Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:45

Ўзбекистондаги иккала шакар заводи ҳам тўхтади. Шакар тақчиллиги бошланиши мумкин


Ҳукуматнинг эҳтиёжни импорт шакар билан қоплаш режаси ҳам логистика муаммоси боис амалга ошмаяпти.
Ҳукуматнинг эҳтиёжни импорт шакар билан қоплаш режаси ҳам логистика муаммоси боис амалга ошмаяпти.

Хоразм ва Тошкент вилоятидаги шакар заводлари ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб, ишчиларини ўз ҳисобидан таътилга жўнатди. Расмийларга кўра, ўзбек сўми девальвациясидан сўнг иккала завод ҳам фақат зарарига ишлаган ва ходимларига ойлик бера олмай қолган. Айни пайтда ҳукуматнинг шакарга бўлган эҳтиёжни импорт шакар билан қоплашга оид тадбирлари ҳам самарасиз бўлаяпти.

Икки ойлик мажбурий бепул таътил

“Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” заводлари жорий йил ноябрь ойи бошидан фаолиятини вақтинча тўхтатиб, ишчиларини 2018 йилнинг 10 январига қадар бепул таътилга чиқарди.

Ҳозараспдаги "Хоразм шакар" заводи
Ҳозараспдаги "Хоразм шакар" заводи

Жумладан, Ҳазораспдаги “Хоразм шакар” заводи жорий йил 10 ноябрь куни ишларининг асосий қисмини таътилга чиқариб, фақат юк ташиш бўлими ишчиларини олиб қолган. Бу ҳақда Озодликка гапирган завод ишчисига кўра, 15 декабрдан бошлаб, юк ташувчилар ҳам таътилга чиқарилиб, завод фаолиятини тўла тўхтатган.

“Кимда аввал олинмаган отпуск бўлса, уларни пуллик таътилга чиқаришди. Лекин отпускаси йўқларнинг барчаси “бессодержание” олди. Омборда қолган шакарни жўнатиш ишлари учун юк ташувчиларни олиб қолишди. 15 декабрь куни завод омбори ҳам бутунлай бўшади. Шунинг учун юкчиларни ҳам отпускка чиқарди. Энди ҳамма 10 январгача таътилда бўлади”, деди завод ишчиси исмини очиқламаслик шарти билан.

Расмий сайтларида келтирилган маълумотга кўра¸ “Хоразм шакар”да 1500 нафар, “Ангрен шакар”да эса 500 нафар ишчи-ходим ишлайди.

Таътил яна узайтирилади

30 октябрь куни Озодлик “Хоразм шакар” фаолиятини вақтинча тўхтатиш режаси билан ишчиларини ўз ҳисобидан таътилга чиқиш учун ариза тўплаётгани ҳақида хабар берган эди.

20 декабрь куни Озодликка маълум бўлишича, иккала заводнинг ҳам 10 январдан ўз фаолиятни қайта бошлаш режаси амалга ошмаслиги тахмин қилинмоқда.

Бу ҳақда “Хоразм шакар” ширкатининг Тошкентдаги бош офиси ходимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда маълум қилди.

“Иккала завод ҳам расман техник профилактика ишлари билан вақтинча ёпилди, дейилди. Икки ой ичида заводлар фаолиятини қайта йўлга қўйиш учун бирор йўли топилиши умид қилинганди. Мана декабрь охирлаяптики, ҳозирча бирор ечим топилгани йўқ. Энди заводлар ишчилари 10 январь куни чақиртирилиб, қайта ариза олиниб, яна таътилга жўнатилади¸” деди “Хоразм шакар” ширкатининг Тошкентдаги бош офиси ходимларидан бири.

Заводларнинг вақтинча ёпилиш сабаби

“Хоразм шакар” заводи мулозимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда завод ёпилишини Марказий банк ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан курсини кескин кўтариб юборгани билан боғлайди.

Ўзини таништиришни истамаган мулозим 30 октябрь кунги суҳбатда “Хоразм шакар” девальвациядан сўнгги икки ой ичида 17 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдорида зарар кўрганини айтган эди.

Шакарқамишнинг 1 килосини 55 центдан хориждан сотиб оламиз. Олдин бизга долларни 4210 сўм 35 тийиндан конвертация қилишга рухсат берилганди. Девальвациядан сўнг 8200 сўмга тўғри келди. Девальвациядан олдин 1 кило шакар ишлаб чиқариш учун 55 центлик хом-ашё ва яна 40 центлик харажат кетган. Жами 95 центлик харажат қилиб, тайёр маҳсулотни 1 доллар 2 центга сотганмиз. Ҳозир эса 1 кило шакарни 43 цент зарарига сотаяпмиз. Заводнинг гази, свети, ишчилар ойликлари, ремонт, запчастлар ҳаммаси зараримизга бўлаяпти”, деган эди мулозим.

“Хоразм шакар” ширкатининг Тошкентдаги бош офиси ходими 20 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда иккала завод ҳам девальвациядан сўнг хориждан хом ашё олиб келишни тўхтатганини айтди.

Ўтган ой маҳаллий матбуот “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси матбуот котиби У. Рўзиевга таяниб, мамлакат бўйлаб сотувдаги шакар нархини 5000 сўмдан оширмаслик лозимлиги ҳақида ҳукумат топшириғи борлиги ҳақида хабар тарқатган эди.

"Хоразм шакар” заводи мулозими Озодлик билан суҳбатда¸ маҳаллий заводлар ишлаб чиқараëтган шакарни бу нархда сотиш имконсизлигини айтади.

“Биз фойда кўришимиз учун шакарнинг килосини 7500 сўмдан сотиш керак. Фақат шундагина завод фаолият кўрсатиши мумкин. Ёки конвертация курсини енгилроқ қилиш керак”, дейди Озодлик суҳбатлашган завод мулозими.

Боши берк кўчага кирган "импорт шакар лойиҳаси"

Ўзбек сўми девальвациясидан сўнг маҳаллий заводлар фаолиятида муаммо юзага келгач, ҳукумат аҳолининг шакарга бўлган эҳтиёжини импорт шакар билан қоплашни режалаштирди.

12 сентябрь куни президент қарори билан Ўзбекистонга импорт қилинадиган шакар божхона тўловларидан озод этилди.

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” импорт шакар орқали барча савдо нуқталарини керакли миқдордаги шакар билан таъминлашини маълум қилди.

Россия Қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачёв президент Мирзиёев билан
Россия Қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачёв президент Мирзиёев билан

23-25 сентябр кунлари Россия Қишлоқ хўжалик вазири Александр Ткачёв бошчилигидаги делегациянинг Тошкентдаги сафари давомида рус шакарини Ўзбекистонга экспорт қилиш масаласи кўрилди. Кейинчалик ноябрь-декабрь ойларида Россиядан 150 минг тонна шакар импорт қилиниши хабар қилинди.

Россия шакарини олиб келиш “Ўзбекозиқовқатхолдинг” тузилмасига кирувчи “Ўзагроэкспорт”, Agro Export Poytaxt ва “Деҳқон савдо” компаниялари зиммасига юклатилди.

Ушбу ширкатлардан бири мулозимининг Озодлик билан суҳбатда айтишича, бугунги кунда ҳукуматнинг Россиядан арзон шакар олиб келиш лойиҳаси боши берк кўчага кириб қолган.

“Ҳукумат импорт шакарнинг 1 тоннаси нархи 500 доллардан ошмаслигини топширди. Бу чеклов асосий муаммолардан бири бўлди. Тўғри, ушбу нархда бир қанча шартнома имзоланди. Жумладан, Россиянинг “Продимпекс”, “Трио XXI”, “Уваровский шакар” заводлари билан 380 – 437 долларлик нархда шартнома имзоланди. Лекин транспорт харажатини ким қоплайди? Ҳозир логистика муаммосини ҳеч ким ҳал қила олмаяпти. Асосий логистика ширкатларини ёпиб ташлашди. Ҳозир борлари эса буни эплай олмаяпти. Ҳозир шакар импорти деярли тўхтаб қолди. Бу кетишда янги йилгача запасдаги шакар сотиб бўлинади. Кейин шакар нархи жуда қимматлаб кетиш хавфи бор”, дейди исмини очиқламаётганимиз мулозим.

Девальвация оқибатлари

Ўзбекистон Марказий банки 2017 йилнинг 5 сентябрида миллий валюта – сўмни деярли икки баробарга қадрсизлантирди - бунгача бир АҚШ долларининг расмий курси 4210 сўм бўлган бўлса, ўша кундан 8100 сўм қилиб белгиланди.

Ўзбек сўмининг девальвация бўлганидан сўнг бунгача расмий конвертация имтиëзидан фойдаланиб келган¸ фаолияти импорт шартномалари¸ хусусан¸ хориждан хом-ашë олиб келишга алоқадор ширкат ва тадбиркорлар молиявий муаммога учрай бошлади.

Ўзбекистон ҳукумати миллий валюта девальвацияси оқибатларини юмшатиш учун Жаҳон банки билан 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Шакар бизнеси

Шакар учун навбат
Шакар учун навбат

Ўзбекистонда мева пишиқчилиги мавсумида шакар нархининг ошиши муттасил кузатилаëтган муаммо.

Ҳукумат мамлакатнинг шакарга бўлган эҳтиёжини тўлиқ маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига қондириш иддаоси билан 1998 йилда Хоразм вилоятида йилига 180 минг тонна шакар ишлаб чиқарадиган завод қурди. “Хоразм шакар” Ўзбекистон-Австрия-АҚШ қўшма корхонаси, расмий маълумотларга кўра¸ мамлакатнинг шакарга нисбатан эҳтиёжининг 60 фоизини қондиради.

2014 йилнинг бошида Тошкент вилоятидаги "Ангрен" махсус индустриал ҳудудда кунига минг тонна шакар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган янги завод ишга тушди. Лойиҳани амалга ошириш учун 83 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағ сарфлангани айтилди. Расмийлар Сингапур ва Австрия ширкатлари билан ҳамкорликда қурилган “Ангрен шакар” ишга тушганидан кейин Ўзбекистоннинг шакарга нисбатан эҳтиёжи тўлиғича маҳаллий маҳсулот ҳисобига қондирилишини ваъда қилди.

Юзлаб миллион долларлик Ўзбекистон шакар бозорини давлат номидан бошқарувнинг энг юқори поғоналарига алоқадор саноқли шахслар назорат қилиши айтилади.

Озодлик билан шахси сир қолиш шарти билан гаплашган ўзбекистонлик тадбиркорлар¸ Ислом Каримов даврида шакар бизнесининг йирик монополистларидан бири Ўзбекистон Футбол федерацияси собиқ президенти Мираброр Усмонов бўлиб келганини билдирди.

Ўзбекистондаги шакар бизнеси монополистларидан бири сифатида “Баҳо шакар” лақаби билан танилган Баҳодир Каримжонов мамлакат прокуратураси бу бизнесни тафтиш қила бошланганидан кейин 2013 йил бошида Дубайга қочиб кетган.

Гулнора Каримова "Баҳо шакар" билан.
Гулнора Каримова "Баҳо шакар" билан.

Каримжонов оиласига яқин манбалардан бирининг исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка айтишича, Баҳодир Каримжонов шакар ва яна бошқа соҳалардаги йирик бизнесини марҳум президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳомийлигида юритиб келган.

Европанинг қатор давлатларида йирик миқдордаги коррупция айбловлари ортидан Гулнора Каримова бу айбловлар марказига тушганидан сўнг¸ президент тўнғичининг Ўзбекистон ичкарисидаги бизнес империяси қулатилди.

XS
SM
MD
LG