Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:37

МХХнинг эски раҳбари ҳақида нималар маълум? (ВИДЕО)


Рустам Иноятов¸ МХХ собиқ раиси
Рустам Иноятов¸ МХХ собиқ раиси

Озодлик ушбу мақолада 50 йил давомида СССР КГБси ва Ўзбекистон МХХда ишлаган, 2018 йилнинг 31 январида МХХ раислиги вазифасидан бўшатилган Рустам Иноятовнинг ҳаёти ва фаолиятига назар ташлашга ҳаракат қилди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ раиси Рустам Иноятовнинг биографияси ҳақида тўлиқ маълумот йўқ.

ЦентрАзия.ру, Википедия сайтларида Рустам Иноятовнинг биографияси ҳақида қисқача маълумот берилган.

Рустам Расулович Иноятов 1944 йилнинг 22 июнида, Сурхондарё вилоят, Шеробод туманидаги Пашхурт қишлоғида туғилган.

1968 йилда Тошкент давлат университетининг Эрон филологияси факультетини битирган. 1965-67 йилларда ўқиш билан бирга Тошкентдаги қурилиш трестларидан бирида бетон қорувчи бўлиб ишлаган.

Иноятов тожик, форс, рус, инглиз тилларини яхши билган.

Университетдан сўнг СССР армиясида хизмат қилган ва ўша ерда СССР КГБга (Давлат хавфсизлик комитети) ишга кирган. СССР ва Ўзбекистон КГБсида бир қатор мансабларда ишлаган.

Рустам Иноятов кетди. МХХ нима бўлади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:20 0:00

СССР армияси Афғонистонга бостириб киришидан олдин, КГБнинг контрразведка ходими бўлган Рустам Иноятов 1976 йилда Афғонистондаги элчихонада дипломатик ниқоб остида иш бошлаган ва бу хизмати 1981 йилгача давом этган.

Рустам Иноятов 1995 йилнинг 27 июнида пенсияга кузатилган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Ғуломжон Алиев ўрнига тайинланган эди.

Ўша пайтда Ўзбекистон МХХсида ишлаб юрган Рустам Иноятов машина ўғрилигида ном чиқарган Шуҳрат Домбрабадский гуруҳини қўлга олиш тадбири билан Ислом Каримов назарига тушгани айтилади.

Портлашлардан сўнг унвон оширилди

1996 йилда Иноятовга генерал-лейтенант ва 1999 йилдаги Тошкент портлашларидан сўнг генерал-полковник унвони берилган.

1999 йилнинг 16 февралида Тошкент шаҳрининг бир неча жойида содир этилган портлашларни МХХ аввалдан билгани ва бу портлашларнинг олдини олмай, махсус қўйиб бергани ҳақида ўша портлашларда айбланиб қамалган, кейинчалик қамоқда ўлган Зайниддин Асқаров хориж радиолари мухбирларига айтиб берган эди.

Бу воқеалардан сўнг Ўзбекистонда бошқача фикрловчи шахсларга ва диндорларга нисбатан босим ва таъқиб кучайди. Минглаб одамлар қамалгани, яна юзлаб одамлар таъқиблардан қочиб, мамлакатни тарк этгани ҳақида инсон ҳуқуқи ҳимоячилари хабар берган ва бу ҳолат халқаро ташкилотлар рўйхатларида қайд қилинган.

Иноятов теннисчи

1999 йилдан Ўзбекистон теннис федерацияси президенти бўлиб келган.

Марҳум президент Ислом Каримов ташаббуси билан 90- йиллар охирида Ўзбекистонда теннис ўйинига катта эътибор берила бошлади. Рустам Иноятов теннис федерациясининг раиси этиб тайинланди. Соврини 500 минг АҚШ доллари бўлган Ўзбекистон президенти кубоги халқаро ўйинлари ташкил қилинди.

Озодлик расман тасдиқлай ололмаган маълумотларга кўра, бу мусобақа мукофотини тўлаш, ўзбекистонлик ўғрибошилар зиммасига юклатилган эди. Бироқ бу халқаро мусобақалар кўп давом этмади ва Ўзбекистон президенти кубоги халқаро мусобақаси ўтказилмайдиган бўлди.

Иноятов қора рўйхатда

2005 йилнинг май ойидаги Андижон воқеаларидан сўнг Рустам Иноятов Европа Иттифоқи томонидан қора рўйхатга киритилган саккиз амалдордан бири бўлган.

​2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида содир бўлган қонли воқеаларда расмий Тошкент ҳисобича 187 киши, жумладан, аёллар ва болалар нобуд бўлган.

​Норасмий манбаларга кўра, Андижон хунрезликлари оқибатида 1000дан зиёд одам ҳалок бўлган.

​2005 йилнинг ноябрида Европа Кенгаши Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкция жорий қилди. Бир йиллик муддатга жорий қилинган жазо чораларининг биринчи пункти ўлароқ, Андижонда намойишчиларга қарши ëппасига ўт очиш ва номутаносиб куч ишлатилиши учун масъул бўлган ҳамда қонли воқеалар юзасидан мустақил тергов ўтказилишига тўсқинлик қилаётган Ўзбекистон расмийларининг Европа иттифоқи ҳудудига киритилиши тақиқланди.

Қора рўйхатга ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов, Мудофаа вазири Қодир Ғуломов, Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов каби расмийлар киритилган эди.

Иноятов Магнитский қора рўйхатида

Ўтган йилнинг сентябрь ойида инсон ҳақлари¸ матбуот эркинлиги ва ижтимоий адолатни тарғиб қилувчи йигирмадан ошиқ халқаро гуруҳнинг АҚШ Давлат котиби ва Молия вазирига йўллаган биргаликдаги мактуби эълон қилинди.

Унда АҚШ ҳукуматидан инсон ҳақларини топташ ва коррупция бобида “шуҳрат топган” 15 нафар давлат арбобига нисбатан молиявий санкция ва виза чеклови қўллаш сўралган.

Бу “қора рўйхат”да Ўзбекистон МХХ раиси¸ генерал Рустам Иноятов номи ҳам бор.

АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон ва Молия вазири Стивен Мнучин номига йўлланган очиқ мактубда бу иккала вазирдан Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал Магнитский актидан унумли фойдаланиб (АҚШнинг санкцияларга оид қонуни россиялик адвокат Сергей Магнитский номи билан аталади. У солиқ товламачилиги йўли билан Россия давлат хазинасидан 230 миллион АҚШ доллари ўғирлангани ҳақида шов-шув кўтаргандан сўнг қамоққа олинган эди.Магнитский 2009 йил декабрида қамоқда вафот этди. Қариндошлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишча, у қийноққа солинган ва тиббий ёрдам олишига йўл қўйилмаган. Европа Кенгашининг суриштирув хулосасида унинг ўлимига қийноқлар сабаб бўлгани айтилади) халқаро майдонда инсон ҳақларини топташ ва коррупция бўйича танилган хориж расмийларига жазо қўллаш сўралади.

Рустам Иноятов ўзининг 23 йиллик МХХ раиси бўлган фаолияти давомида бирор марта ОАВга интервью бермаган.

Сўнгги пайтда Рустам Иноятовнинг қанд касаллиги билан оғригани айтилади.

Иноятов бизнес-империяси

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати собиқ раиси Рустам Иноятовнинг мамлакат ичкарисида ва хорижда катта бизнес-империяси борлиги айтилади.

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомовнинг айтишича,«Очиқ манба тадқиқотлари» (Open Source Investigations, OSI) журналистлари 22 январь куни Иноятовлар оиласининг Дубайда 12 миллион доллар сарфлаб, турар жой иншооти қургани ҳақида хабар берган:

"Бу ташкилот журналистлари Рустам Иноятовнинг Австриядаги, Россиядаги, Бирлашган араб амирликларидаги бизнеслари ҳақида тадқиқот ўтказган.Зеро, ўтган йилнинг 22 мартида Рустам Иноятов шахсий сафар билан Дубайга бориб, шайх Мансур бин Зайд аль-Наҳайян билан унинг президент қасрида учрашган эди. Ёлланма ишчилар учун мўлжалланган беш қаватли бинонинг эгаси эса Ўзбекистон ватандоши Рустам Иноятовнинг поччаси Бахтиёр Иргашев эканлиги аниқланган.Бундан ташқари бу ташкилот тадқиқотчилари Рсутам Иноятовнинг Россияда ва Эстонияда ҳам катта кўчмас мулклари борлигини аниқлагани ҳақида хабар берган.Ўзбекистон ичкарисида ҳам Иноятовларнинг бизнес империяси жуда катта эканлиги айтилади. Мен олган маълумотларга кўра, Иноятов Ўзбекистондаги «ASIA ALLIANCE BANK» ҳам Иноятовларга тегишли. Бундан ташқари яна бир нечта банкдан дивидендлар олиб туриши ҳақида маълумотлар бор. Бу ноқонуний бизнес-империянинг барча сиру синоатлари яқин ойлар ичида очилади, деб умид қиламан”, дейди Алишер Илҳомов.

Аммо Озодлик тасарруфида Иноятовнинг бизнес-империясини тўғридан-тўғри тасдиқловчи маълумот йўқ.

Ўзбекистон президентининг 2018 йил 31 январдаги фармонига кўра, МХХ раислигидан озод этилган Рустам Иноятов Президентнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинланган.

XS
SM
MD
LG