Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:38

Андижонда президент совғаси деб “уй берилиб ” уйсиз қолган яна икки аëл норозилик билдирди


Андижон вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Манзура Юнусова "президент уйи" ваъда қилинган аëлларга ўзини қандай тутишни ўргатмоқда.
Андижон вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Манзура Юнусова "президент уйи" ваъда қилинган аëлларга ўзини қандай тутишни ўргатмоқда.

30 май куни Андижондаги «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси» чеварларидан яна икки нафари Муяссар Раҳимова ва Шоҳиста Бакирова Озодликка “президентдан уй олган бахтиëр аëл образини адрас кўйлак кийиб" ўйнаб берганини билдирди.

30 яшар Муяссар Раҳимовага кўра¸ "президент совға"сини олганлар рўйхатидан фақат бир аëлга уй берилган¸ бошқалар "қуруқ ваъдага ишониб уйсиз” қолган.

28 май куни андижонлик 35 яшар Хуршида Тиллаева айни муаммо бўйича Озодликда видеомурожаат билан чиққан эди.

Яна бир алданган ҳикояси

30 май куни Озодлик мухбири билан гаплашган Муяссар Раҳимованинг айтишича¸ уй берамиз деган ваъдага алданганлар бир нечта.

- Хуршида Тиллаевани биласиз. Яна биттаси мен. Хайринисо ая Эрматова¸ Зулфия опа Абдувалиева ва Камолиддин ака. Бизларга президент маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергеновнинг ўзи Андижонга келиб¸ "сизларга шу уй берилади" деб ваъда қилган . Умидвор қилинганлардан фақат биттаси Дилфуза Ҳожиматовагагина уй берилди. Президент келиб кетганидан кейин «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси» МЧЖ кадрлар бўлими бошлиғи Мавлуда Нишонова келиб “сизларга уй йўқ экан. Сизлар актрисалик қилибсизлар» деб бизнинг юрагимиздаги сўнгги умидимизни ҳам ўлдирди¸ дейди Муяссар Раҳимова.

30 май кунги суҳбатда Раҳимованинг ҳамкасби Шоҳистахон Бакирова ҳам дардини тўкиб солди.

Бакирова онасининг 2-гуруҳ ногирони экани¸ўзининг бир нечта жарроҳлик амалиëти кечирганини айтиб берди.

Ҳокимият қўлида қўғирчоқ бўлганидан нолиган Бакирова ҳам¸ Раҳимова ҳам¸ ўз ëнидан пул сарфлаб адрас кўйлак тиктириб “актрисалик” қилганидан таассуф билдиришди.

30 май кунги суҳбатда Муяссар Раҳимова¸ Озодликка суҳбат бергани учун босим остида қолиб руҳи тушган Хуршида Тиллаевадан фарқли равишда¸ ўз уйига эга бўлиш йўлидаги курашини охирига етказиши ва ҳокимият алдовини фош қилишда давом этишини таъкидлади.

Озодликка гапирган Хуршида қаерда?

Хуршида Тиллаева билан Озодлик мухбири охирги марта 28 май Андижонда соат кечқурун 9 дан ўтганда гаплашди.

29 май куни эрталаб воқеа ривожини суриштириш учун телефон қилинганида¸ мобил телефони ўчирилган бўлиб чиқти. Кун давомида ҳам телефони ишламади.

Хуршиданинг ҳамкасблари Озодликка 29 май куни эрталаб Хуршида Тиллаева ва онасини "Мустақиллик тикувчилик мажмуаси" раҳбари Тоҳиржон Алимжонов ўз машинасига солиб олиб кетганини айтишди.

Хуршида Тиллаева
Хуршида Тиллаева

Виртуал сазойи

Воқеадан хабардор Озодлик манбалари¸ Андижон вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Манзура Юнусова ва шаҳар ҳокими Дилмурд Раҳматуллаевлар Тиллаева ва онасини кун давомида сўроқ-жавоб қилинганини билдирди.

Ҳокимлик биносига махсус чақиртирилган маҳаллий журналистлар дарҳол Хуршида Тиллаевани ëлғончига чиқарган расмийлар кўз-қарашини сўнгги ҳукм сифатида кетма-кет эълон қилишга киришди.

Бу чиқишларда¸ нафақат Хуршида¸ балки унинг онаси¸ синглиси ва боласининг шахсига оид маълумотлар ҳам жамоатчиликка эълон қилинди. Ижтимоий тармоқларда ëш аëл "кўрнамаклик"¸ рамазонда ëлғон гапириш¸ нафси ҳакалак отганликда айбланиб¸ виртуал сазойи қилина бошланди.

Хуршида масаласи Тошкентда муҳокама қилинмоқда

Озодлик Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоеванинг ëрдамчиси билан боғланиб¸ қўмитанинг ўз дардини матбуотга айтгани ортидан виртуал сазойи нишони бўлган Хуршида Тиллаева воқеасидаги ролини изоҳлашни сўради.

Раис ëрдамчиси¸ бу масалада Андижон вилоят ҳокимлигида махсус ишчи гуруҳ тузилгани ва улар воқеани ўрганиб¸ ўз хулосасини Танзила Норбоевага тақдим қилганини билдирди.

Айни пайтда Норбоева ëрдамчиси¸ бу хулоса мазмуни ҳақида матбуотга маълумот беришга ваколати йўқлиги¸ қўмитанинг бу хулосаси тегишли тарзда расман билдирилишини қўшимча қилди.

Ижтимоий тармоқларни титратган воқеа тарихи

16 май куни президент Мирзиëев Андижонга келиши арафасида тикувчилик цехида ишлаб туриб¸ ногирон боласига қараëтган ¸ уйсиз 8 нафар аëлга президент коттеж уй совға қилиши айтилган.

Андижон вилояти ҳокимининг Хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Манзура Юнусова уларни бир неча кун президентга раҳмат айттириш¸ президент билан кўришса¸ нима кийишу¸ ўзини қандай тутишга тайëрлаган.

Бу репетициялар ортидан Хуршида Тиллаева 16 май – президент Андижонга келган куни Ўзбекистон 24 телеканалига олиб чиқилган ва унга президент совға қилгани айтилган уй ичидан туриб “ватанли бўлгани учун йўқ отаси ўрнига оталик қилаëтган президентга раҳмат” айттирилган.

"Ўзбекистон 24" телеканали намойиш қилган видеорепортаж кўрсатилиб¸ Мирзиëев Тошкентга жўнаши билан¸ Хуршида Тиллаевага бу уйдан чиқиш¸ унинг бошқа одамга берилгани айтилган.

Ўзининг кўзбўямачилик қурбони бўлганини англаган Хуршида Тиллаева ва яна айни шундай алданган бир неча аëл Озодликка мурожаат қилди.

Кўзбўямачиликлар тарихи

Ўзбекистонда президент келишидан олдин кўзбўямичилик қилингани бўйича Озодлик қатор мақолалар қилган.

Хусусан¸ 2018 йилнинг 12 февраль куни Озодлик ўз жонига қасд қилган 42 яшар Дилором Маъмирова ҳаётини қўшнилари аранг қутқариб қолгани ҳақида ëзган эди.

Марғилон шаҳар ҳокимлиги мулозимларининг Маъмировага “президент совғаси” дея текинга берилган уй учун ижара пули талаб қилгани Маъмировани жонига қасд қилиш даражасида ларзага солган эди.

XS
SM
MD
LG