Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:38

Пули бор абитуриентларга ўқишга кириш имкони кенгайди


Мирзиёев тест синовларидан ўта олмаган абитуриентлар учун ўқишга кириш имконини берувчи қарорни имзолади. Қарорга кўра, абитуриент камида 68 балл тўплаши ва молиявий имконга эга бўлиши лозим.

Президент Мирзиёевнинг 5 май куни имзолаган қарорига мувофиқ, эндиликда тест синовларидан муваффақиятли ўта олмаган абитуриентлар ҳам талабаликка қабул қилиниши мумкин.

Қарорда белгиланишича, бунинг учун абитуриент камида 68 балл тўплаган бўлиши шарт. Шунингдек, тўлов-контракт пулининг оширилган ставкасини тўлаш имконига эга бўлиши лозим.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан олинган маълумотга кўра, ҳозирча янги тартибнинг механизми ишлаб чиқилмаган.

Ҳозирча контракт пулининг қанчалиги маълум эмас. Қўшимча контракт ҳисобида очиладиган ўринлар сони ҳам аниқ эмас.

Давлат Тест маркази (ДТМ)дан олинган маълумотга кўра, қўшимча контракт ўринлари ҳар бир олийгоҳнинг имкониятидан келиб чиқиб белгиланади:

"Давлат комиссияси ҳар бир олий таълим муассасанинг мавжуд имкониятлари ва таълим йўналишларидан келиб чиқиб, ўша олийгоҳнинг қўшимча қабулни амалга ошириши учун квота миқдорини белгилаб чиқади. Тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси ҳам абитуриентлар тўплаган балларга қараб Давлат комиссияси томонидан дифференциялашган тартибда белгиланади", деди ДТМ масъули.

Масъул сўзларига кўра, 68 балл тўплаган барча абитуриент ҳам талаба бўлиш бахтига муяссар бўла олмайди:

"Камида 68 балл дейилган. Шунча балл тўплаган абитуриентлар орасидан кетма-кетлик сақланган ҳолда танлаб олинади. Агар танланган абитуриент белгиланган миқдордаги контракт пулини тўлай олмаса, унинг ўрнига кейинги абитуриент олиниши мумкин. Ҳозирча бошқа тафсилотларини айта олмайман. Яқин кунларда бу жараённинг қандай бўлишини маълум қиламиз", деди масъул.

ДТМ масъулига кўра, янги тартиб орқали тест жараёнига коррупция аралашишининг олдини олиш режалаштирилган.

"Бу жараён механизимини тақдим қилгач биласиз, қанчалик ошкоралик кўринишида ўтишини. Бу ерда пора ҳам, таниш-билиш ҳам аралашишига йўл қўйилмайди", деди ДТМ масъули.

Бироқ Озодлик суҳбатлашган бўлажак абитуриентлар тест синовларининг коррупциядан ҳоли ўтишига ишонмасликларини айтишди.

Жумладан, 22 яшар Мурод исмли хоразмлик йигит иддаосича, икки йилдан бери Тошкент Иқтисодиёт университетига кира олмаётгани сабаби айнан тест жараёнидаги порахўрликдир:

"Мен коллежни яхши битирганман. Билимимга ишонаман. Тест пайти айрим абитуриентларга очиқчасига ёрдам беришганига гувоҳ бўлганман. Икки йил ҳаракат қилиб кира олмадим. Мен танийдиган бир бола отасининг пули билан талаба бўлди. У мактабда ҳам, коллежда ҳам жуда паст баҳога ўқиганди", деди хоразмлик Мурод.

Президент қарорига кўра, жорий йилда олийгоҳларга қабул қилинадиган талабалар сони 8 минг 409 тага кўпайтирилган бўлиб, жами 66 минг 316 талаба қабул қилинади.

Тиббиёт олийгоҳлари эндиликда давлат гранти асосида ҳудудларга тақсимланган квота билан талаба қабул қиладиган бўлди.

Бу йил Тошкент давлат стомотология институтининг барча вилоятлардаги филиаллари, Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали, Тошкент кимё-технология институти Қўнғирот бўлимининг сиртқи бўлими ёпилди.

Айни пайтда Термизда Тошкент техника университети ва Тошкент аграр университетининг филиаллариУрганчда эса Тошкент тиббиёт академияси филиали очилди. Шунингдек, Навоий кончилик институти ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтида махсус сиртқи бўлимлар ташкил қилинади.

Ўзбекистон олийгоҳларида кириш баллари ҳар бир ўқув муассасида алоҳида белгиланади. Жумладан, ўтган ўқув йилида Тошкент юридик университетига ўтиш бали давлат гранти учун 197,3 балл, тўлов шартномаси учун 167,6 балл бўлган эди.

XS
SM
MD
LG