Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:57

Янги Тошкент: "Олтин тупроқ" устига қурилаётган тош шаҳар


Янги Тошкент шаҳри лойиҳаси
Янги Тошкент шаҳри лойиҳаси

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 19 апрелида имзолаган қарори билган пойтахтдаги давлат идораларини қурилиши бошланаётган Янги Тошкентга кўчиришга буйруқ берди.

Тошкентнинг жануби шарқида, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари ўртасидаги бу ерлар Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларига тегишли.

Бу ерда деҳқонлар азал-азалдан мева ва сабзавот етиштириб, пойтахт бозорларига етказиб беришган, гектаридан 40-50 центнер пахта, 100 центнергача буғдой олишган.

Маҳаллий деҳқонлар бу ерларни Тошкент ва Тошкент вилоятининг “ўпкаси” деб таърифлашади.

Пойтахтнинг тобора ифлосланиб бораётган ҳавоси, иқлим ўзгариши ва бошқа экологик муаммолар манзарасида бу ерларнинг қиймати янада ошган.

Аммо келаётган йилларда бу ерлар ҳозиргидек ям-яшил бўлмаслиги мумкин.

Янги Тошкент учун 20 минг гектар унумдор қишлоқ хўжалиги ерлари ажратилган.
Янги Тошкент учун 20 минг гектар унумдор қишлоқ хўжалиги ерлари ажратилган.

Ўзбекистондаги янги деган кўпгина лойиҳаларнинг бўлгани каби, Янги Тошкент лойиҳасининг муаллифи ҳам президент Шавкат Мирзиёевдир.

«Янги Тошкент лойиҳасини бошламасак, Тошкентда беш йилдан кейин одамлар яшай олмайди», деган президент.

Пойтахтдаги ижроия ҳокимияти органлари Янги Тошкент тумани ҳудудига кўчирилади.

Бу ҳақда президент Мирзиёев томонидан шу йил 19 апрелида имзоланган “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилган.

Тўғри, ҳозирги Тошкент шаҳрининг муқим аҳолиси давлат статистика қўмитаси берган маълумотга кўра 2024 йилнинг 1 январига кўра, 3 миллион 40 минг 800 нафарни ташкил этади.

Аммо президент матбуот хизмати хабарига кўра, Тошкентда ишлаётган ва яшаётган аҳоли 5 миллион нафардан ортиқ.

Тошкентда сўнгги йилларда кўп қурилишлар бўлди, баланд қаватли иморатлар кўпайди.

Лекин сўнгги йилларда дов-дарахтларнинг аёвсиз кесилиб, улар ўрнига кўп қаватли уйларнинг қурилиши кўпайгани, автомобиллар сони кескин ошиб, чексиз тирбандликларнинг пайдо бўлиши ва бунинг оқибатида Тошкент дунёдаги энг ифлос ҳаволи шаҳарлар ўнталигидан тушмай қолиши аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йилдаги чиқишида Янги Тошкент лойиҳасини эълон қилган эди.

Президент Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғидаги бу ҳудудни Худонинг ўзи Янги Тошкент қурилиши учун сақлаб турганини айтган.

Аммо бу янги туман эски Тошкент юкини енгиллата оладими ёки янги муаммоларни келтириб чиқарадими, бу ҳақда ҳозир айтиш қийин.

Лойиҳада Тошкент вилояти ҳудудидан қарийб 20 минг гектар, шу жумладан, Юқори Чирчиқ туманидан 17 323 гектар ва Ўрта Чирчиқ туманидан 2406 гектар ер майдонлари Тошкент шаҳри таркибига ўтказилиши кўзда тутилган.

Мана шу 20 минг гектардан 13 минг гектари бугунги кунда пахта, буғдой ва бошқа экинлар экиладиган серҳосил ва унумдор ерлар. Шунча ер фермер хўжаликларига тегишли.

Бундан ташқари ёрдамчи хўжаликлар ва иссиқхона ерлари 203,8 гектарни, юзта деҳқон хўжалигининг ери 323,5 гектарни, ўзга ердан фойданувчиларнинг ери 2263 гектарни, аҳоли томорқалари 3012 гектарни, маҳаллий ҳокимиятлар захирасидаги ерлар 60 гектарни, каналлар ва йўлларга ажратилган ерлар эса 680 гектарни ташкил этади.

Озодлик бу туманда яшайдиган аҳоли, фермерлар билан суҳбатлашди.

Аҳолида ҳозирча жиддий эътироз йўқ. Жойларимиз обод бўлади, биз ҳам яхши яшаймиз, деяётганлар кўп.

Зеро ҳозирча аҳоли яшайдиган қанча уй бузилишга тушиши мумкинлиги, уларга қанча товон пули берилиши ҳақида гап-сўз йўқ.

Янги Тошкент қурилишининг биринчи босқичига старт берилган.

Айни пайтда Юқори Чирчиқ туманида Янги Тошкент шаҳри лойиҳасининг ўзига 2420 гектар суғориладиган ерни қамраб олган биринчи босқичи қурилиши бошланган. Қурилиш айни пайтда лойиҳанинг 1А-1 қисмида олиб борилмоқда.

Янги Тошкент қурилишининг биринчи босқичи
Янги Тошкент қурилишининг биринчи босқичи

Агар лойиҳа режаси суратига қаралса бутун дала кўм-кўк манзара касб этаётганини кўриш мумкин. 2420 гектар ернинг асосий қисми ҳам фермерларга тегишли.

Лойиҳанинг 1В-1, 1В-2, 1В-4, 1А-2, 1А-3, 1А-4 деб кўрсатилган участкаларига аҳоли яшайдиган маҳаллалар ҳам тушган. Аммо Озодлик суҳбатлашган бу маҳалла одамларининг айтишларича, ҳозирча уларга бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган.

Янги Тошкент шаҳри лойиҳасига ери тушган 56 нафар юқоричирчиқлик фермерга огоҳлантириш хати берилган ва улар ўз ихтиёрлари билан ерларини давлат захирасига топшириш ҳақида ариза ёзиб берган.

Аммо, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда фермерлар, уларга бошқа жойдан ер бериш ҳақида гап ҳам бўлмаганини, фермер ерларидаги дарахтлар учун бир сўм ҳам компенсация тўланмаслигини айтишмоқда:

“Бизнинг ер лойиҳанинг иккинчи этапига тушган. 2026 йилгача ишлаб туринглар, деди. Хўп, майли ер давлатники дейлик. Олиб қўйишга ҳаққи ҳам бор дейлик. Лекин биз ва менинг фермерлигим ортидан оила боқаётган ўнлаб ишчи, тракторчи нима қилсин? Ҳеч бўлмаса ўринга ўрин бошқа жойдан ер ҳам таклиф қилгани йўқ. Ҳозир бир метр суғориладиган ер олтинга тенг. Биз ҳеч нарса дея олмаймиз, биз кичкина одаммиз. Овозимизни чиқарсак олиб бориб тиқади”, дейди юқоричирчиқлик фермер.

Фермерларга фақат огоҳлантириш хати берилган ва улардан ўз ихтиёрлари билан ерни давлат захирасига топшириш ҳақида ариза ёзиб бериш талаб қилинган:

“Ариза бермасдан ҳам бошқа иложингиз йўқ. Барибир чақиртираверади, босим қилаверади. Ахийри зада бўлганиниздан кейин ёзиб берасиз. Ер барибир давлатники, биз ижарага олганмиз. Лекин бундай зўр ерлар увол бўлиб кетаётганига ичимиз ёняпти, кўзимиз қиймаяпти. 20 йил ишлаган ерингизни бериб юборсангиз, юрагингизни бир томири узилгандек бўлади”, дейди юқоричирчиқлик фермер.

Бу "бўрсилдоқ" ерлар устига уйлар тушадиган бўлди.
Бу "бўрсилдоқ" ерлар устига уйлар тушадиган бўлди.

Айни пайтда лойиҳага мувофиқ, Янги Тошкент шаҳри қурилиши учун йўл қурилмоқда.

Озодлик суҳбатлашган фермерлар ҳокимлик томонидан босим бўлишдан чўчиб исмлари сир бўлиб қолишни илтимос қилди.

Уларнинг айтишларича, нафақат Тошкент вилоятида, балки Ўзбекистонда энг серҳосил ва унумдор бўлган ерларга қурилиш қилишнинг оқибатлари ёмон бўлади:

“Мен Юқори Чирчиқ туманида фермерман. Бизнинг ерларимиз Ўзбекистондаги энг унумдор ерлардир. Ҳар йили барқарор, 40 центнердан, баъзи фермерлар 50 центнергача пахта олади. Ғалла эса камида 80 центнер ҳосил беради. 100 центнер олганлар ҳам бор. Энди энг унумдор ерларимизни Янги Тошкент қурилиши учун олиб қўйишяпти. Шундай бўрсилдоқ ерлар устига тош-шағал зичланиб, баланд иморатли уйлар қурилади. Озгина эмас, нақ 13 минг гектар битта бизнинг тумандан. Тасаввур қиляпсизми, бунча майдонда қанча ҳосил етиштирса бўлади. Наҳотки Янги Тошкентини бошқа жойда қуриб бўлмаса?”

Янги Тошкент лойиҳаси Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларида яшовчи аҳолининг муҳокамасига қўйилмади. Бу фақат мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси бўлган.

Аҳоли ҳам, фермерлар ҳам бу ташаббус президентнинг ўзидан чиққанлиги сабабли очиқ фикр билдиришга чўчимоқда.

Социолог Кобул Дўсовнинг фикрича, Ўзбекистон аҳолиси 40 миллион нафарга яқинлашяпти ва бу ўз-ўзидан озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини кун тартибига чиқаради. Бундай бир вазиятда Ўзбекистондаги унумдор ерларни қурилишлар учун бериб юбориш, нотўғри қарордир, дейди социолог:

«Тошкент вилоятида бошқа ҳудудларга қараганда унумдор ва суғориладиган ерлар жуда кўп. Агар шу 20 минг гектар суғориладиган ер шаҳарлаштириладиган бўлса бу ўз-ўзидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга ўз таъсирини кўрсатади. Бу ички талабга ҳам, экспортга ҳам салбий таъсир қилади. Экологик қишлоқ хўжалик маҳсулотларига талаб нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда ҳам ўсиб бораётганини ҳисобга оладиган бўлсак буни мен тўғри қарор деб ҳисоблай олмайман».

Тошкент ва Янги Тошкент чегаралари
Тошкент ва Янги Тошкент чегаралари

Кобул Дўсов фикрича, президентга чуқур илмий тадқиқотга асосланмаган, эртанинг нима бўлиши чуқур анализ қилинмаган лойиҳа тақдим қилинган:

«Агар бизда шундай инфраструктураларга эга бўлган шаҳар қуриш зарурати пайдо бўлган бўлса, Тошкент вилоятининг ҳудудида суғорилмайдиган унумсиз ерларимиз бор. Айнан 20 минг гектар серҳосил ернинг устига шаҳар қуриш бу иқтисодиётга ва қишлоқ хўжалигига бўладиган зарба деб биламан.Бу жуда ачинарли ҳолат ва оқибати ўта аянчли бўлади, деб ҳисоблайман. Бу давлат раҳбарига таклиф қилиб киритиляпти экан, эртага бундан қандай фойда ёки зарар келади, бу таҳлил қилинмаган. Чунки бир квадрат метр ерни унумли қилиш учун юз йиллаб вақт кетади. Биз олтин хазинамизни, еримизни бетонлаштиряпмиз».

Озодлик суҳбатлашган Юқоричирчиқликларнинг айтишларича, тумандаги қишлоқ хўжалиги ерларида деярли бутун йил давомида ям-яшил бўлиб турадиган экинлар ва юз минглаб дову дарахт унинг шимоли-ғарбий томонида жойлашган Тошкент шаҳри учун беминнат кислород манбаи бўлиб келган.

Фермерлар Юқоричирчиқни Тошкент шаҳрининг ўпкаси деб таъриф бердилар.

“Раҳматли отам ҳам деҳқон бўлган. Отам бизнинг жаннатмакон жойларни Тошкентнинг ўпкаси дер эди. Бизнинг далалар деярли 12 ой ям-яшил бўлади. Кузда ғаллани экиб, ёзнинг бошида ўриб оламиз, ўрнига такрорий экин экиб, кузгача яна етиштириб олиб, ўрнига буғдой, арпа ёки пиёз экамиз. Бир йилда уч марта ҳосил оламиз. Йил-ўн икки ой бизда яшиллик бор. Энди унинг ўрнига бетону тош, асфальтдан иборат кўп қаватли уйлар, бинолар тушиб, эски Тошкент ҳам , янги Тошкент ҳам ҳавосиз қолишини ўйласам юрагим орқага тортиб кетяпти. Янги Тошкент эски Тошкентни ҳам шу кунидан қолдирмаса бўлди”, дейди ўртачирчиқлик фермер.

Ўтган йиллар давомида Тошкентнинг яшил ҳудудлари бўлган дарахтлар, юз йиллик чинорлар аёвсиз кесиб ташланди, уй қурувчи ширкатларнинг дарахтларга аёвсиз ҳужуми оқибатида шаҳарнинг экологик муҳити ниҳоятда оғирлашди.

Хабарингиз бор, айниқса қиш фаслида Тошкент ҳавоси дунёда ҳавоси ифлосланган шаҳарлар рўйхатида биринчи ўринга ҳам чиқди ва ҳозир ҳам экологик муҳит жуда ёмон бўлган шаҳарлар рўйхатида қолмоқда.

Янги Тошкент лойиҳаси
Янги Тошкент лойиҳаси

Собиқ депутат Кобул Дўсов фикрича, бу энг аввало ана шундай кўп қаватли уйлар, бизнес, марказлар ва ситилар қуриб катта пул ишлашга ўрганган олигархларнинг ҳукуматга таъсирининг оқибатидир:

«Буни ҳукуматда ишлаб туриб ўз бизнесига эга бўлган олигархларнинг таъсири деб биламан. Бунга экопартиямиз ёки фракция депутатлари ҳам қаршилик қилолмайди, чунки ҳукуматнинг ўзидагаи амалдорларда ўзларининг лоббилари бор. Ҳозир уларнинг бизнес қилишидан ташқари бизнинг 20 минг гектар олтин захира еримизнинг тақдири ҳал бўляпти. Янги Тошкент қуришни Тошкентнинг биқинидан бошлаш шарт эмас, мана қир-адирларимиз бор, бошқа жойда унумсиз ерларимиз бор. Ана ўша жойдан дўппини ерга қўйиб, чуқур тадқиқот қилиб, инфраструктураси, канализацияси, суви, электр таъминоти қанақа бўлади, ана шуларни етти ўлчаб бир кесиб шаҳардан ташқарида қилиш мумкин. Мен учун энг оғриқли жойи бу бизнинг унумдор ерларимиз ва экологиямиз!».

“Янги Тошкент” ҳозир маҳаллий нашрлар ва телевидениеларда чиройли рангларда, гўё инфраструктураси аъло даражада режаланган лойиҳа сифатида тақдим қилинмоқда.

Газета.уз сайти Янги Тошкент лойиҳаси бош архитектори Саидазим Арипов билан суҳбатини эълон қилди. Архитекторнинг айтишича, Янги Тошкент лойиҳасининг 23 фоизи яшил ҳудуд учун ажратилган.

Асосий жамоат транспорти трамвай бўлади. Уйлар марказий иситиш тизими орқали иситилади ва объектларга районлаштирилган кондиционер тизими ўрнатилади.

Ўзбекистонда сув тақчиллиги ошаётган ва электр энергияси муаммоси ҳал бўлмаган бир шароитда Янги Тошкент сув ва электр энергия билан қандай таъминланиши ҳақидаги Газета.уз мухбири берган саволга Саидазим Шарипов бундай деб жавоб берди:

Янги Тошкент лойиҳаси бош архитектори Саидазим Арипов
Янги Тошкент лойиҳаси бош архитектори Саидазим Арипов

“Ҳозирги Тошкентни сув билан таъминлайдиган Қодирия деган сув тозалаш иншооти мавжуд. Фильтрлаш станциялари қуввати ошиши билан биринчи босқичда унга “Янги Тошкент” уланади. Шунингдек, ичимлик сувини Угам дарёсидан етказиб беришни режалаштирганмиз. Электр таъминоти учун биз 100% қайта тикланадиган энергия манбаларига таянишни режалаштирмоқдамиз. ГЭСлар қуввати ошиши билан биз улардан тахминан 1200 МВт оламиз. Янги Тошкент шимолий чегарасидан ташқарида қуриладиган қуёш электр станцияларида яна 400 МВт қувват ишлаб чиқаришни режалаяпмиз. Лойиҳамиз газлаштиришни назарда тутмайди. Ҳамма нарса электр энергияси билан ишлайди”.

Лойиҳада Янги Тошкент экологик шаҳар сифатида тақдим этилган. Аммо, Саидазим Шариповнинг айтишича, қозонхоналар биоёқилғилар билан ишлайди. Бу биоёқилғи прессланган ғўзапоя эканлиги айтилади.

Газета.уз мухбири ҳам айнан шу саволни берди. Яъни экологик шаҳар философияси қандай қилиб экологик бўлмаган тизим билан мувофиқлашади?

“Агар ёқиш ҳақида гапирадиган бўлсак, у ҳолда ёниш жараёни экологик жиҳатдан қулай бўлиши учун чиқинди газлар яхши фильтрланиши керак. Шунда у экологик тоза бўлади. Ҳа, карбонат ангидирид ишлаб чиқарилади, лекин у фильтрлар томонидан ушлаб қолиниши керак”.

Ғўзапоянинг ўзи қишда свет ва газсиз қолиб уйларини иситолмаётган қишлоқликларнинг ўзига етмаётган, у ҳам ўтин нархи билан рақобатлашаётган бир пайтда, бунча қозонхона учун ғўзапоя қаердан олиниши ҳам номаълум бўлиб қолмоқда.

Фермерлар эса, нега айнан ҳосилдор ва унумдор қишлоқ хўжалиги ерлари Янги Тошкент учун танлангани сабабини билмай ҳайрон.

Сўнгги йилларда кластер билан ишлаб, пахта ва буғдой шартномаларини ортиғи билан бажариб келаётган фермерлардан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу ҳақдаги ўз андишаларини бундай деб баён қилди:

“Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ туманларининг фермерлари вилоятдаги энг зўр фермерлар. Пахта ва ғалладан қарзимиз йўқ. Ҳаммаси аъло. Лекин икки йилдан буён кластердан буғдой ва пахта пулларини ололмаяпмиз. Менимча бу атайин қилиняпти, чунки бир кун молингни сотасан, эртасига мошинангни сотасан, пахта, буғдой экиб кластерга топширасан, аммо пулингни ололмайсан. Бошқа сотадиган ҳеч вақонг қолмайди. Кейин бор-э шу еринг керак эмас, ол, дейсан. Назаримда атайин фермерларни қарзга ботириб, ердан кўнглини совитишмоқчи. Кейин ерингни топшир деса ҳам норозилик камроқ бўлади-да. Булар жуда пухта режа қилишган шекилли?”

Янги пойтахт қурилиши кимга керак? Бу лойиҳадан нима кутиш мумкин? Бу саволга жавоб бериш учун бирров дунё тажрибасига юзлансак.

Янги Қоҳира
Янги Қоҳира

Янги пойтахт қуриш янги ғоя эмас.

Бугунги кунда янги пойтахт барпо этаётган давлатлар талайгина.

Шу ўринда Миср пойтахти ёнида шиддат билан қурилаётган Янги Қоҳирани мисол сифатида келтириш мумкин.

Қурилиш кўлами жиҳатдан Янги Тошкентдан анча кенг бўлишига қарамасдан расман эълон қилинган мақсад деярли бир хил.

Аҳолиси 22 ярим миллиондан ошиб кетган Қоҳирани шаҳар инфратузилмаларининг эскиргани қийнаб қўйди.

Миср ҳукуматини расман Қоҳира тобора Нил бўйлаб кенгайиб кетаётгани ва қишлоқ хўжалик ерларини эгаллаб бораётгани ташвишга солди.

Миср президенти Сиси узоқдан жой танламай сувга сероб, унумдор ерлардан ҳам ер танласа бўлар эди.

Аммо, президент Мирзиёевнинг Янги Тошкент лойиҳасидан фарқли, Янги Қоҳира қурилиши учун Нилдан 45 км узоқроқдаги бўм-бўш чўл ҳудуди танланди.

Янги Қоҳира ва Янги Тошкентнинг ўхшашлиги бу жойларга вазирликлар ва бошқа маъмурий биноларнинг кўчирилаётганидадир.

Шу боис ҳам танқидчилар бу лойиҳаларнинг, арзон ва сифатли уй жойга муҳтож аҳолини ўйлаб қилинганига шубҳа билан қарайди.

Янги Қоҳира ҳам Янги Тошкент ҳам ҳукумат вакилларига қўшимча комфорт ва хавфсизликни таъминлайди, аммо бу улкан қурилишлар юки пировардида оддий аҳоли гарданига тушади.

Янги Қоҳира қурилишига ҳозиргача қарийб 60 миллиард доллар сарфлаб бўлинди. Олинган ташқи қарзлар эса Миср иқтисодиётини қийин аҳволга солиб қўйган.

Танқидчиларга кўра, Мисрда бу улкан қурилишга президент Сиси генераллари бош-қош бўлмоқда ва мисли кўрилмаган даражада бойимоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG