Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:58

Аҳмадбойдан жабрланганларга маблағ ўтказиш чораси кўрилаётгани билдирилди


Аҳмадбой Турсунбоев
Аҳмадбой Турсунбоев

Тошкент вилояти прокурори "Аҳмадбой иши" иши бўйича 12 минг ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросига (МИБ) келиб тушганини маълум қилди.

ЎзА агентлиги 1 декабрда берган хабарга кўра, вилоят прокурори иштирокида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилган.

Анжуманда қатнашган МИБ вилоят бошқармаси вакили, айни пайтда жабрланган аҳоли вакилларига пластик карточка очилиб, мол-мулк хатловидан мажбурий тарзда ундирилган маблағларни уларга ўтказиш чораси кўрилаётганини билдирган.

Хабарда шу кунда МИБга келиб тушган ижро ҳужжатларида қанча маблағ ҳақида гап бораётгани очиқланмаган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, 2019 йил давомида вилоятда қонунлар ижроси устидан прокурор назоратини таъминлаш борасида 7064 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг 6191 нафарининг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Бу жараёнда 2153 нафар мансабдор шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган, етказилган 3 млрд. сўмлик зарар ихтиёрий ундирилган.

  • 28 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман суди биносида судланувчилар Аҳмад Турсунбоев ва бошқаларга (судланувчиларнинг умумий сони — 16) нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича учинчи очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
  • Суд Аҳмад Турсунбоевни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисм «а», «в» бандлари бўйича айбдор деб топди.
  • Ушбу модда билан 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. А. Турсунбоевга Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддалари тартибида, тайинланган жазога қисман жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 20 майдаги ҳукми билан тайинланган жазосини қўшиб, узил-кесил ўташ учун 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 14 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида 52,09 млн сўм жарима жазолари тайинланди.
  • Шу билан бирга А. Турсунбоевга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги Қарорининг 6-банди «б» кичик бандига асосан тўртдан бир қисмига қисқартирилди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ ва жаримани давлат даромади ҳисобига ундириш белгиланди.
  • Ушбу суд жараёнида 230 дан зиёд жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди ва уларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди.
  • Эслатиб ўтамиз, «Аҳмадбой» иши бўйича биринчи суд 2018 йил февралида якунига етган, ўшанда унга 13 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган эди.
  • Май ойида бўлиб ўтган иккинчи судда эса у 10 йил муддатдан озодликдан маҳкум этилиб, жазо умумий тартибдаги колонияда ўталаши белгиланди. Илк суддаги жазо қўшилган ҳолда Аҳмад Турсунбоевга 14 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳамда 52,1 млн сўм миқдоридаги ЭКИҲнинг 400 баравари миқдоридаги жарима ва 1 йил муддатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазолари тайинланди.
  • Аҳмадбой Турсунбоев ишини Озодлик батафсил ёритган. Мавзуга оид материаллар билан "Алоқадор" рукнида танишингиз мумкин.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG