Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:43

Онкомарказда радиотерапия ускунаси яна бузилди. Вазиятни уни Ўзбекистонга етказиб берган ширкат изоҳлади


“Elekta Infinity” чизиқли тезлаткич замонавий юқори аниқликда ишловчи Ўзбекистондаги ягона ва аналоги йўқ радиотерапия ускунасидир.
“Elekta Infinity” чизиқли тезлаткич замонавий юқори аниқликда ишловчи Ўзбекистондаги ягона ва аналоги йўқ радиотерапия ускунасидир.

Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказидаги (Онкология маркази) ягона ва мамлакатда аналоги йўқ радиотерапия ускунаси -“Elekta Infinity” чизиқли тезлатгич сўнгги олти ой ичида учинчи марта бузилмоқда.

Оқибатда саратонга чалинган юзлаб бемор яшаб қолишлари учун зарур муолажани ололмаяпти.

Ушбу ускунани Ўзбекистонга етказиб берган Эстониядаги “UMN Medical” ширкати вакилларига кўра, улар олти ой аввал “Elekta Infinity” чизиқли тезлатгичининг икки йиллик кафолат муддати тугаганидан сўнг техник хизмат кўрсатиш ва зарурий эхтиёт қисмлар билан таъминлаш учун Онкология марказига шартнома таклиф қилган.

Лекин марказ шартномани рад этган ва буни маблағ етишмаслиги билан изоҳлаган. Айни пайтда марказ “Elekta Infinity” чизиқли тезлатгичи ишлаб чиқаришига алоқаси бўлмаган арзон муҳандисларни ёллаб уни тузатишга уринаётгани ўртага чиқмоқда.

Elekta Infinity чизиқли тезлатгични Ўзбекистонга етказиб берган “UMN Medical” ширкати уни таъмирлаш ишлари етарли даражада малака ва сертификатга эга бўлмаган муҳандисларнинг аралашуви натижасида тўлиқ ишдан чиқиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

“UMN Medical” ширкати бош директори Манвел Арутунян Озодлик билан суҳбатда тезлатгичнинг ишлаши учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчининг омборида мавжудлигини айтар экан бундай деди:

“Биз Қозоғистоннинг "Medicine Equipment Service" муҳандислик компанияси ускунани таъмирлашга уринаётганини ўргандик. Тўғри, бу компания тезлатгичларга хизмат кўрсатиш бўйича тажрибаси бор, лекин “Electa” тезлатгичларини таъмирлаш учун бу ширкат ишлаб чиқарувчи тарафидан сертификатланган муҳандисларга эга эмас. МАГАТЭ (Халқаро атом энергияси агентлиги) талабига кўра, “Elekta Infinity” чизиқли тезлатгичи каби ускуналарга махсус сертификатга эга мутахассислар хизмат кўрсатиши керак, акс холда у тўлиқ ишдан чиқиши мумкин”, - дейди Арутунян.

“Elekta Infinity” чизиқли тезлатгичи замонавий юқори аниқликда ишловчи Ўзбекистондаги ягона ва аналоги йўқ радиотерапия ускунасидир.

“UMN Medical” ширкати бош директори Манвел Арутунян
“UMN Medical” ширкати бош директори Манвел Арутунян

Қурилма меъёрдан икки баравар кўп ишлатилган

Манвел Арутунянга кўра, ускунанинг икки йиллик кафолат муддати ўтган йил кузида тугаганидан сўнг бузилишни бошлаган. Унгача тезлатгичнинг мунтазам ишлаши ва техник таъминоти “UMN Medical” ширкати зиммасида бўлган.

“Радиотерапияга бўлган эҳтиёж катталиги туфайли марказ беморлар оқими кунига 50 дан 90 кишига оширилган. Ускуна кунига 16-18 соат ишлаб турган, 3 сменада. Лекин МАГАТЭ тавсиясига биноан ушбу турдаги ускуналардаги беморлар сони ҳафтасига 5 кунлик иш тартиби билан кунига 50 кишидан ошмаслиги керак. Лекин қурилма 2 йилу 7 ой ичида 5 йиллик нормани бажарган. Бундан ташқари у турган хонада ҳаво ҳарорати мунтазам 23 даража бўлиши керак, лекин қишда хонада ҳарорат 14 даражага тушиб кетган”, - дейди Арутунян .

“Elekta Infinity”нинг биринчи бузилиши 2020 йил сентябрида содир бўлгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ўшанда ускунанинг катоди ишламай қолган. Оқибатда беморлар қурилмадан бир ой давомида фойдалана олмаганди.

Ушбу қисм Буюк Британиядан буюртма қилинган ва жўнатилган.

"UMN Medical" компанияси ходимлари шартнома асосида ушбу қисмни ўрнатиб, қурилмани ишга туширишган.

Шундан сўнг, ускуна 2021 йил январи охиригача ишлаган.

Тезлатгич қайта-қайта ишдан чиққандан сўнг, "UMN Medical" компанияси ходимлари унинг ион насоси ва унинг электр таъминоти блоки ишдан чиққанини аниқлаганлар.

Қурилманинг ушбу қисмлари 2021 йил февралида етказиб берилган ва ўрнатилган.

Арутуняннинг айтишича, айни пайтда ускунанинг катоди ва вакуум тизими мембранаси ҳам ишдан чиққанлиги аниқланган.

Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош врачи Одилжон Аҳмедов Озодлик билан суҳбатда эҳтиёт қисмларга буюртма март ойи бошида қилинган ва шу ой охиригача етказилиши кутилаётганини айтди.

“Ҳозир кутяпмиз, янаги ҳафтага бўлиб қолади. Жуда қиммат аппарат. Муаммо шуки бизда сервис маркази йўқ”, - деди Аҳмедов.

Онкология марказидаги радиотерапия ускунасида муолажа Ўзбекистон фуқаролари учун бепул экани айтилади.

Озодлик билан суҳбатда бўлган айрим беморлар эса ҳар бир курс учун 500 минг сўмдан 700 минг сўмгача пул тўлаганликларини иддао қилишади. Лекин, марказ бош врачи бу иддаоларни қатъиян рад қилди.

Тошкентдаги Республика Онкология ва Радиология маркази.
Тошкентдаги Республика Онкология ва Радиология маркази.

“На Марказ бюджетида на Соғлиқни сақлаш вазирлигида пул бор”

Манвел Арутунян эса ускунани улар тузатиб беришга ва зарур қисмларини келтиришга тайёрлиги, аммо Ўзбекистон томони маблағ етишмовчилиги сабаб уни тузатишнинг арзон йўлларини қидираётган бўлишини айтади.

“Чизиқли тезлатгич сотиб олаётганда, эҳтиёт қисмларни алмаштириш ва сотиб олинадиган ускуналар нархининг 10 фоизигача бўлган миқдорда даврий ишлар билан боғлиқ харажатларга тайёр бўлиши кераклиги тўғрисида кўрсатма мавжуд. Бу МАГАТЭ тасдиқлаган кўрсатма. Кафолат муддати 2020 йил 14 майда тугаганига қарамай, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика онкология ва радиология маркази раҳбарининг илтимосига биноан, кафолат муддатини 2020 йил августигача узайтирдик.

2020 йил сентябрида “Electa Infinity” нинг Ўзбекистондаги расмий шериги сифатида ускуна эҳтиёт қисмларини алмаштириш билан жиҳозга техник хизмат кўрсатиш бўйича шартнома имзоладик. Тўловни 2020 йил охиригача қисмларга бўлиб тақдим этдик. Бундан ташқари биз чизиқли тезлатгични комплекс текширувдан ҳам ўтказдик ва кафолатдан кейинги даврда чизиқли тезлатгичга бир йиллик техник хизмат кўрсатиш учун шартнома ҳам таклиф қилдик. Вақти-вақти билан техник хизмат кўрсатиш, зарур эҳтиёт қисмларни етказиб бериш ва уларни ўрнатиш бўйича ишлар қилиниши керак.

Бироқ, доимий хизмат кўрсатиш шартномасини тузиш учун маблағ етишмаслиги сабабли, шартнома тузилмади, чунки на Марказ бюджетида, на Соғлиқни сақлаш вазирлиги бюджетида бундай маблағ бор эди.

Ҳозир биляпмизки улар арзон йўлларни қидиришяпти. Етарли даражада малакага эга бўлмаган ва сертификатланмаган муҳандисларнинг аралашуви натижасида уларнинг республика ҳудудида аналоги бўлмаган чизиқли тезлатгичнинг тўлиқ ишдан чиқишига олиб келиши мумкин.

Бундай таъмирлаш оқибатида қурилманинг кейинги ишлаши ва беморлар учун бундай таъмирлашнинг мумкин бўлган оқибатлари учун барча жавобгарликни ўз зиммамиздан соқит қиламиз.

Яна бир бор таъкидламоқчимизки, бизнинг компаниямиз ҳар қандай вақтда ҳар қандай вақтда шартнома тузишга ва ушбу ноёб акселераторни ишга туширишга тайёр, бу эса кўплаб фуқароларига саратон касаллигига қарши курашишда ёрдам бериши мумкин”, - дейди Арутунян.

Тошкентдаги Онкология марказида айни пайтда юзлаб бемор нурланиш аппаратининг тузалишига кўз тиккан.

Ўлимдан қутқарувчи ускуна

Мутахассисларга кўра, беморлардан кўпчилигининг онкологик касалликдан тузалиш-тузалмаслиги айнан ўз вақтида қилинадиган радиотерапия муолажасига боғлиқ.

Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган Онкология маркази Марказий Осиёдаги саратонга қарши етакчи марказлардан саналади.
Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган Онкология маркази Марказий Осиёдаги саратонга қарши етакчи марказлардан саналади.

Тошкентлик Регина Нигматулина бош мия саратонига чалинган турмуш ўртоғи Марат Нигматулин нур бериш ускунаси бузилиб қолгани сабаб бир ойдан бери зарур муолажани ололмаётганини айтади.

“Бу аппарат билан муолажа ёрдамида ўсманинг ўсишини секинлаштириш ёки тўхтатиш мумкин. Ҳозир шу ускунанинг тузатилиши биз учун ҳаёт-мамот масаласи бўлиб турибди”, - дейди Нигматулина.

Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Марказий Осиёдаги саратонга қарши етакчи марказлардан саналади.

Ўзбекистоннинг чекка вилоятлари ва қўшни давлатлардан беморлар радиотерапия билан даволаниш илинжида шу ерга келишади.

Озодлик боғланган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозими Онкология марказида саратонга чалинган беморлар учун ягона радиотерапия ускунасининг ишдан чиққани ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.

Радиотерапия муолажаси давомида тананинг маълум бир қисмидаги саратон ҳужайраларига махсус нур юборилади.

У саратоннинг кўплаб турларида қўлланилади. Соғлом ҳужайралар махсус нур юборилганидан сўнг тикланиши мумкин, аммо саратон ҳужайраси ўлади.

Тошкентдаги Онкология маркази бош шифокори Одилжон Аҳмедовнинг айтишича, марказнинг 9та ҳудудий филиалида радиация терапияси мосламалари ўрнатилган ва улар тўлиқ ишламоқда.

Бундан ташқари, Terablat нурланиш терапияси аппарати 5 та жойда ўрнатилган.

Аммо баъзи ўсма муолажаларида бу ускуналар “Electa Infinity" қурилмаси ўрнини босолмайди.

XS
SM
MD
LG