Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:31

Шакар ишлаб чиқариш қайта тикланмоқда. Импорт шакарга 20% солиқ солинди


Ўзбекистонда арзон шакар тақчиллиги тез-тез кузатилади.
Ўзбекистонда арзон шакар тақчиллиги тез-тез кузатилади.

Президент Шавкат Мирзиëевнинг 12 декабрь кунги фармони билан импорт шакарга 20 фоизлик қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) жорий қилинди.

Янги фармонда 2018 йил январида шакар хом ашёси импортига берилган имтиёзлар 2020 йил 1 январига қадар узайтирилгани ҳолда¸ тайёр шакардан олиб ташланган ҚҚС қайта киритилди.

Бунинг ортидан Янги йил дастурхонига турли хил ширинлик пишириш мавсуми бошланган бир даврда Ўзбекистон бўйлаб шакар нархи кўтарилди.

Президент ўз фармонига Янги йил арафасида ўзи ўзгартиш киритди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 2018 йилнинг 12 декабрида «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 16 январдаги ПФ-5303-сон Фармонига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” 5596-сонли янги фармонни чиқарди.

Фармонни шарҳлаган Давлат божхона қўмитаси расмийси¸ уни содда қилиб¸ президент шакар ишлаб чиқарувчилар импорт қилаëтган хом ашëни қўшилган қиймат солиғи тўлашдан 2020 йил 1 январига (ўтган йилги фармонда бу 2019 йил 1 январигача деб белгиланган – таҳр.) қадар озод қилган ҳолда¸ тайëр шакарни бу тоифадан чиқарганини билдирди:

“12 декабрь кунги фармон билан импорт қилинаëтган тайëр шакарга 20 фоизлик НДС (ҚҚС) жорий қилинди. Янги фармонда шакар хом ашёсига имтиёзлар сақлаб қолинди, фақат тайёр шакарга эмас”.

Озодлик суҳбатлашган Давлат солиқ қўмитаси мутахассиси 2018 йил давомида импорт қилинган шакарнинг ҚҚСдан озод этилганини ички бозордаги талабни қондириш ва чакана нархлар кескин ошиб кетиши олдини олиш учун кўрилган вақтинчалик чора бўлганини таъкидлади.

Қўмита мутахассиси¸ 2018 йилнинг 12 декабридан бошлаб импорт қилинаëтган (асосан Украинадан - таҳр.) тайëр шакарга 20 фоизлик ҚҚС жорий қилинишини "ички ишлаб чиқарувчини оëққа турғизишга ëрдам бериш" мақсади билан изоҳлади.

2017 йил сентябрида Мирзиëев ҳукумати ўзбек сўмини девальвация қилиши ортидан Ўзбекистондаги шакар ишлаб чиқарувчи иккала завод - «Хоразм-шакар» ва «Ангрен-шакар» йил охирига бориб ишдан тўхтаган эди.

"Ўзбекозиқовқатҳолдинг" раиси ўринбосари Асатилла Салимов 2018 йил август ойида маҳаллий матбуотга бу иккала заводни ишга тушириш устида иш бораëтганини билдирган эди.

2018 йилнинг 18 декабрь куни Озодлик тўлиқ ишга тушган тақдирда йилига 700 минг тонна шакар ишлаб чиқариши айтилган бу иккала заводнинг ишга тушган-тушмаганига оид аниқ маълумотни топа олмади.

"Хоразм-шакар" раҳбарияти қабулхонаси "шакар ишлаб чиқариш бошландими" деган саволга жавоб беришни истамаган бўлса¸ "Ангрен-шакар" мулозими ўтган ойдан ишлаб чиқариш йўлга қўйилганини билдирди.

2018 йил июль ойида "Ангрен-шакар"нинг 20 фоизлик акциясини "Савдогар банк" сотиб олган бўлса¸ сентябрь ойида тошкентлик Анвар Тошевнинг "Хоразм- шакар" заводи акцияларининг 99,4 фоизини сотиб олгани хабар қилинди.

Шакар қимматлади

12 декабрь кунги президент фармони ортидан Ўзбекистон бўйлаб шакар нархи улгуржи ва чакана савдода ошгани кўрилди.

17 декабрь куни Озодлик гаплашган шакар билан улгуржи савдо қилувчи тадбиркор¸ 12 декабрь кунги қарор чиқиши билан шакар автоматик тарзда 20 фоизга қимматлаганини билдирди.

Килосини 12 декабргача 4160 сўмдан олаëтгандим¸ҳозир 4500 сўм бўлди. Қопи 208 минг эди¸ ҳозир 225 минг бўп турипти. Бу олишим. Сотишим килосига энди 5300-5500 сўм бўлади”¸ деди Чилонзордаги дўконлардан бирида савдо қилаëтган тадбиркор.

17 декабрь куни Озодлик мухбири тошкентликлар орасида оммалашган Корзинка супермаркетлар тармоғига телефон қилиб¸ шакар нархида ўзгариш бўлган-бўлмагани билан қизиқди.

Супермаркетлар тармоғининг истеъмолчилар учун очиқ телефон линиясига жавоб берган оператор¸ шакарнинг 17 декабрь кунги нархини lebazar.uz сайтидан текшириб кўришни тавсия қилди.

Бу сайтда 200 граммлик пакетдаги шакарнинг 2890 сўм (килоси 14 450 сўм)¸ айни пайтда¸ 900 граммлик пакетдаги шакарнинг 4490 сўм (килоси 4939 сўм) қилиб нархланганини кўриш мумкин.

Шакарнинг 17 декабрь куни "Корзинка" дўконларида айни шу нархда сотилаëтган-сотилмаëтганига оид саволга супермаркет ходимлари жавоб бера олмасликларини билдирдилар.

Иқтисодчи: Шакар қимматлаши ўзбекистонликларни камбағаллаштиради!

Telegram ижтимоий тармоғида “Иқтисодчи кундалиги” рукнини олиб бораëтган Беҳзод Ҳошимов декабрь ойи бошида Украина билан кузатилган қисқа савдо урушига шарҳ бериб¸ Украинадан шакар импорти тўхталиши эҳтимолига қуйидагича шарҳ берган эди.

ОАВлар «Украинадан шакар олиш тўхтатилди» деб эмас, «Ўзбекистонликлар ўртача яна камбағаллашади» деб ёзиш керак эди. Сабаби оддий. Украинадан шакар келиши тўхтаса, шакарнинг нархи, албатта, ошади. Лекин шакар, жуда ноэластик товар бўлиб, нархи ошишига қарамасдан, истеъмоли деярли камаймайди. Бу ҳар бир ўзбекистонлик инсон, оз бўлса-да камбағаллашади, дегани. Масалан, оила бюджетининг шакарга чиқими 3% бўлган бўлса, энди, дейлик, 4% бўлади».

Маҳаллий ва Россия матбуотининг Давлат Статистика қўмитаси сентябрь ойида эълон қилган сўнгги рақамларга таяниб ëзишича¸ 2018 йилнинг 8 ойи давомида (шу даврда Ўзбекистондаги икки шакар заводи ишламаган) Ўзбекистонга жами 244 миллион долларлик тайëр шакар импорт қилинган ва бу 2017 йилнинг айни даврига нисбатан 2713 баравар кўпдир. Импорт қилинган шакарнинг 89 фоизи Украина ҳисобига тўғри келган. Бундай кўпайиш¸ айнан импорт шакарга нисбатан ҚҚСнинг олиб ташланиши билан изоҳланган.

Расмий ҳисоб-китобга кўра¸ Ўзбекистонда бир йилда жон бошига ўртача 15-16 килограмм шакар истеъмол қилинади.

XS
SM
MD
LG