Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:37

Андижон қирғинига 16 йил тўлди. Қонли воқеалар хронологияси


13 май куни Андижонда қонли воқеалар содир бўлганига 16 йил тўлди.

Халқаро Амнистия ташкилоти "1989 йилда Хитойнинг Тянаньмень майдонида содир этилган қирғиндан кейинги энг йирик фожиа" деб атаган воқеалар борасидаги кўплаб саволлар ҳануз очиқ қолмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати аксарияти тинч намойишчилардан иборат бўлган юзлаб одамларнинг ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилиши юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш чақириқларини рад этган.

Ўтган йили ҳукумат расмийси илк бор Андижонда "номутаносиб куч ишлатилгани"ни тан олган, аммо айбдорлар жазоланганини айтганди.

"Баъзи бир жиҳатлар орқали қуролни ишлатиш номутаносиб бўлган. Шунинг учун ҳам ўша одамлар жиноий жавобгарликка тортилган", деб айтган Ўзбекистон Бош прокурорининг ўринбосари Светлана Ортиқова 2020 йил февралида Qalampir. uz нашрига берган интервьюсида.

Ортиқовадан фарқли Ғарб матбуоти томонидан "Тошкент қассоби" деб таърифланган Ўзбекистоннинг собиқ ички ишлар вазири Зокиржон Алматов воқеалар борасида Каримов давридаги расмий нуқтаи назарни ҳимоя қилган.

Андижон қирғини ортидан Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган Алматов воқеалардаги масъулиятини тан олган, ҳатто қарорларни "шахсан ўзи" қабул қилганини таъкидлаган.

"Мени Андижон воқеаларида айбдор деб кўп гапиришади. Ҳа, мен ўшанда штаб бошлиғи бўлганман, қарорни мен қабул қилганман, аммо ким ўшанда Андижонга қурол кўтариб келди? Ким чегарадан қурол билан ўтди? Ким Ички ишлар вазирлигига қарашли ППСга қуролли ҳужум қилди, ким ҳарбий қисмга ҳужум қилиб, қурол-яроғ олди? Ким тергов ҳибсхонасига ҳужум қилиб, 500дан ортиқ ашаддий жиноятчиларни чиқариб юборди? Ким ҳокимият биносини эгаллаб унга ўт қўйди? Ким юзга яқин суд-ҳуқуқ тизимидаги ходимларни тутқунда ушлаб, баъзиларини қатл этди? Ҳукумат нима, қараб туриши керакмиди?" , деган генерал-майор Зокиржон Алматов Kun.uz нашри билан ўтган йил июнидаги суҳбатда.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳукумати Андижон қирғинига қайта сиёсий баҳо бериш ҳақидаги чақириқларни рад этиб келади. Расмийлар худди Каримов давридаги каби Андижон мавзуси "ёпилгани"ни таъкидлаб келмоқда.

Аммо халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўзбек матбуоти эсламайдиган бу санани ҳар йили ёдга олади ва Ўзбекистон ҳукуматини Андижондаги қирғин қурбонлари учун адолатни тиклашга чақириб келади.

"Бугун (13 май) Ўзбекистон тарихида инсон ҳуқуқлари учун ўта муҳим сана. Бу кунни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак", деб ёзди Ҳьюман Райст Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўзбекистондаги собиқ вакили Стив Свердлоу 13 май куни ўзининг Твиттер саҳифасида.

Қуйида Андижон қирғини билан боғлиқ асосий саволларга жавоб изланган OzodJavob рукнининг махсус сонини ўқишингиз мумкин.

Андижонда 2005 йилнинг 13 майида нима бўлган?

Андижон. 12 майдан 13 майга ўтар кечаси. Акрамийлик гуруҳига аъзоликда айбланиб, судланаётган 23 кишининг қирқтача яқини патруль-пост батальонига ҳужум қилиб, у ердаги қуролларни қўлга киритди. Сўнгра улар шаҳардаги ҳарбий қисмга ҳужум уюштирди. Кейин қамоқхонага ҳам ҳужум қилиниб, у ердан судланаётган 23 киши ва бошқа маҳбуслар озодликка чиқариб юборилди. Ўша куни ярим тунда вилоят ҳокимлиги биноси эгалланиб, шаҳар прокурори, солиқ инспекцияси бошлиғи ва бир қанча ҳарбийлар исёнчилар томонидан гаровга олинди. Расмийлар берган маълумотга кўра, ўша тунда 9 ҳарбий ҳалок бўлди.

Андижон 13 май. Эрта тонгдан вилоят ҳокимлиги биноси олдига андижонликлар йиғила бошлади. Майдон эса ҳукумат қўшинлари томонидан ўраб олинди. Тушдан сўнг майдонда, норасмий маълумотларга кўра, 10 мингга яқин одам йиғилди. Одамлар ҳукумат ва Президент истеъфосини талаб қила бошлади. Кечқурун соат 18 лар атрофида отишма бошланди. Одамлар уч томонга бўлиниб қочди. Президент Ислом Каримов кейинчалик ўтказилган матбуот анжуманида одамларга қарата ўт очишга буйруқ бермаганини айтди. Исёнчилар эса ҳарбийлар БТРлардан ва автоматлардан ҳаммани бир чеккадан ўққа тутганини билдирди.​

Инфографика: Андижон воқеалари хронологияси -- 11-21 май​

Андижон қирғинида неча одам ўлдирилди?

​2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида содир бўлган қонли воқеаларда расмий Тошкент ҳисобича 187 киши, жумладан, аёллар ва болалар нобуд бўлган.

​Норасмий манбаларга кўра, Андижон хунрезликлари оқибатида 1000дан зиёд одам ҳалок бўлган.

​Бобур майдонидаги қонли фожиадан кейин халқаро жамоатчилик мустақил текширув ўтказишни талаб қилган, бироқ расмий Тошкент рад этган. Шу тахлит, юзлаб одам қирғинбарот қилинган 13 май фожиаси йиллар оша сиру синоатларга кўмилганича қолмоқда.

Андижон қочқинлари кимлар ва улар қаерда?

​13 май куни ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун юзлаб андижонликлар қўшни Қирғизистонга қочишга мажбур бўлди.

Бир неча ой ўтиб БМТ Қочқинлар идораси кўмагида 500га яқин андижонликлар Руминияга ўтказилди.

Кейинчалик қочқинларга дунёнинг турли мамлакатлари, жумладан, Швеция, АҚШ, Канада каби давлатлар сиёсий бошпана берилди.

Н.Умаров: Иккитаси жон бераëтганда тепасида эдим
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:38 0:00

Акрам Йўлдошев ким?

2004 йил июнидан бошлаб Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан биттама-битта ҳибсга олинган андижонлик 23 тадбиркорнинг яқинлари¸ ҳамкасблари бошлаган намойишлар пировардида 13 май воқеаларига элтган эди.

Расмийлар "акрамийлар" деб атаган, бу атамани ўзлари тан олмайдиган, лекин Акрам Йўлдошевга алоқаси борлигини инкор этмайдиган андижонлик тадбиркорлардан 23 нафари 2004 йилнинг июнидан бошлаб бирин-кетин қўлга олинди ва бир неча ой давомида сўроқ қилинди.

Акрам Йўлдошев 1963 йилда Андижон шаҳрида туғилган. У Совет армиясида хизмат қилиб қайтгач, бир муддат тўқимачилик комбинатида ишлайди. Комбинатда ишлаган пайтида КПССга кириш учун ариза беради.

Андижон Пахта саноати институтини тугатган Йўлдошев ўрта мактабда физика ва математикадан дарс беради.

"Акрамийлар" гуруҳи етакчиси Акрам Йўлдошев
"Акрамийлар" гуруҳи етакчиси Акрам Йўлдошев

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, Йўлдошев 1992 йилда “Ҳизб ут–Таҳрир” исломий гуруҳига аъзо бўлади. Сал муддатдан кейин Йўлдошев бу ташкилотни тарк этади ва ўз диний фалсафий қарашларини “Имонга йўл” китобида баëн қилади.

Бу китобдаги ғоя атрофида бириккан тадбиркорлар ўнлаб корхоналар очишади. Бу корхоналардаги иш тартиби "исломий адолат" тамойилларига асослангани айтилади.

1998 йилда Акрам Йўлдошев Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари эътиборига тушади ва ўша йили 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилинади.

1999 йилнинг январь ойида амнистия боис озод қилинган Йўлдошев айни йилнинг 17 февралида қайта қамоққа олинади ва терроризмда айбланиб, 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилади.

Жазони ўташ муассасаларида сил касалига чалинган. 2003 йил октябрида Тошкентдаги жазони ўташ муассасаларининг умумий шифохонаси бўлган 64/18-қамоқхонага келтирилган.

2004 йилда Акрам Йўлдошев ва унинг шерикларига қарашли 11 корхона ёпилиб, уларнинг раҳбарлари ҳибсга олинган.

А.Йўлдошев ўз кўрсатмасида Андижон туманининг Оқёр қишлоғида акрамийлар ва милиция ходимлари ўртасидаги жиддий жанжалдан сўнг жиҳод бошлашга фатво берганини таъкидлаган.

2016 йилнинг 11 январь куни Акрам Йўлдошев бундан беш йил олдин - 2010 йилда 47 ëшида қамоқда вафот этгани маълум бўлди.

Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланганлар устидан суд. 2005 йил сентябрь.
Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланганлар устидан суд. 2005 йил сентябрь.

23 тадбиркор қаерда?

12 майдан 13-га ўтар кечаси Андижон турмасига қилинган ҳужумдан сўнг бошқа маҳкумлар қатори 23 тадбиркор ҳам қамоқдан озод қилинган эди.

Ўша куни қамоқдан чиқиб кетган 23 кишининг 15 нафари кейин яна қўлга олиниб, қамалган, бири қазо қилган, яна бири бедарак йўқолган.

Баъзилари Андижонни ташлаб чиқишга улгурмаган, баъзиларини Ўзбекистон махсус хизмати қўшни давлатлардан ушлаб олиб кетган.

Шу кунда ҳам улар қамоқда. Ҳар ҳолда бу гапни инкор этадиган бошқа маълумот йўқ.

23 тадбиркордан 6 нафари дунёнинг турли бурчакларидан сиёсий бошпана олишган. Улардан бири Швецияда, уч нафари Ҳолландияда, бири Финляндияда, яна бири АҚШда яшайди.

HRW Андижонда юз берган хунрезликни "қирғин" дея баҳолаган.
HRW Андижонда юз берган хунрезликни "қирғин" дея баҳолаган.

Андижон қирғини бўйича санкциялар

2005 йил ноябрь: Европа Кенгаши Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкция жорий қилди. Бир йиллик муддатга жорий қилинган жазо чораларининг биринчи пункти ўлароқ, Андижонда намойишчиларга қарши ëппасига ўт очиш ва номутаносиб куч ишлатилиши учун масъул бўлган ҳамда қонли воқеалар юзасидан мустақил тергов ўтказилишига тўсқинлик қилаётган Ўзбекистон расмийларининг Европа иттифоқи ҳудудига киритилиши тақиқланди.

Қора рўйхатга Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов киритилмаган бўлса-да, унга ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов, Мудофаа вазири Қодир Ғуломов, Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов каби расмийларнинг исмлари киритилган эди.

2006 йил ноябрь: Европа кенгаши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятнинг яхшиланмагани ва қонли воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказишга имкон берилмагани боис, санкциялар жумласидан виза чеклови олти ойга, қурол эмбаргоси бир йилга узатирилди.

2008 йил ноябрь: Андижонда намойишчиларга қарши ëппасига ўт очиш ва номутаносиб куч ишлатилиши учун масъул бўлган ҳамда қонли воқеалар юзасидан мустақил тергов ўтказилишига тўсқинлик қилаётган Ўзбекистон расмийларига нисбатан жорий қилинган виза чеклови бутунлай бекор қилинди.

2009 йил ноябрь: Санкциялар рўйхатида қолаётган қурол эмбаргоси ҳам бекор қилинди.

2016 йил сентябрь: Президент Ислом Каримов вафот этиши ортидан, Ўзбекистонда ҳокимият алмашди. Каримов ўрнига 13 йил давомида бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев президентликка сайланди.

2018 йил февраль: Ўзбекистон собиқ Ички ишлар вазири¸ 68 яшар генерал-полковник Зокиржон Алматов яна вазирликка қайтди.

Умид чечаклари
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:00 0:00

Алоқадор

XS
SM
MD
LG