Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:56

Иқтисодиёт университетига кирган ва кирмаганлар баллари ўртасидаги фарқ нега бу қадар катта?


Тошкент давлат иқтисодиёт университети
Тошкент давлат иқтисодиёт университети

Тошкент Давлат иқтисодиёт университетига ўқишга кирган ва кирмаган абитурентларнинг тестда тўплаган баллари ўртасидаги фарқнинг жуда катталиги ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс уйғотди.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг Facebook саҳифасида "Нархоздаги тасодиф" ва "Нархознинг сирлари очилмоқда" номли икки пост чиқаргани ва Иқтисодиёт университетига кириш имтиҳонларининг адолатли бўлганини шубҳа остига олгани бу баҳснинг янада кучайишига туртки бўлди.

1 август куни ўтказилган тест синови натижасига кўра¸ Тошкент Давлат иқтисодиёт университетига қабул қилинган абитуриент Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда тест саволларини унга университет ўқитувчиси ечиб берганини эътироф этди.

Айни пайтда исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган мазкур университет собиқ раҳбарларидан бири олийгоҳга кириш имтиҳонлари шаффоф ўтмаганига оид даъволар асосли эканини билдирди.

"Тасодиф"

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўз постларига илова қилган бир нечта фотосуратдан Тошкент Давлат иқтисодиёт университетига ўқишга қабул қилинганлар ва кира олмаганлар тўплаган баллар ўртасидаги тафовут ўта катта экани намоён бўлади.

Кириш имтиҳонлари натижалари
Кириш имтиҳонлари натижалари

Хушнудбек Худойбердиев кириш имтиҳонлари пайти “шаффофликни таъминлаш учун замонавий технологиялар”дан фойдаланилганини ижобий қадам дея баҳолаши баробарида “қабул жараёнлари халқ кутганидек, яъни адолатли, қаттиққўллик билан, шаффоф тарзда” ўтганига шубҳа билдиради.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг (ўша машҳур Нархоз) Корпоратив бошқарув йўналишида кириш балларига эътибор қилсак, давлат гранти учун ўтиш балли 214,2, контрактнинг энг охирги балли эса 163,8 бўлган. Лекин эээээнг қизиғи¸ кира олмаганлар, яъни чизиқдан пастдагиларнинг биринчи ўрнида турган абитуриент 97,3 балл тўплаган. Ундан кейинги абитуриентлар 87, 84, 83, 80 балл олишган. Тасаввур қилаяпсизми?! Йўқ, Сиз фарқни тасаввур қилаяпсизми, салкам 70 балл?!” – дея таажжуб билдиради ҳуқуқшунос.

Хушнудбек Худойбердиев бу ҳолатни “тасодифий эмас”, дея баҳолайди.

Хўш, айтингчи, бу шунчаки тасодиф эканлигига, бу ерда ҳеч қандай “схема” ишлатилмаганига кимни ишонтира оласиз? Кимни? Халқни шунчалик ахмоқ деб ўйлашадими айрим виждонини пулга сотаётган “уддабурон”лар!” – деб ёзади у.

Тайёр жавоблар

Озодлик ҳуқуқшунос қайд этган ҳолатни ўрганиш мақсадида сўнгги тест натижасига кўра¸ Тошкент Давлат иқтисодиёт университетига ўқишга кирган янги талаба билан суҳбатлашди.

Исми сир қолишини сўраган абитуриент-талаба тест саволларини унга университет ўқитувчиларидан бири ечиб берганини ҳикоя қилди.

Имтиҳон бошланган пайтдан бошлаб тугагунига қадар ўзимизча чизиб-ёзиб ўтирдик. Тушлик пайтида назоратчилар “вақт бўлди” деб, вариантларни йиғиб олди. Аудиторияда қолган абитуриентларга назоратчилар учта фандан жавоб қоғозларини келтирди. “Шошилмай, жавобларда хато қилмай¸ белгилаб чиқинглар”¸ деб чиқиб кетишди. Бемалол, соат иккигача жавобларни ёзиб чиқиб кетдик,” деди бу суҳбатдош.

Айни пайтда исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган университет собиқ раҳбарларидан бири кириш имтиҳонлари шаффоф ўтмаганига оид даъволарни "асосли" дея баҳолади.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи Фарҳод Бабашев Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида имтиҳонларнинг шаффоф ўтгани юзасидан билдирилган шубҳаларни ўрганишга ваъда берди:

- Ҳар бир ҳолатни ўрганиб чиқиш керак. Ана ундан кейин хулоса қилса бўлади. Имкони бўлса, буни ўрганиб чиқиш керак, деди вазирлик расмийси Фарҳод Бабашев.

Тошкент Давлат иқтисодиёт университети мутасаддилари ижтимоий тармоқларда баҳс мавзусига айланган масалага изоҳ беришни исташмади.

Озодлик тест синовлари ўтказиш учун масъул бўлган Давлат тест маркази расмийлари билан 28 август куни боғлана олмади.

"Калит"

Ўзбекистон олий ўқув юртларида ҳар йили ўтказиладиган тест синовлари Давлат тест марказидан 1 август куни эрталаб олий ўқув юртларига етказиб берилган бюллетенлар, яъни савол-жавоблар мажмуаси асосида ўтади.

Бу савол-жавоблар давлат сири даражасида қўриқланади¸ уни ҳозирлайдиганларнинг бевосита Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари назоратида ишлаши айтилади ва белгиланган тартибга кўра¸ тестда тушадиган саволлар рўйхати ва улар "калити" республика бўйлаб синовлар бошланишидан саноқли соат аввал очилиши керак.

Бироқ Озодлик суҳбатлашган манбалардан маълум бўлишича, йиллардан бери бу савол-жавоблар мажмуаси, ҳали улар жойланган қалин папкалардаги муҳрлар бузилмасдан туриб, унинг абитурентлар ва ўқитувчилар тили билан айтганда¸ "Х" варианти аллақачон жойлардаги тегишли одамлар қўлига етиб борган бўлади.

Бу йил Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига 543 мингдан зиёд абитуриент ҳужжат топширди ва бу рақамнинг мустақиллик йиллари учун рекорд кўрсаткич бўлгани айтилди.

Ўтган йили Ўзбекистон олийгоҳларга кириш учун 480 минг абитуриент ариза топширган ва битта ўринга ўртача 8,5 кишидан тўғри келган бўлса¸ бу йил ҳар бир олий таълим дипломи учун даъвогарлик қилувчилар сони ўртача 9,36 дан ошган.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетига бу йил жаъми бир мингдан зиёд абитуриент ўқишга қабул қилинди.

Университетда 6 мингдан зиёд талаба таълим олади.

XS
SM
MD
LG