуд бўлганини аниқлаган.

Молларнинг оёғи шишиб чўлоқлана бошлади, кейин докторга даволатдик, иложи бўлмади. Дори-дармонга ҳам икки-уч миллион пул сарфладик. Бу касалликдан даво топган мол ҳақида аниқ эшитмадим. Кўп моллар ўлиб кетяпти”, деган икки қорамолидан айрилган фарғоналик Алишер Абдумуталов.

Қайд этилишича, касаллик тарқалган ҳудудлар аҳолиси мол гўшти сотиб олишдан ҳам қўрқмоқда.

Риштон тумани ветеринария бўлими ходими Аъзамжон Янгибоевга кўра, чорва молларида кузатилаётган бу хасталик нодуляр дерматит деб аталади. Вирус Хитойдан кириб келган деб тахмин қилинмоқда.

Ушбу тери-таносил касаллигининг инсонга юқиши исботланмаганини қайд этган мутахассис аҳолини фақат ветеринария назоратидан ўтказилган гўштни истеъмол қилишга ундаган.

Ветеринария масъули нодуляр дерматит касаллигининг олдини олиш мақсадида хонадонлардаги қорамол ва қўйларни эмлаш ишлари олиб борилаётганини айтган.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган фарғоналиклар давлат идораларидан ушбу чорва касаллигига қарши курашни кучайтиришни сўраган.

Келгуси йил иссиқ сув тарифи икки марта оширилади

Ўзбекистонда иситиш ва иссиқ сув таъминоти тарифлари 2025 йил давомида икки марта оширилиши мумкин. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Иссиқлик таъминоти тизимларидан фойдаланиш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Илҳом Тўраев маълум қилган.

“Жорий йилда ҳудудларда нархлар бир марта ошган бўлса, келгуси йилда икки марта ошади. Гап [зарарларни] қоплаш учун давлат субсидияларига бориб тақалади. Иссиқлик таъминотида давлат субсидияларининг улуши жуда катта. Шу муносабат билан биз тизимни янгилаш ва яхши шароит яратиш учун нархларни қайта кўриб чиқишимиз керак ва бунинг учун маблағ керак”, дея иқтибос келтирган Илҳом Тўраев сўзларидан Gazeta.uz нашри.

Мулозимга кўра, келгуси йилда электр энергияси ва табиий газ қимматлаши сабаб иситиш ва иссиқ сув тарифлари 15 фоиздан икки марта ошиши прогноз қилинмоқда.

Озодлик Ўзбекистон пойтахтида 31 октябрдан эътиборан аҳоли ва юридик шахслар учун иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув хизматлари тарифлари 15 фоизга оширилгани ҳақида хабар қилган эди.

Пойтахтда марказлашган иссиқлик таъминоти хизмати кўрсатувчи “Veolia Energy Tashkent” МЧЖга кўра, шаҳар аҳолиси асосий тарифнинг 14 фоизини тўлайди, қолган қисми эса шаҳар бюджетидан субсидия сифатида қопланади.

2025-2027 йиллар учун Бюджетнома лойиҳасида аҳолига пасайтирилган нархларда иссиқлик етказиб беришдаги зарарни қоплаш учун ғазнадан 4,2 триллион сўм субсидия ажратилиши белгиланган. Шу мақсадда 2023 йилда 1,6 триллион сўм сарфланган бўлса, жорий йилда мазкур кўрсаткич 1,97 триллион сўмга етган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти нархи 2024 йилнинг 2 апрелида ҳам 15 фоизга оширилганди.

Умра зиёратини ноқонуний ташкил этаётган фирмалар жазоланмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда Умра тадбирларини ноқонуний ташкил этаётган туроператорлар жавобгарликка тортилмоқда. Бу ҳақда Daryo.uz нашри Дин ишлари бўйича қўмитадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Ўзбекистон ва Тожикистоннинг юзга яқин фуқароси қўмитага Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги меҳмонхонадан чиқариб юборилгани ҳамда қайтиш авиачипталарисиз қолиб кетгани ҳақида мурожаат қилган.

Маълум бўлишича, зиёратчилар тегишли лицензиясиз, ноқонуний фаолият олиб бораётган Yusro Tour, Мuslim Travel, Меtа Travel ҳамда Elchi Travel туроператорлари орқали муқаддас зиёратга борган. Ҳолат ўрганилганда, турфирмалар томонидан меҳмонхона пуллари тўланмагани аниқланган.

Саудия Арабистонида қолиб кетган фуқаролар қайтарилган ва Умра тадбирларини ноқонуний ташкил этган фирмаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дин ишлари бўйича қўмита жорий йил 21 ноябрь куни Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини амалга оширишга ҳақли бўлган 12 та сайёҳлик фирмаси номини эълон қилганди.

Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 12 октябрь куни “Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 668-сонли қарор қабул қилиши ортидан Умра лицензияси талаблари кучайтирилган.

Расмийлар лицензия талаблари кучайтирилишини турфирмалар айби билан бир неча минг ватандош Саудия Арабистонида сарсон бўлгани билан изоҳлаган.

Жамоатчилик эса лицензия шартлари янада қийинлашиши ортидан Умра монополияси қайтиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Ўзбекистон Ғарб давлатларидан виза олишни осонлаштирмоқчи

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига Буюк Британия, Германия, Канада, Словакия, Австралия, Янги Зеландия каби мамлакатларда ўқиш, малака ошириш ҳамда замонавий корхоналарда ишлаш истагида бўлган фуқароларга енгиллик бўлиши учун виза тартибини соддалаштириш бўйича зарур чоралар кўришни топширди.

Президент матбуот хизмати маълумотига мувофиқ, 7 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда аҳолини талаб юқори касбларга ўқитиш ва даромадли иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинган.

Бундан ташқари, келгуси йилдан ривожланган давлатларда ҳам ишлаш, ҳам ўқиш имконини берувчи “Work and Travel” каби дастурларда қатнашаётган ўзбекистонлик ёшларга йўлкира харажатлари учун ссуда ажратишни йўлга қўйиш вазифаси белгиланган.

Шу билан бирга, чет элда меҳнат қилаётган ватандошлар билан мулоқотни кучайтириш, уларнинг кўпроқ ойлик олишига шароит яратиш ҳамда ижтимоий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш лозимлиги қайд этилган.

Озодлик декабрь ойи бошида Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари ўзаро визадан озод қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битимни имзолагани ҳақида хабар қилганди.

Битимга мувофиқ, Ўзбекистон ва Хитой фуқаролари икки давлат ҳудудларига кириш, ундан чиқиш ёки транзит қилиш учун 30 кунгача муддатга виза талабларидан озод қилинади.

Германия ҳам ўзбекистонликлар учун ишчи визасини бериш тартибини енгиллаштириш истагини билдирган.

Айни пайтда экспертлар Буюк Британия каби марказий осиёликлар орасида меҳнат миграцияси учун машҳур манзилларда виза, иш ва даромад борасида алдов ва фириб қурбони бўлиш хатари кучли эканини ҳам эътибордан соқит қилмаслик керак, деб ҳисоблайди.

“Саидазиз медгородок”нинг жазо муддати узайтирилди

“Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган Саидазиз Саидалиев суд залида (архив сурати)
“Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган Саидазиз Саидалиев суд залида (архив сурати)

Ўзбекистонда жиноий уюшма ташкил этиш дохил оғир жиноятларда айбдор деб топилган Саидазиз Саидалиевга нисбатан яна бир жиноят бўйича ҳукм ўқилгани маълум бўлди.

Kun.uz нашри хабарига кўра, жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судининг жорий йил 29 октябридаги ҳукмига мувофиқ жамоатчиликка “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган фуқаро Саидазиз Саидалиев Жиноят кодексининг 165-моддасида (товламачилик) кўзда тутилган жиноятнинг яна бир эпизодида айбдор деб топилган.

Суд ҳужжатида баён қилинишича, Саидазиз Саидалиев Илҳом Сотволдиев ва терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган бошқа шахслар билан жиноий тил бириктириб, 2023 йил январь ойида Яшнобод туманидаги уйлардан бирига бориб, тадбиркор Бахтиёр Колоновга собиқ шеригидан гўё 700 минг доллар қарздор эканини айтишган.

Тадбиркор уларга қаршилик кўрсатганида “Саидазим медгородок” ва шериги пичоқ ҳамда тўппончадан фойдаланган ҳолда, пулни қайтармаса, оиласига жиддий зарар етказиб, ўзини отиб ташлашни айтиб таҳдид қилишган.

Суд мажлисида Саидалиев ва Сотволдиев айбига иқрор бўлмаган.

Ҳукмга кўра, Саидалиев жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2024 йил 5 августидаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталган қисмини қисман қўшган ҳолда узил-кесил 20 йил 6 ой, Сотволдиев эса узил-кесил 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Озодлик аввалроқ “Саидазиз медгородок”ка 20 йиллик қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида хабар қилган.

“Кўча”га алоқадор деб кўрилган Саидалиев ЖКнинг 165 (товламачилик), 168 (фирибгарлик), 242 (жиноий уюшма ташкил этиш), 243 (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 211−28 (пора беришга шериклик қилиш), 277 (безорилик) каби моддаларида айбдор деб топилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судининг апелляция инстанцияси жорий йил 27 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида унга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирганди.

Конституция куни муносабати билан 483 маҳкум афв этилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда анъанага мувофиқ 8 декабрь – Конституция куни муносабати билан маҳкумларнинг бир гуруҳи афв этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонга мувофиқ, афв ҳуқуқидан 483 нафар шахс фойдаланмоқда.

Ушбу рўйхатга киритилган шахсларнинг 107 нафари жазодан тўлиқ озод бўлади, 275 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 7 нафарига тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилади, 94 нафар шахсга эса тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддати қисқартирилади.

Афв этилганларнинг 25 нафарини чет эл фуқаролари, 32 нафарини аёл, 5 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 274 нафарини ёшлар (жумладан, 104 нафар вояга етмаганлар) ҳамда 6 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Қайд этилишича, фармон ижроси доирасида афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилган.

“Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларнинг намоён бўлганлигининг амалий ифодасидир”, дейилган фармон шарҳида.

Ўзбекистонда кенг кўламли афвнинг сўнггиси жорий йил 30 август куни Мустақилликнинг 33 йиллиги арафасида эълон қилинган эди. Унга мувофиқ, 522 нафар шахс афв этилган.

Ўтган йили Конституция куни арафасида эълон қилинган афвдан эса 334 маҳкум фойдаланганди.

Россияда фарзандини қийноққа солган ўзбекистонлик аёл қамалди

Россияда фарзандини муттасил равишда қийнаб келганликда айбланган ўзбекистонлик аёл 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Новосибирск шаҳри тергов бошқармаси ёйинлаган хабарномада судланувчи 2021 йилнинг июнь-август ойлари мобайнида 1,5 яшар қизига мунтазам равишда жисмоний ва руҳий азоб бергани қайд этилган.

Ўша йилнинг август ойида қизча вафот этган. Аёл эса тиббий муассасаларга мурожаат қилмай, уни ўзбошимчалик билан дафн қилган.

Аёл РФ Жиноят кодекси 117-моддаси (қийнаш) 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилган.

Ўзбекистон Республикаси Болалар омбудсмани мазкур жиноят иши юзасидан берган қўшимча маълумотга кўра, судланувчи Андижон вилояти Жалақудуқ туманида доимий рўйхатда турган А.Г. 2016 йилдан эътиборан РФнинг Новосибирск шаҳрида турмуш ўртоғи Б.И. билан яшаб келган.

2024 йил бошларида ижтимоий тармоқларда А.Г. 2019 йилда туғилган қизи Р.Х.ни шафқатсизларча ураётгани, кейинроқ эса гўдакнинг жасадини ерга кўмаётгани тасвирланган видео тарқалганди.

Маълум бўлишича, Россия тергов идоралари томонидан аёлга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Болалар омбудсмани сўрови асосида қўзғатилган.

Аввалроқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Россияда ота-она қарамоғисиз мушкул вазиятга тушиб қолган ўнлаб ўзбекистонлик бола ватанига қайтарилганини маълум қилганди.

Туркман–ўзбек чегарасида божхона пости фойдаланишга топширилди

Ўзбек-туркман чегарасидаги НЎПлардан бири (иллюстратив сурат)
Ўзбек-туркман чегарасидаги НЎПлардан бири (иллюстратив сурат)

Туркманистон 4 декабрь куни Ўзбекистон билан чегарадаги “Фароб автойўллари” божхона постини қайта реконструкция қилиб фойдаланишга топширди.

Kun.uz нашрининг Туркманистон давлат божхона хизмати маълумотига таянган ҳолда ёзишича, Бухоро вилоятидаги “Олот” чегара-божхона постига туташ мазкур пост 10 гектаргача (олдин 5,2 гектар эди) кенгайган бўлиб, эндиликда бир вақтнинг ўзида 16 та юк автотранспорт воситасини божхона кўригидан ўтказиш мумкин.

Натижада кунига 1000 тагача юк автотранспорт воситаси ҳаракатланишига имконият яратилиши айтилмоқда.

Расмий Ашхобод “Фароб автойўллари” божхона пости реконструкциясини ушбу ҳудуд орқали транзит юк ташиш ҳажми ошгани билан изоҳлаган.

Туркманистон ва Ўзбекистон расмийлари ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мунтазам музокаралар олиб бормоқда. Туркманистоннинг ҳукуматга яқин нашрлари икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ошгани ҳақида хабар бермоқда.

Шунга қарамай, икки давлат фуқаролари узоқ йиллардан бери саёҳат қилишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Озодлик аввалроқ Тошовуз вилоятидаги “Тошовуз-Шовот” чегара пунктида туркманистонлик фуқароларни Ашхобод томонидан Ўзбекистонга ўтказмаслик ҳолатлари сезиларли даражада кўпайгани муаммосини кўтарганди.

Омбудсман орган ходимлари босими бўйича ўнлаб мурожаатни ўрганди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 10 ойи мобайнида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсман) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган фуқароларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани юзасидан 158 та шикоят келиб тушган.

Омбудсманнинг матбуот хизмати қайдича, бу шикоятларнинг 14 таси юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ўтказилиши белгиланган.

Прокуратура олиб борган терговга қадар текширувларда 52 та мурожаатдаги даъволар тасдиқланмаган.

62 та шикоят юзасидан эса терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.

Шикоятларни кўриб чиқиш натижасида 10 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чораси қўлланган. 3 та ҳолатда ходимларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Омбудсман ҳисоботида маҳбус ва маҳкумларга руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганига доир тафсилотлар очиқланмаган.

Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм ва мажбурий даволаш муассасалари ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар деб аталади.

Озодлик аввалроқ халқ орасида “Тоштурма” номи билан танилган ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Марказий тергов ҳибсхонаси камераларида белгиланган меъёрдан ортиқ маҳбус сақланаётгани, маҳбусларнинг соғлиғи борасида етарлича қайғурилмаётгани, тиббий хизмат талаб даражасида йўлга қўйилмагани каби масалаларга масъуллар эътиборини қаратганди.

Жорий йил июнь ойида Тошкент вилояти Бекобод шаҳри ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этгани ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Расмийларга кўра, фуқаро ички ишлар идорасига кириш йўлагида соғлиғи ёмонлашгани оқибатида вафот этган. Фаоллар эса эркакнинг ўлимига ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани сабаб бўлганини билдиришган.

Қуйи палата ўн триллионлик харажатларни 9 дақиқада маъқуллади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 3 декабрь кунги мажлисида 2024 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилди.

Унга кўра, давлат органларининг харажатлари қўшимча равишда 9,98 триллион сўмга оширилди. Шу тариқа давлат бюджети харажатлари аввал тасдиқланган 255,4 триллион сўмдан 265,4 триллион сўмга кўпайтирилди.

Gazeta.uz нашри хабарига кўра, мажлисга йиғилган депутатларнинг барчаси ўзгаришларни бир овоздан ёқлаб овоз берган. Муҳокама жами 9 дақиқа давом этган. Шундан 5 дақиқаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг нутқига сарфланган.

Ҳукумат таклиф қилган лойиҳага асосан, бюджет ташкилотларидаги вакант лавозимлар ва самарасиз, бир-бирини такрорловчи штат бирликларини қисқартириш ҳисобига 1 триллион сўм, болалар нафақалари ва моддий ёрдамдан 2 триллион сўм, вазирлик ва идораларни ривожлантириш учун ажратилган маблағлардан 1,7 триллион сўм иқтисод қилиниши кутиляпти.

Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров давлат ташқи қарзининг йиллик лимити 5 миллиард доллардан 7,3 миллиард долларгача оширилганига эътибор қаратган.

“Қонунчилик палатаси залида қўр тўкиб ўтирган пўрим депутатларнинг бирортаси ҳам қарши овоз беришга журъат этмагани”ни танқид қилган жамоатчилик фаоллари ҳукумат ҳам, парламент ҳам давлат харажатларини ошириш зарурлигини асослаб бермаганини танқид қилишган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG