Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:36

Ўзбекистондаги иккала шакар заводи ҳам банкротлик ёқасига келиб қолди


Ҳазораспдаги “Хоразм шакар” заводи
Ҳазораспдаги “Хоразм шакар” заводи

Ўтган йилнинг ноябрида ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган Хоразм ва Тошкент вилоятидаги шакар заводлари бутунлай ёпилиши мумкин. Ишчиларини ўз ҳисобидан 2 ойлик таътилга жўнатган иккала завод мажбурий таътилни 10 апрелгача узайтирди. Мулозимларга кўра, заводларнинг конвертация билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилиш имкони топилмаяпти.

Мажбурий бепул таътил яна 3 ойга узайтирилди

Икки ойлик бепул таътилга чиқарилган “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” заводлари ишчилари 10 январь куни мажбурий таътил яна 3 ойга узайтирилганидан хабар топишди.

Озодликка мурожаат қилган “Хоразм шакар” заводи ишчиларига кўра, бу хабардан сўнг аксар ишчилар ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган:

Бизга 10 апрелгача яна таътилда бўласиз дейишди. Яна ўз ҳисобимиздан 3 ой бир тийин пулсиз уйда ўтирар эканмиз.

“Бизга 10 апрелгача яна таътилда бўласиз дейишди. Яна ўз ҳисобимиздан 3 ой бир тийин пулсиз уйда ўтирар эканмиз. Мен ўйлаб кўриб, Қозоғистонга кетиб ишлашга қарор қилдим. Ариза ҳам ёздим. “Агар апрелда келсанг, завод қайта очилса, қайта ишга оламиз”, деди. Очилмасачи? Ҳеч ким очилишига гарантия ҳам бергани йўқ. Кейин Қозоғистонга шунча ҳаражат қилиб бориб, 3 ойда қайтиб келиш ҳам аҳмоқлик бўлади. Ўзи йўлкира пулини ҳам қўшниларимдан қарз олдим. Ишдан бўшаш аризаси ёзганлар кўп”, дейди “Хоразм шакар” заводининг собиқ ишчиси исмини очиқламаслик шарти билан.

Завод раҳбарияти ишчиларнинг товон пули тўлаш бўйича талабини инкор қилганини айтади яна бир ишчи:

“Бировнинг банкдан кредити бор, яна бировнинг бошқа ташвиши, бошқаси оиламда мендан бошқа боқувчим йўқ, четга чиқиб ишлаб билмайман, оилам оч қолади, менга компенсация тўланг деганлар ёки пуллик отпуска беринг деганлар кўп бўлди. Ҳаммасига рад жавоби берилди”, дейди завод ишчиларидан бири.

Расмий сайтларида келтирилган маълумотга кўра¸ “Хоразм шакар”да 1500 нафар, “Ангрен шакар”да эса 500 нафар ишчи-хизматчи ишлайди.

Ҳукумат жавоби кутилмоқда

“Хоразм шакар”нинг Тошкентдаги офиси ходимаси Озодлик билан суҳбатда завод тақдири ҳукуматнинг қарорига боғлиқ эканини айтди:

- Ҳукумат сукут сақламоқда. Биз билмаймиз. Ҳукумат ҳали ҳеч қандай қарор қабул қилгани йўқ,- деди ўзини таништирмаган ходима.

Завод тақдири шахсан Бош вазир Абдулла Арипов қабул қиладиган қарорга боғлиқ

Заводнинг Тошкентдаги офиси ходимларидан яна бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда "завод тақдири шахсан Бош вазир Абдулла Арипов қабул қиладиган қарорга боғлиқ" эканини айтди.

Шакар заводлар банкрот деб эълон қилиниши мумкин

Каримов даврида урилиб, Мирзиёев ҳукуматга келгач, раҳбарлик лавозимига қайтган Тоҳир Жалилов бошчилик қиладиган “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ширкати бевосита шакар заводлари фаолияти учун масъул ташкилотлардан бири.

Ушбу ташкилотдан олган расмий жавобимиз “Ёзма равишда мурожаат қилинг, ўрганиб кўриб, кейин жавоб берамиз” мазмунида бўлди.

Бироқ ушбу ширкатнинг мулозимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда шакар заводлари билан боғлиқ масала “боши берк кўчага кириб қолгани”ни айтди:

Заводлар умуман очилмаслиги мумкин. Банкрот деб эълон қилиш хавфи ҳам йўқ эмас. Бу хавфни 70-75 фоиз дейишимиз мумкин

“Бу конвертация масаласи ҳал бўладиганга ўхшамаяпти. Бир қанча таклифлар киритилган. Бироқ бирортасидан ҳозирча ижобий натижа йўқ. Ҳозир яна таътил берилгани билан 3 ой ичида бирор янгилик бўлиши эҳтимолдан узоқроқ. Заводлар умуман очилмаслиги мумкин. Банкрот деб эълон қилиш хавфи ҳам йўқ эмас. Бу хавфни 70-75 фоиз дейишимиз мумкин”, деди ширкат мулозимларидан бири.

Ширкатнинг яна бир мулозимининг айтишича, маҳаллий заводларни ишлатишдан кўра, хориждан импорт шакар келтириш арзонлиги боис заводлар муаммоси ечимига жиддий эътибор ҳам берилмаяпти:

“Боиси биз ҳисоб-китоб қилиб кўрдик. Маҳаллий шакар ишлаб чиқариш учун маҳсулот хориждан олиб келинади. Бунинг қанчалик қимматга тушишини айта олмайман. Аммо Россиядан келтирилаётган шакар анча арзонга тушмоқда. Хориж шакари келтирилишининг осон йўлларини излаган маъқул бўлаяпти ҳозирги шароитда”, деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда исмини очиқламаётганимиз мулозим.

Боши берк кўчага кирган "импорт шакар лойиҳаси"

Ҳукуматнинг шакарга бўлган эҳтиёжни импорт шакар билан қоплашга оид тадбирлари ҳам самарасиз бўлаётгани тўғрисида Озодлик декабрда ёзган эди.

Ўзбек сўми девальвациясидан сўнг маҳаллий заводлар фаолиятида муаммо юзага келгач, ҳукумат аҳолининг шакарга бўлган эҳтиёжини импорт шакар билан қоплашни режалаштирган эди.

2017 йил, 12 сентябрь куни президент қарори билан Ўзбекистонга импорт қилинадиган шакар божхона тўловларидан озод этилганди.

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” импорт шакар орқали барча савдо нуқталарини керакли миқдордаги шакар билан таъминлашини маълум қилган ва Россиядан 150 минг тонна шакар импорт қилиниши хабар қилинган эди.

Ҳукуматнинг эҳтиёжни импорт шакар билан қоплаш режаси ҳам логистика муаммоси боис амалга ошмаяпти.
Ҳукуматнинг эҳтиёжни импорт шакар билан қоплаш режаси ҳам логистика муаммоси боис амалга ошмаяпти.

Россия шакарини олиб келиш “Ўзбекозиқовқатхолдинг” тузилмасига кирувчи “Ўзагроэкспорт”, Agro Export Poytaxt ва “Деҳқон савдо” компаниялари зиммасига юклатилган.

Ушбу ширкатлардан бирида ишловчи мулозимнинг Озодлик билан декабрдаги суҳбатда айтишича, бугунги кунда ҳукуматнинг Россиядан арзон шакар олиб келиш лойиҳаси ҳам боши берк кўчага кириб қолган.

“Ҳукумат импорт шакарнинг 1 тоннаси нархи 500 доллардан ошмаслигини топширди. Бу чеклов асосий муаммолардан бири бўлди. Тўғри, ушбу нархда бир қанча шартнома имзоланди. Жумладан, Россиянинг “Продимпекс”, “Трио XXI”, “Уваровский шакар” заводлари билан 380 – 437 долларлик нархда шартнома имзоланди. Лекин транспорт харажатини ким қоплайди? Ҳозир логистика муаммосини ҳеч ким ҳал қила олмаяпти. Асосий логистика ширкатларини ёпиб ташлашди. Ҳозир борлари эса буни эплай олмаяпти. Ҳозир шакар импорти деярли тўхтаб қолди. Бу кетишда янги йилгача запасдаги шакар сотиб бўлинади. Кейин шакар нархи жуда қимматлаб кетиш хавфи бор”, дейди исмини очиқламаётганимиз мулозим.

Заводларнинг вақтинча ёпилиш сабаби

“Хоразм шакар” заводи мулозимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда завод ёпилишини Марказий банк ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан курсини кескин кўтариб юборгани билан боғлаган.

Ўзини таништиришни истамаган мулозим 30 октябрь кунги суҳбатда “Хоразм шакар” девальвациядан сўнгги икки ой ичида 17 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдорида зарар кўрганини айтган эди.

1 кило шакарни 43 цент зарарига сотаяпмиз. Заводнинг гази, свети, ишчилар ойликлари, ремонт, запчастлар ҳаммаси зараримизга бўлаяпти

“Шакарқамишнинг 1 килосини 55 центдан хориждан сотиб оламиз. Олдин бизга долларни 4210 сўм 35 тийиндан конвертация қилишга рухсат берилганди. Девальвациядан сўнг 8200 сўмга тўғри келди. Девальвациядан олдин 1 кило шакар ишлаб чиқариш учун 55 центлик хом-ашё ва яна 40 центлик харажат кетган. Жами 95 центлик харажат қилиб, тайёр маҳсулотни 1 доллар 2 центга сотганмиз. Ҳозир эса, 1 кило шакарни 43 цент зарарига сотаяпмиз. Заводнинг гази, свети, ишчилар ойликлари, ремонт, запчастлар ҳаммаси зараримизга бўлаяпти”, деган эди мулозим.

“Хоразм шакар” ширкатининг Тошкентдаги бош офиси ходими 20 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда иккала завод ҳам девальвациядан сўнг хориждан хом ашё олиб келишни тўхтатганини айтган.

Ўтган йил ноябрь ойида маҳаллий матбуот “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси матбуот котиби У. Рўзиевга таяниб, мамлакат бўйлаб сотувдаги шакар нархини 5000 сўмдан оширмаслик лозимлиги ҳақида ҳукумат топшириғи борлиги ҳақида хабар тарқатган эди.

"Хоразм шакар” заводи мулозими Озодлик билан суҳбатда¸ маҳаллий заводлар ишлаб чиқараëтган шакарни бу нархда сотиш имконсизлигини айтади.


“Биз фойда кўришимиз учун шакарнинг килосини 7500 сўмдан сотиш керак. Фақат шундагина завод фаолият кўрсатиши мумкин. Ёки конвертация курсини енгилроқ қилиш керак”, деган Озодлик суҳбатлашган завод мулозими.

Девальвация оқибатлари

Ўзбекистон Марказий банки 2017 йилнинг 5 сентябрида миллий валюта – сўмни деярли икки баробарга қадрсизлантирди - бунгача бир АҚШ долларининг расмий курси 4210 сўм бўлган бўлса, ўша кундан 8100 сўм қилиб белгиланди.

Ўзбекистон девальвация оқибатларини юмшатиш учун Жаҳон банкидан қарз олмоқчи
Ўзбекистон девальвация оқибатларини юмшатиш учун Жаҳон банкидан қарз олмоқчи

Ўзбек сўмининг девальвация бўлганидан сўнг бунгача расмий конвертация имтиëзидан фойдаланиб келган¸ фаолияти импорт шартномалари¸ хусусан¸ хориждан хом-ашë олиб келишга алоқадор ширкат ва тадбиркорлар молиявий муаммога учрай бошлади.

Ўзбекистон ҳукумати миллий валюта девальвацияси оқибатларини юмшатиш учун Жаҳон банки билан 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Шакар бизнеси

Шакар учун навбат
Шакар учун навбат

Ўзбекистонда мева пишиқчилиги мавсумида шакар нархининг ошиши муттасил кузатилаëтган муаммо.

Ҳукумат мамлакатнинг шакарга бўлган эҳтиёжини тўлиқ маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига қондириш иддаоси билан 1998 йилда Хоразм вилоятида йилига 180 минг тонна шакар ишлаб чиқарадиган завод қурди. “Хоразм шакар” Ўзбекистон-Австрия-АҚШ қўшма корхонаси, расмий маълумотларга кўра¸ мамлакатнинг шакарга нисбатан эҳтиёжининг 60 фоизини қондиради.

2014 йилнинг бошида Тошкент вилоятидаги "Ангрен" махсус индустриал ҳудудда кунига минг тонна шакар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган янги завод ишга тушди. Лойиҳани амалга ошириш учун 83 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағ сарфлангани айтилди. Расмийлар Сингапур ва Австрия ширкатлари билан ҳамкорликда қурилган “Ангрен шакар” ишга тушганидан кейин Ўзбекистоннинг шакарга нисбатан эҳтиёжи тўлиғича маҳаллий маҳсулот ҳисобига қондирилишини ваъда қилди.

Юзлаб миллион долларлик Ўзбекистон шакар бозорини давлат номидан бошқарувнинг энг юқори поғоналарига алоқадор саноқли шахслар назорат қилиши айтилади.

Озодлик билан шахси сир қолиш шарти билан гаплашган ўзбекистонлик тадбиркорлар¸ Ислом Каримов даврида шакар бизнесининг йирик монополистларидан бири Ўзбекистон Футбол федерацияси собиқ президенти Мираброр Усмонов бўлиб келганини билдирди.

Гулнора Каримова "Баҳо шакар" (ўнгдан биринчи) билан.
Гулнора Каримова "Баҳо шакар" (ўнгдан биринчи) билан.

Ўзбекистондаги шакар бизнеси монополистларидан бири сифатида “Баҳо шакар” лақаби билан танилган Баҳодир Каримжонов мамлакат прокуратураси бу бизнесни тафтиш қила бошланганидан кейин 2013 йил бошида Дубайга қочиб кетган.

Каримжонов оиласига яқин манбалардан бирининг исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка айтишича, Баҳодир Каримжонов шакар ва яна бошқа соҳалардаги йирик бизнесини марҳум президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳомийлигида юритиб келган.

Европанинг қатор давлатларида йирик миқдордаги коррупция айбловлари ортидан Гулнора Каримова бу айбловлар марказига тушганидан сўнг¸ президент тўнғичининг Ўзбекистон ичкарисидаги бизнес империяси қулатилди.

XS
SM
MD
LG