Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:58

Республика Онкология марказидаги $2 миллионлик ягона радиотерапия ускунаси ишдан чиқди. Беморлар ҳаëти таҳдид остида


Тошкентдаги Республика Онкология ва радиология маркази.
Тошкентдаги Республика Онкология ва радиология маркази.

Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида саратонга қарши ягона радиотерапия ускунаси ишдан чиққан.

Бу ҳақда Озодликка хабар юборган беморларга кўра¸ оқибатда саратоннинг нур воситасида даволаниши мумкин бӯлган турига чалинганлар вақтида муолажа олиш имкониятидан маҳрум қолган.

Марказ бош врачи муовини Дилноза Анвархўжаева 3 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда икки йил аввал Британиядан олиб келиб ўрнатилган Elekta Infinity нур бериш ускунасининг муҳим детали ишдан чиққани, уни четдан олдириш коронавирус пандемияси шароитида кечикаётганини айтди.

Солиқ тўловчи пулига олинган 2 миллион долларлик ускунанинг икки йил ичида ишдан чиқарилишига¸ мутахассисларга кўра¸ ундан меъëридан ортиқ фойдаланиш сабаб бўлган.

Кўкрак бези саратонига чалиниб, Тошкентдаги Республика Онкология марказида стационар шароитда даволанаётган беморлардан бири Озодлик билан суҳбатда нур бериш ускунаси бузилиб қолгани сабаб икки ҳафтадан бери лозим муолажани ололмаётганини айтади.

- Ўсимта ўсиб бораверади. Ўсимта аппарат қачон тузалишини кутмайдику. Ҳозиргача 10 та курс олдим, яна ўттизта олишим керак. Вақтида олмасам ўсимта ривожланаверади. Касал кўп. Жуда кўп бемор бу ерда шу аппаратни тузалишига кўз тикиб ўтирибди, Очередда турганлар бор, - дейди исми очиқланмаслигини сўраган бемор.

Онкология марказига радиотерапия учун келган айрим беморларга нур бериш ускунаси бузилгани учун уйларига жавоб берилган.

- Уйларингга кетаверинглар. Бу ерда ётганларингни фойдаси йўқ, аппарат ишламаяпти, дейишди. Учинчи ҳафта бўляпти, ҳалигача қачон тузатишлари аниқ кунини айтганлари йўқ, - дейди исми сир қолишини сўраган хоразмлик бемор.

Айни вақтда марказда қирққа яқин бемор стационар шароитда даволанмоқда. Улар аксарининг онкологик касалликдан тузалиш-тузалмаслиги айнан ўз вақтида қилинадиган радиотерапия муолажасига боғлиқ.

Марказ Радиотерапия бўлимининг исми очиқланишини истамаган врачи "радиотерапия ускунасининг тезликда тузатилмаëтганини ачинарли ҳолат" деб атади.

- Чунки зудлик билан радиотерапия талаб этиладиган беморлар жуда кўп. Агар бу процедура вақтида қилинмаса¸ ўсимта ривожланиб бораверади.

Тошкентдаги Онкология марказига Британиядан Elekta Infinity ширкати ишлаб чиқарган замонавий чизиқли тезлаткич нур бериш ускунаси 2018 йилда қарийб 2 миллион доллар эвазига ўрнатилган.

Марказ бош врачи муовини Дилноза Анвархўжаева Озодлик билан суҳбатда ускунанинг муҳим эҳтиёт қисми ишдан чиққани, уни чет элдан олиб келиш коронавирус билан боғлиқ глобал пандемия шароитида кечикаётганини айтди.

- Битта детали ишдан чиққан. Икки йилдан бери тинимсиз ишлайди. Пропускной способности чекланган экан. Шу деталини алмаштириш керак. Икки ҳафтадан бери кутяпмиз. Жуда қиммат замонавий аппарат. Давлатимиз шу аппаратни олиб берганди. Деталининг ўзи 80 минг доллар туради.

Бу муолажадан давомли фойдаланиб келган беморлардан бири Озодликка радиотерапия ускунасининг ҳар кун тунги соат 1 гача ишлатилганига гувоҳ бўлганини билдирди.

Тошкентдаги Онкология марказига Elekta Infinity ширкати ишлаб чиқарган замонавий чизиқли тезлаткич нур бериш ускунаси 2018 йилда қарийб 2 миллион доллар эвазига ўрнатилган.
Тошкентдаги Онкология марказига Elekta Infinity ширкати ишлаб чиқарган замонавий чизиқли тезлаткич нур бериш ускунаси 2018 йилда қарийб 2 миллион доллар эвазига ўрнатилган.

Радиотерапия ускунаси қачон тузатилади?

Бу саволга марказ бош врачи муовини Дилноза Анвархўжаевадан аниқ жавоб бўлмади.

Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Радиотерапия бўлими бошлиғи Шавкат Назарқулов ускуна тузатилиши кечикадиган бўлса¸ нур муолажаси жуда зарур бўлган беморларни марказнинг бошқа бўлимларига юбориш мумкинлигини айтди.

- Тошкент шаҳар филиалимизда худди шундай аппарат бор. Агар шу аппаратга муҳтож беморлар бўлса¸ уларни филиалларимизга жўнатамиз. Ҳали бу аппарат унгача тузалар. Ҳозир Британиядан запчастлари келишини кутяпмиз.

Тошкентдаги Республика Онкология ва Радиология маркази, Радиотерапия бўлими.
Тошкентдаги Республика Онкология ва Радиология маркази, Радиотерапия бўлими.

Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Марказий Осиёдаги саратонга қарши етакчи марказлардан саналади.

Ўзбекистоннинг чекка вилоятлари ва қўшни давлатлардан беморлар радиотерапия билан даволаниш илинжида шу ерга келишади.

Радиотерапия муолажаси давомида тананинг маълум бир қисмидаги саратон ҳужайраларига махсус нур юборилади.

У саратоннинг кўплаб турларида қўлланилади. Соғлом ҳужайралар зарардан сўнг тикланиши мумкин, аммо саратон ҳужайраси ўлади.

Ўзбекистоннинг айрим шифохоналарида тиббий ускуналарнинг ишдан чиқиши фожиали якун топган.

Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги COVID клиникасида бир кунда сунъий нафас олиш қурилмасига уланган тўрт бемор ўлгани ҳақда Озодлик 2 сентябрь куни хабар берган эди.

Баъзи касалхоналарда эса электр таъминотидаги узилишлар сабаб, сунъий нафас олиш қурилмаси ишламай қолиб, беморларга қариндошлари қурилмани қўли билан сиқиб, кислород беришга мажбур бўлган.

XS
SM
MD
LG