Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:30

Москвада COVID-19 га чалинган 3 аёл ва 1 гўдак ҳимоясиз қолди. Бири - "Андижонча спектакл"нинг ишсиз қолган қаҳрамони


Муяссар Раҳимова (чапда) жияни Эркиной билан, 2020, 11 май, Москва
Муяссар Раҳимова (чапда) жияни Эркиной билан, 2020, 11 май, Москва

Москвада COVID-19 инфекциясини юқтириб олган 3 андижонлик аёл ҳимоясиз қолди. Улардан бирининг қўлида вирусга чалинган 9 ойлик чақалоғи бор.

Озодликка тақдим қилинган ҳужжатга кўра, аёллардан бири, 31 яшар Муяссар Раҳимовада 6 май куни, унинг 22 яшар жияни ва унинг 9 ойлик чақалоғи ҳамда 37 яшар опасида 7 май куни инфекция аниқланган.

Аёллар Москвадаги ижара уйда изоляцияда экани ва Ўзбекистонга қайтиш учун элчихонага қилган мурожаатлари жавобсиз қолаётганини айтмоқда.

Муяссар Раҳимова Озодлик муштарийларига таниш - у 2019 йил 16 майда президентнинг Андижонга ташрифи чоғида, "уй берилди" деб ТВда кўрсатилган, сўнгра уй олиб қўйилган 6 аёлдан биридир.

"Мунтазам иситма, нафас қисишлар бошланди"

Муяссар Раҳимова ўзи, COVID-19 инфекциясига чалинган опаси, жияни ва унинг 9 ойлиқ қизчаси билан Москвадаги ижара уйда қолмоқда.

Озодлик билан суҳбатда айтишича, 6 май куни инфекция аниқлангач, шифокорлар уларга ўз-ўзини изоляция қилишни тайинлаган, шифохонага жойлаштирмаган:

- Менда 25 фоиз ўпка яллиғланиши аниқланди. Жиянимда 5 фоиз. Унинг чақалоғини текшириб ўтиришмади ҳам. Опамда ҳам аниқланди. Уйда ётинглар, врач хабар олади, дейишди. Лекин, ҳеч ким хабар олмади. 37 - 37 ярим даражада доимий иситма бор доим, нафас қисишлар бошланди менда. Оқшомлари ухлай олмаяпман. Жиянимда ҳозирча фақат иситма. Лекин унинг чақалоғида мунтазам 38 даража иситма, қўрқяпмиз.

Қуйида бу аёл билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:03 0:00
Бевосита линк


Унинг айтишича, поликлиникага қайта ва қайта қўнғироқларига жавобан: "Врач уйингизга бориб хабар олади", деган жавобни олмоқда. Аммо, ҳали шифокор келмаган.

Раҳимова шифокорлар берган таҳлил натижаларини Озодликка йўллади. Унда аёлда COVID-19 инфекцияси аниқлангани, ўпканинг ҳар икки тарафида 25 фоиз яллиғланиш борлиги, пневмония белгилари қайд этилгани ёзилган:

М. Раҳимовага берилган таҳлил натижалари
М. Раҳимовага берилган таҳлил натижалари

Маълумки, Россияда коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 220 минг кишидан ошди (11.05.2020), рақамлар рекорд даражада ортиб бормоқда.

Вирусни юқтириб олган беморлар нари турсин, ҳатто оғир аҳволдаги беморларга ҳам хизмат қўрсатиш учун шифокорлар ҳамда тиббий ресурслар етишмовчилиги кузатилмоқда.

Раҳимова бундай шароитда уларга тиббий хизмат вақтида кўрсатилмаслигидан хавотирда эканини айтди:

- Дориларимиз тугаяпти. Бунинг устига, бу дорилар иситмага умуман таъсир қилмаяпти. Айниқса, чақалоғимизнинг иситмаси кўтарилиб кетаверганига қўрқяпмиз. Пулимиз ҳам тугаган. Нима қилишимиз керак? Ким бизга ёрдам беради?!

М. Раҳимова шифокор тайинлаганини айтган дори воситалари
М. Раҳимова шифокор тайинлаганини айтган дори воситалари

Айтишича, улар яшаб турган 2 хонали квартирада жами 8 киши яшайди, улар ҳам коронавирусни юқтириб олганидан хавотирда.

Аммо, Муяссарга кўра, шифохоналар иситма чиқмагунча, COVID-19 инфекцияси учун таҳлил олмаётир, шу боис, ҳамхоналари вирусни юқтирган-юқтирмаганини аниқ билмайди.

"Элчихона туйнугини очмади ҳам, полицияни чақирди"

Муяссар Раҳимовага кўра, улар 1 ой муқаддам чартер рейс билан қайтаришларини сўраб, элчихонага мурожаат қилган.

Элчихона кутишни тавсия қилиш билан чекланган:

- У вақтда биз инфекцияга чалинмаган эдик. Чартер рейсни кутинг, сиздан аҳволи оғирлар бор, дейишди. Мана охири вирусга чалиндик. 3 аёл, қўлимизда вирус юққан 9 ойлик гўдак - элчихона ҳалиям бизга жавоб бермаяпти. Телефонларини олмайди. Ҳозир биздан оғир аҳволда ким бўлиши мумкин?! Энди ўлиб кетишимни кутишим керакми?!

М. Раҳимова элчихона биноси олидида олган видеони ҳам Озодликка йўллади.

Айтишича, элчихона ходимлари билан гаплашишнинг умуман имкони бўлмаётир. Аксинча, элчихона биноси ёнига полициячилар чақирилмоқда. Ёрдам излаб у ерга борган эркаклар ҳар тарафга қочиб, яширинмоқда.

Москвадаги аëллар элчихонадан ҳеч қандай жавоб ололмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:32 0:00

"Андижонча спектакль" қаҳрамони

Муяссар Раҳимова 2019 йилнинг 16 майида “президент уй берди” дея ТВда кўрсатилган "Андижонча спектакль" қаҳрамонларидан биридир.

Ўша кезда президент Шавкат Мирзиёев Андижонга борган ва унинг номидан 6 тикувчи аёлга янги қурилган коттеж туҳфа қилинган, кейинчалик 5 нафаридан уйлар қайтариб олиб қўйилган эди.

Бу воқеа Озодликда ёритилган, маҳаллий нашрлар ҳам мақолалар ёзгач, Бош прокуратура суриштирув ўтказганди.

Натижада, ҳокимлик мутасаддилари аёлларга ваъда бериб, кўзбўямачиликка йўл қўйилгани аниқланган:

"Ўрганиш натижалари юзасидан Бош прокуратура томонидан Андижон вилоят ҳокими номига зудлик билан айбдор шахсларнинг интизомий жавобгарлиги масаласини ҳал қилиш ҳамда бу каби ҳолатларга чек қўйиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилди".

Сўнгра аёлларга янги қурилаётган 4 қаватли уйдан квартиралар ваъда қилинганди.

Муяссарнинг айтишича, квартира берилган. Аммо, президент туҳфаси сифатида эмас, балки ипотека кредити шаклида расмийлаштириб берилган.

Бу воқеадан кейин кўтарилган шов-шувлар ортидан ўзи ишлаб турган тиркувчилик цехи ёпилиб, ишсиз қолганини айтган Раҳимова, уйнинг пулини тўлаш ва 3 боласини боқиш учун Россияга ишлагани кетишга мажбур бўлганини айтади:

- Россияга февраль ойида келдим, ҳеч қанча ўтмай, карантин бошланди. Яна ишсиз қолдим. Март ойидаёқ бу карантин ҳали-бери очилмаслиги, очилса ҳам иш яхши бўлмаслигини тушундим. Ўшандан бери элчихонага мурожаат қиламан, Андижон вилоят ва шаҳар ҳокимликларига телефонда неча марта боғландим, лекин бир натижа бўлмади. Оқибатда, мана касал бўлиб қолдик. Агар мен ўлиб кетсам, 3 боламга ким қарайди?!.

Айни пайтда...

Россиядан уюштириладиган чартер рейсларга рўйхатдан ўтиш тартиби эълон қилинди​. Бу ҳақда хабар қилган Ташқи миграция агентлиги матбуот хизматига кўра, чартер рейслар орқали энг аввало беморлар, ҳомиладор аёллар, кексалар ва ёш болалилар олиб келинади.


XS
SM
MD
LG