Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:41

Бош вазир шпаргалка билан ушланган абитуриентга "тан" берди (ВИДЕО)


Бош вазир Абдулла Арипов Тошкент Давлат Юридик университетида тест синовлари пайти
Бош вазир Абдулла Арипов Тошкент Давлат Юридик университетида тест синовлари пайти

Бугун Ўзбекистон олийгоҳларида қабул имтиҳонлари бўлиб ўтди. Хабарларга кўра, жорий йилда тест синовлари кучайтирилган назорат остида ўтган. Абитуриентлар имтиҳон хоналарига ўтишдан аввал жиддий текширувдан ўтган ва шпаргалка ёки яширин мобил телефонлари топилганлар тест синовларига қўйилмаган. Қуйидаги ЖОНЛИ БЛОГ орқали тест синовлари манзарасини биргаликда кузатамиз.

(Блог кун давомида янгилаб борилади)

Бош вазир шпаргалка билан ушланган абитуриентга "тан" берди

Бош вазир Абдулла Арипов Тошкент Давлат юридик университетидаги тест синовларини кузатган пайти шпаргалка билан қўлга тушган «ихтирочи» абитуриент билан суҳбатлашди.

Воқеа жойида бўлган Газета.уз нашри мухбири томонидан тасвирга олингани айтилаётган видеода Ариповнинг абитуриент ясаган алоқа воситасини кўздан кечираётгани акс этган.

Арипов абитуриентга қарата "бунақа нарса билан нима қиласан Юридическийда ўқиб, Связга (ТАТУ- Тошкент ахборот технологиялар университети. таҳр.-) бормайсанми", деб кулади Арипов.

Бош вазир Арипов абитуриентга алоқа университетида ўқишни тавсия қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:21 0:00
Бевосита линк

Воқеа жойида бўлган nuz.uz нашри эса воқеа тафсилотларини келтиради. Нашр ёзишича, абитуриент йигит электрон қурилма ясаган ва тест синовларидан икки кун олдин ҳожатхонага яшириб қўйган. Тест бошланиши билан у ташқарига чиқиб келишга рухсат сўраган ва яшириб қўйган жойидан қурилмани олиб, имтиҳон бўлиб ўтаётган бинога қайтиб киришга уринган ва қўлга тушган.

Шпаргалка билан қўлга тушган бу йигитнинг кейинги тақдири Озодликка маълум эмас. Лекин шпаргалка билан ушланган абитуриентлар имтиҳонга қўйилмаслиги борасида огоҳлантирув берилган эди.

“Ўзэкспомарказ” кўргазмалар мажмуаси биноларида ўтказилаётган имтиҳонларни кузатишга борган бош вазирга Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов ҳамроҳлик қилди, деб хабар қилди кун.uz.

Бош вазир тест синовлари ўтказилаётган хоналар ва жараён билан яқиндан танишган. Тегишли раҳбарларга кўрсатмалар берган.

Бундан ташқари, Абдулла Арипов Ўзбекистон Миллий университетига ҳам бориб, уерда ўтказилаётган имтиҳонлар жараёни билан танишган.

Қабул жараёнини суратга олгани учун самарқандлик журналистни милиция ушлади

Самарқандлик мустақил журналист ва блогер Тошпўлат Раҳматуллаев 1 август куни қабул имтиҳонлари жараёнини суратга олиб турган пайтда, шаҳар милицияси ходимлари томонидан ушланиб, ички ишлар бўлимига олиб кетилди. Журналистнинг Озодликка айтишича, милиция ходимлари унинг телефонини тортиб олиб, қабул жараёнидан олинган барча суратларни ўчириб ташлаган.

Журналист ва блогер Тошпўлат Раҳматуллаев.
Журналист ва блогер Тошпўлат Раҳматуллаев.

Тошпўлат Раҳматуллаевнинг айтишича, у қабул имтиҳонларини кузатиш учун 1 август куни Тошкент Ахборот технологиялари университетининг Самарқанддаги филиалига борганида, милиция ходимлари томонидан ушланган:

- Мен бу жараённи кузатиб, уч-тўртта сурат олиб кичкина бир мақола ёзмоқчи эдим. Ўша ерда бировнинг ўрнига кирадиган уч кишини милиция ходимлари ушлаб, автобусга чиқараётганини кўрдим ва суратга туширдим. Бир пайт буни милиция ходимларидан бири кўриб қолди-да, қаршилик билдирди. Мен, бу тақиқланган нарса эмас, мен бу жараённи кузатишга ва суратга олишга ҳаққим бор, дедим. Шунда бир подполковник келиб, телефонимни тортиб олдида, ҳамма суратларни ўчириб ташлади ва “буни бўлимга олиб бор”, деб ходимларига буйруқ берди, дейди Тошпўлат Раҳматуллаев.

Журналистнинг айтишича, уни мажбурлаб шаҳардаги 6- милиция бўлинмасига олиб боришган:

- У ерда мен ҳақимдаги маълумотларни ёзиб олишди, савол-жавоб қилишди ва жавоб беришди. Ундан кейин ўша бўлимдан маҳалламиз оқсоқолига телефон қилишиб, шаҳар ички ишлар бошқармасининг олдига боришимни буюришибди. Оқсоқол менга шундай деганидан сўнг, мен, агар менга ишлари бўлса, расман чақирув қоғози юборсин, дедим, дейди журналист.

Озодлик бу воқеага изоҳ олиш учун Самарқанд шаҳар ички ишлари билан боғланди. Телефон гўшагини кўтарган ходим, Тошпўлат Раҳматуллаевнинг ушлангани тўғрисида унда маълумот йўқлигини айтди.

Тошпўлат Раҳматуллаев, Ўзбекистонда маҳаллий раҳбарлар ва милиция ходимлари журналистнинг ҳуқуқларини яхши билмаслигини, қонунларни ҳурмат қилмаслигини ва “менинг айтганим бўлади” принципини ўзларига дастурамал қилиб олганини айтади:

- Ҳокимлар, амалдорларнинг бирортаси журналистлар билан ишлашни билмайди. Нима мумкин, нима мумкин эмаслиги қонунларга қараб эмас, балки уларнинг қош-қовоғига қараб ўлчанади. Шунинг учун ҳам мен бир мақоламда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари учун семинарлар ўтказиб, уларга журналист ким, унинг қандай ҳуқуқлари борлигини ўқитиш кераклиги ҳақида ёзган эдим. Қандай сурат олишингиздан қатъий назар булар “мумкин эмас” иборасига ёпишиб олган. Ҳатто Конституцияга ёзиб қўйибди, “ҳар бир шахс ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга”, деб. Мен ҳам ахборот олаётган эдим. Аксинча, уларни “мана, қаллобларни ушлапти”, деб мақтамоқчи эдим. Лекин булар қандай ҳолатда бўлмасин объективдан қўрқишади, деди мустақил журналист Тошпўлат Раҳматуллаев.

Самарқандлик блоггер: Тест пайти "ўйинлар" бирибир бўлди

Самарқандлик блоггер Жамил Казинский тест жараёнини кузатганини айтиб, кучли назоратга қарамасдан имтиҳон пайти кўзбўямачиликлар бўлганига гувоҳ бўлганини гапирди:

Самарқандлик блоггер: Тест пайти "ўйинлар" бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Шпаргалка билан қўлга тушган абитуриент имтиҳонга қўйилмади

Жойлардан олинган хабарларга кўра, жорий йилда тест синовлари қаттий назорат остида ўтган. Тест синовлари бошланишидан аввал ҳар-бир абитуриент жиддий текшриилиб, кимда шпаргалка ёки яширин алоқа воситалари бўлса имтиҳонларга қўйилмагани айтилаяпти.

Жумладан, ижтимоий тармоқларда шпаргалка билан қўлга тушган қизнинг тест синовларидан четлатилгани акс этган видео тарқалди. Видео Тошкент Давлат юридик университетида олингани хабар қилинди.

Шпаргалка билан қўлга тушган абитуриент имтиҳонга қўйилмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:46 0:00
Бевосита линк

1 август куни тушдан кейин Озодликка мурожаат қилган муштарий, ушбу видео саҳналаштирилган кўриниш эканини иддао қилди.

Муштарий иддаосича, видеода акс этган қиз 2 курс талабаси бўлиб, у ижтимоий роликда роль ўйнаб берган холос.

Тест саволини "боласи йўқ одам тузган"

Жорий йилда тест жараёни билан боғлиқ жараён шаффоф ўтишига кўплаб ваъдалар қилинди.

Тест билан боғлиқ кўплаб мақолалар ва кўрсатувлар тайёрланди. Жумладан, Ўзбекистон телеканалида эфирга узатилган кўрсатувда тест синовларининг мазмун-моҳияти баҳс қилинди.

Кўрсатув иштирокчилардан бири тест саволларининг айримлари беъмани ва тушунарсиз эканини айтиб, мисол тариқасида битта саволни ўқиб беради. У тушуниш мутлақо қийин бўлган тест саволларини "боласи йўқ одам" тузган дея танқид қилади.

"Бу саволни боласи йўқ одам тузган"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:16 0:00

Абитуриентларни божхоначилар текширди

Хабарларга кўра, жорий йилда тест синовлари кучайтирилган назорат остида ўтган. Абитуриентлар имтиҳон хоналарига ўтишдан аввал жиддий текширувдан ўтган.

Ҳар бир олийгоҳ олдида қизлар ва ўғил болаларни алоҳида текширадиган махсус "хона"лар ўрнатилган.

Абитуриентлар имтиҳонга киришдан олдин жуда қаттиқ текширилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:00 0:00
Бевосита линк

Хабарларга кўра, айрим олийгоҳлар, жумладан, Тошкент Давлат юридик университетида абитуриентларни текширишга божхона ходимлари махсус қурилмалари билан биргаликда жалб қилинган.

Шпаргалка ёки яширин мобил телефонлари топилганлар тест синовларига қўйилмаган.

Абитуриентларнинг бу қадар жиддий назоратга олингани ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлди. Воқеага оид ҳажвий суратлар ҳам тарқалди.

Юридик университетда тест жараёни жонли эфирда намойиш этилди

Кун.uz нашри Юридик университетда ўтказилган тест имтиҳонларини жонли эфирда намойиш этди.

“Имтиҳонлар учун «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасининг 6 та биноси ажратилган. Бу биноларга ота-оналарнинг кузатиши, хавфсизлик ва бошқа мақсадларда кўплаб камералар ўрнатилган. «Ўзтелеком» АК бош-қош бўлиб интернетга уланган ўша камераларнинг 20 тасидан тасвирлар «Кун.uz» ижодий гуруҳи ҳамкорлигида ўқувчиларимиз эътиборига ҳавола этиб турилади”, дейилади Кун.uz хабарда.

ТАТУда "зайчиклар" ушланди

Тошкент ахборот технологиялари университетида бошқа абитуриент номидан кириб, имтиҳон топиширишга уринган қоидбузарлар аниқланди.

Университет расмий сайтида берилган маълумотга кўра, 5 июль куни университетнинг Махсус факультетида 450 нафар абитуриенти учун тест имтиҳонлари ўтказилган.

"Биометрик ва паспорт маълумотлари асосида абитуриентларни назорат қилиш ва бошқариш тизими асосида қўштирноқ ичидаги “ЗАЙЧИК” абитуриентлар аниқланди", деб хабар қилинди университет сайтида.

Бунга қадар Тошкент ахборот технологиялари университети бу йилги тест синовларида биометрик ва паспорт маълумотлари асосида абитуриентларни идентификация қилиш ва бошқариш тизимини жорий этилишини маълум қилган эди.

Имтиҳон қоидабузарлари (Сурат ТАТУ сайтидан олинди)

Тест синовлари куни Тошкент автобуслари 4:30дан ишлади

1 август куни олий ўқув юртларига тест синовлари ўтиши муносабати билан Тошкентда жамоат траспортлари жадвалида ўзгаришлар бўлди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабарига кўра, сешанба куни пойтахтдаги жамоат транспортлари 4:30дан иш бошлаган.

Абитуриентлар эрталабки соат 7:30дан 8:30га қадар аудиторияларга киришлари лозим.

1 август - тест синовлари куни

Расмий маълумотга кўра, жорий йилда 729 минг 947 абитуриент олийгоҳларга ҳужжат топширди.

Олий таълим вазирлиги маълумотига қараганда, республика бўйича 59та олий таълим муассасаси ва уларнинг 12та филиалларидаги ҳар бир ўринга 10.9 абитуриент тўғри келмоқда.

2016 йилда 663 минг 304 абитуриент олийгоҳларга ҳужжат топширган эди. Ўшанда олийгоҳлар сони бир нечтага оз бўлгани учун ҳар бир ўринга 11,5 талабгор тўғри келган.

XS
SM
MD
LG