Тошкентдаги онкология маркази қурилиши учун Корея 127,5 миллион доллар қарз беради

Тошкентдаги Республика онкология ва радиология маркази.

Жанубий Кореянинг Эксимбанки Тошкентда “Миллий онкология марказини барпо этиш” лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистонга 10 йил имтиёзли давр билан 40 йил муддатга 0,1 фоиз устама билан 127,5 миллион доллар қарз беради. Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги қарорида қайд этилишича, “Миллий онкология маркази”ни қуришга маблағ ажратиш масаласи Корея ҳукумати билан 2019 йилнинг 27 июнида келишилган эди.

“Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси билан молиявий ҳамкорликда “Миллий онкология марказини барпо этиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасида қарз шартномаси 2021 йил 31 декабрда имзолангани таъкидланади.

Тошкентда Жанубий Корея билан ҳамкорликда юқори технологияга асосланган замонавий онкология тиббиёт маркази қурилиши ҳақида илк маротаба 2020 йилнинг 16 сентябрь куни расман билдирилган эди. Ўшанда соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Корея тиббиёт ассоциацияси илмий-текшириш қўмитаси раиси Цой Чже Ук бу масалада келишгани хабар қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2020 йилдаги хабарида онкология тиббиёт маркази Тошкентда Жанубий Корея лойиҳаси асосида барпо этилган Болалар миллий тиббиёт маркази жойлашган ҳудудда қурилишини, бундан ташқари бу ерда тиббиёт олийгоҳи ҳам ташкил этилишини маълум қилганди.

Мазкур хабар 2020 йилнинг 3 сентябрида Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида саратонга қарши ягона радиотерапия ускунаси ишдан чиққани тўғрисидаги маълумотлар фонида пайдо бўлган эди. Озодлик 2021 йилда ҳам 2 миллион долларга сотиб олинган ягона радиотерапия ускунаси ишдан чиққани, беморлар бир неча ҳафталаб муолажасиз қолгани ҳақида хабар берганди.