Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:34

Рустам Иноятов Президент маслаҳатчиси лавозимидан олинди


Рустам Иноятовнинг истеъфоси сабаби очиқланмаяпти, айни пайтда у Сенат аъзоси ҳам.
Рустам Иноятовнинг истеъфоси сабаби очиқланмаяпти, айни пайтда у Сенат аъзоси ҳам.

Миллий хавфсизлик хизматининг (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) собиқ раиси Рустам Иноятов Президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан олинди.

15 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов бу лавозимга Бахтиёр Исломов тайинланганини маълум қилди. Расмий хабарда Рустам Иноятовнинг ишдан олингани ҳақида ҳеч нарса дейилмайди.

Иноятов 2018 йилнинг август ойидан буён ушбу лавозимни эгаллаб келаётган эди.

76 ёшли Рустам Иноятов Ўзбекистон махсус хизматлари - собиқ МХХга 1995 йил 27 июнидан 2018 йил 31 январигача (қарийб 23 йил) раислик қилган. У 2016 йил сентябрида Ислом Каримов вафоти ортидан мамлакатдаги ҳокимият ўтиш жараёнида муҳим рол ўйнагани айтилади.

Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг Телеграм канали орқали 15 ноябрь куни Рустам Иноятов эгаллаб келган президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига Бахтиёр Исломов тайинлангани ҳақида хабар қилди.

"Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан Исломов Бахтиёр Жаҳонгирович Президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. У бунгача Президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаб келаётган эди",-дея ёзди Шерзод Асадов.

Иноятовнинг бу лавозимдан олингани сабаби ва кейинги тақдири Озодликка ҳозирча маълум эмас.

Иноятов Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати)дан 2018 йил 31 январь куни истеъфога чиқарилган.

Рустам Иноятов МХХ раислигидан четлатилганидан сўнг ҳам аввалги таъсирини сақлаб қолган, деб ишонилади.

У раҳбарлик қилган махсус хизматлар, гарчи номи ва раҳбарлари ўзгарган эса-да, ҳанузгача ёпиқ ва қудратли тузилма ҳисобланади.

Иноятов МХХ раислигидан истеъфога чиққан куннинг ўзида унинг Ўзбекистон президенти аппаратида ишлаши хабар қилинди. У президентнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаши маълум бўлди.

2018 йилнинг августидан бошлаб эса Иноятов президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланганди.

Иноятов МХХ раислигидан олинганининг эртасига президент Мирзиёев фармони билан Олий мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланган ва дахлсизлик мақомига эга бўлган эди.

Қонунчиликка кўра, сенатор дахлсизлик мақомига эга бўлиб, унинг жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши ёки бирор жазога тортилиши мумкин эмас. Бунинг учун Сенат розилиги талаб қилинади.

Рустам Иноятов кетди. МХХ нима бўлади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:20 0:00

Иноятов ким ўзи?

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ раиси Рустам Иноятовнинг биографияси ҳақида тўлиқ маълумот йўқ.

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Рустам Расулович Иноятов 1944 йилнинг 22 июнида, Сурхондарё вилоят, Шеробод туманидаги Пашхурт қишлоғида туғилган.

1968 йилда Тошкент давлат университетининг Эрон филологияси факультетини битирган. 1965-67 йилларда ўқиш билан бирга Тошкентдаги қурилиш трестларидан бирида бетон қорувчи бўлиб ишлаган.

Иноятов тожик, форс, рус, инглиз тилларини яхши билади.

Университетдан сўнг СССР армиясида хизмат қилган ва ўша ерда СССР КГБга (Давлат хавфсизлик комитети) ишга кирган. СССР ва Ўзбекистон КГБсида бир қатор мансабларда ишлаган.

СССР армияси Афғонистонга бостириб киришидан олдин, КГБнинг контрразведка ходими бўлган Рустам Иноятов 1976 йилда Афғонистондаги элчихонада дипломатик ниқоб остида иш бошлаган ва бу хизмати 1981 йилгача давом этган.

Рустам Иноятов 1995 йилнинг 27 июнида пенсияга кузатилган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Ғуломжон Алиев ўрнига тайинланган эди.

Ўша пайтда Ўзбекистон МХХсида ишлаб юрган Рустам Иноятов машина ўғрилигида ном чиқарган Шуҳрат Домбрабадский гуруҳини қўлга олиш тадбири билан Ислом Каримов назарига тушгани айтилади.

Портлашлардан сўнг унвон оширилди

1996 йилда Иноятовга генерал-лейтенант ва 1999 йилдаги Тошкент портлашларидан сўнг генерал-полковник унвони берилган.

1999 йилнинг 16 февралида Тошкент шаҳрининг бир неча жойида содир этилган портлашларни МХХ аввалдан билгани ва бу портлашларнинг олдини олмай, махсус қўйиб бергани ҳақида ўша портлашларда айбланиб қамалган, кейинчалик қамоқда ўлган Зайниддин Асқаров хориж радиолари мухбирларига айтиб берган эди.

Бу воқеалардан сўнг Ўзбекистонда бошқача фикрловчи шахсларга ва диндорларга нисбатан босим ва таъқиб кучайди. Минглаб одамлар қамалгани, яна юзлаб одамлар таъқиблардан қочиб, мамлакатни тарк этгани ҳақида инсон ҳуқуқи ҳимоячилари хабар берган ва бу ҳолат халқаро ташкилотлар рўйхатларида қайд қилинган.

Иноятов теннисчи

Рустам Иноятов 1999 йилдан бошлаб, 2020 йилнинг мартига қадар Ўзбекистон теннис федерациясига ҳам раҳбарлик қилган.

Марҳум президент Ислом Каримов ташаббуси билан 90- йиллар охирида Ўзбекистонда теннис ўйинига катта эътибор берила бошлади. Рустам Иноятов теннис федерациясининг раиси этиб тайинланди. Соврини 500 минг АҚШ доллари бўлган Ўзбекистон президенти кубоги халқаро ўйинлари ташкил қилинди.

Озодлик расман тасдиқлай ололмаган маълумотларга кўра, бу мусобақа мукофотини тўлаш, ўзбекистонлик ўғрибошилар зиммасига юклатилган эди. Бироқ бу халқаро мусобақалар кўп давом этмади ва Ўзбекистон президенти кубоги халқаро мусобақаси ўтказилмайдиган бўлди.

2018 йил декабрида Халқаро теннис федерацияси Рустам Иноятовни «Ўзбекистонда теннисни ривожлантиришга қўшган бебаҳо ҳиссаси ва теннисга кўп йиллик содиқлиги учун» алоҳида мукофот билан тақдирлади.

2020 йилнинг мартида Иноятов федрация раҳбарлигидан олинди ва Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра, у федерациянинг фахрий президенти сифатида қолди.

Иноятов қора рўйхатда

2005 йилнинг май ойидаги Андижон воқеаларидан сўнг Рустам Иноятов Европа Иттифоқи томонидан қора рўйхатга киритилган саккиз амалдордан бири бўлган.

​2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида содир бўлган қонли воқеаларда расмий Тошкент ҳисобича 187 киши, жумладан, аёллар ва болалар нобуд бўлган.

​Норасмий манбаларга кўра, Андижон хунрезликлари оқибатида 1000дан зиёд одам ҳалок бўлган.

​2005 йилнинг ноябрида Европа Кенгаши Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкция жорий қилди. Бир йиллик муддатга жорий қилинган жазо чораларининг биринчи пункти ўлароқ, Андижонда намойишчиларга қарши ëппасига ўт очиш ва номутаносиб куч ишлатилиши учун масъул бўлган ҳамда қонли воқеалар юзасидан мустақил тергов ўтказилишига тўсқинлик қилаётган Ўзбекистон расмийларининг Европа иттифоқи ҳудудига киритилиши тақиқланди.

Қора рўйхатга ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов, Мудофаа вазири Қодир Ғуломов, Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов каби расмийлар киритилган эди.

Иноятов Магнитский қора рўйхатида

2017 йилнинг сентябрь ойида инсон ҳақлари¸ матбуот эркинлиги ва ижтимоий адолатни тарғиб қилувчи йигирмадан ошиқ халқаро гуруҳнинг АҚШ Давлат котиби ва Молия вазирига йўллаган биргаликдаги мактуби эълон қилинди.

Унда АҚШ ҳукуматидан инсон ҳақларини топташ ва коррупция бобида “шуҳрат топган” 15 нафар давлат арбобига нисбатан молиявий санкция ва виза чеклови қўллаш сўралган.

Бу “қора рўйхат”да ўша пайтдаги Ўзбекистон МХХ раиси¸ генерал Рустам Иноятов номи ҳам бор.

АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон ва Молия вазири Стивен Мнучин номига йўлланган очиқ мактубда бу иккала вазирдан Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал Магнитский актидан унумли фойдаланиб (АҚШнинг санкцияларга оид қонуни россиялик адвокат Сергей Магнитский номи билан аталади. У солиқ товламачилиги йўли билан Россия давлат хазинасидан 230 миллион АҚШ доллари ўғирлангани ҳақида шов-шув кўтаргандан сўнг қамоққа олинган эди.Магнитский 2009 йил декабрида қамоқда вафот этди. Қариндошлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишча, у қийноққа солинган ва тиббий ёрдам олишига йўл қўйилмаган. Европа Кенгашининг суриштирув хулосасида унинг ўлимига қийноқлар сабаб бўлгани айтилади) халқаро майдонда инсон ҳақларини топташ ва коррупция бўйича танилган хориж расмийларига жазо қўллаш сўралади.

Рустам Иноятов ўзининг 23 йиллик МХХ раиси бўлган фаолияти давомида бирор марта ОАВга интервью бермаган.

Сўнгги пайтда Рустам Иноятовнинг қанд касаллиги билан оғригани айтилади.

Иноятов бизнес-империяси

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати собиқ раиси Рустам Иноятовнинг мамлакат ичкарисида ва хорижда катта бизнес-империяси борлиги айтилади.

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомовнинг айтишича, «Очиқ манба тадқиқотлари» (Open Source Investigations, OSI) журналистлари 2018 йилнинг 22 январь куни Иноятовлар оиласининг Дубайда 12 миллион доллар сарфлаб, турар жой иншооти қургани ҳақида хабар берган:

"Бу ташкилот журналистлари Рустам Иноятовнинг Австриядаги, Россиядаги, Бирлашган араб амирликларидаги бизнеслари ҳақида тадқиқот ўтказган.Зеро, ўтган йилнинг 22 мартида Рустам Иноятов шахсий сафар билан Дубайга бориб, шайх Мансур бин Зайд аль-Наҳайян билан унинг президент қасрида учрашган эди. Ёлланма ишчилар учун мўлжалланган беш қаватли бинонинг эгаси эса Ўзбекистон ватандоши Рустам Иноятовнинг поччаси Бахтиёр Иргашев эканлиги аниқланган.Бундан ташқари бу ташкилот тадқиқотчилари Рсутам Иноятовнинг Россияда ва Эстонияда ҳам катта кўчмас мулклари борлигини аниқлагани ҳақида хабар берган.Ўзбекистон ичкарисида ҳам Иноятовларнинг бизнес империяси жуда катта эканлиги айтилади. Мен олган маълумотларга кўра, Иноятов Ўзбекистондаги «ASIA ALLIANCE BANK» ҳам Иноятовларга тегишли. Бундан ташқари яна бир нечта банкдан дивидендлар олиб туриши ҳақида маълумотлар бор. Бу ноқонуний бизнес-империянинг барча сиру синоатлари яқин ойлар ичида очилади, деб умид қиламан”, дейди Алишер Илҳомов.

Аммо Озодлик тасарруфида Иноятовнинг бизнес-империясини тўғридан-тўғри тасдиқловчи маълумот йўқ.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG