Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:06

Қашқадарёда президент учун асралган 500 гектар майдондаги пахта нобуд бўлиш арафасида(ВИДЕО)


Косон туманидаги "Шоди Саидов" фермер хўжалигининг президентга кўрсатиш учун сентябрь ойидан буён тердирилмаган пахтазори - 13 ноябрь, 2020 йил
Косон туманидаги "Шоди Саидов" фермер хўжалигининг президентга кўрсатиш учун сентябрь ойидан буён тердирилмаган пахтазори - 13 ноябрь, 2020 йил

Қашқадарё вилояти Косон тумани Қарши-Бухоро магистрал йўли ёқасидаги пахта сентябрь ойидан буён ҳокимлик томонидан тердирилмади.

Фермерларнинг айтишларича, вилоят ҳокими президент Мирзиёевнинг Косон туманига ташрифи эҳтимоли борлиги сабаб, унинг "кўзини қувонтириш учун" пахтани термай туриш ҳақида фармойиш берган.

Орада бир марта ёққан қор ва икки марта ёққан ёмғир оқибатида пахтанинг сифати пасайиб, тўкилиб кетмоқда.

Фермерларга кўра, вилоят ҳокими пахтани кластерга 1 синфга қабул қилдириш ва шунга яраша ҳақ тўлашга ваъда берган.

Косон тумани ҳокими Асрол Бойқараев бундай ҳолат бўлганини инкор қилди.

Вилоят ҳокимлигидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Қашқадарёда президентга кўрсатиш учун тердирилмаган 500 гектар пахта ёмғир тагида қолиб тўкилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:59 0:00

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12-13 ноябр кунлари Қашқадарё вилоятида бўлди.

Косон туманидаги фермерларнинг айтишларича, уларнинг сентябрь ойидаёқ етилиб бўлган пахтаси шу кунгача "президентга кўрсатиб мақтаниш" мақсадида тердирилмаган.

Исми сир қолишини сўраган косонлик фермернинг айтишича, у пахтага уч марта одам солган, лекин ҳар сафар теримчилар қувиб чиқарилган:

Президент пахтаси терилган далани кўриб хафа бўладими ёки хурсанд?

“Туман ҳокими муҳтарам президентимиз келади деб, элга рухсат бермади. Уч-тўрт марта одам солдим, ҳудуд раҳбари, ҳокимлик вакиллари келиб ҳайдаб чиқарди. Бу пайтгача биз пахтани териб, шартномани ҳам бажариб бўлардик. Ҳозиргача бир тонна ҳам топширганим йўқ. Президент пахтаси терилган далани кўриб хафа бўладими ёки хурсанд? Фермерларни қақшатадиган бунақа кўзбўямачиликнинг кимга кераги бор? Мана кеча яна ёмғир ёғди, пахтамни кўриб юрагим эзилиб кетяпти, ахир қанча меҳнат қилдик уни етиштириш учун...”

Ҳокимлик таъқибидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган косонлик бошқа фермерга Озодлик қўнғироқ қилганида, у даласида эканлигини айтди:

Бир театр томошаси учун фермерлар ўнлаб миллион сўм зарар кўряпти.

“Мана ака, даламнинг ўртасида турибман. Пахта увол бўлди, пахта расво бўлди. Наҳотки битта одамга яхши кўриниш учун қарийб ўнта фермерни қақшатиш шарт бўлса, бу фермернинг ортида қанча ишчиси, ишчисининг орқасидақанча қоракўзи бор. Энди пахтамни биринчи сортга ким ҳам оларди. Вилоят ҳокими ваъда бергани билан кластер олмайди. Кредитни ёпа оламизми, йўқми, фермерларнинг боши қотиб қолган. Бир театр томошаси учун фермерлар ўнлаб миллион сўм зарар кўряпти, сифатли пахта сифатсизга айланиб қолди. Мана ўша йўл, биздан бошлаб то Қорақумгача, Муборак территориясигача бўлган пахта шундай турибди”.

Фермер Озодлик илтимосига кўра, сентябрдан бери йўл ёқасида терилмай ётган фермерлар пахтасини видеога олиб берди.

Кўзбўямачиликдан фермерлар юз миллион сўмлаб зарар кўради

Фермернинг айтишича, 13 ноябрь куни президент Косон туманига келмайдиган бўлганидан сўнг, пахта теримига рухсат берилган:

Агар 100 тонна пахтамни эсон омон териб олсам, паст сортга олса 100 миллион сўм зарар кўраман экан.

“Кеча ёмғир ёғди, президент келмайдиган бўлганидан сўнг, битта фермер пахта териш машинасини олиб келиб далага киритган эди, лойга ботиб қолди. Лойдан чиқаман деб уринганда ағдарилиб, сеткалари синиб кетди. Ҳозир кран олиб келиб, чиқариб олишмоқчи бўлишяпти. Ерга кирсангиз,лойга ботиб қоласиз. Энди ер қачон қурийди-ю, қачон терамиз, яхши қуримаган пахтани ҳеч ким ҳаётда биринчи ёки иккинчи сортга олмайди. Учинчи ва тўртинчи сортларнинг нархи эса 800-1000 сўм арзон. Агар 100 тонна пахтамни эсон омон териб олсам, паст сортга олса 100 миллион сўм зарар кўраман экан. Кўрамиз, туман, вилоят ҳокими кластерга биринчи сортга олдира олармикин ёки йўқ?”.

Озодлик аниқлаган “Холмирзо Умид”, “Дониёр Йўлдошев”, “Шоди Саидов” фермер хўжаликларининг ҳам юзлаб гектар ердаги пахтаси сентябрь ойидан буён тердирилмаган.

Озодлик бу ҳолатга муносабат олиш учун Косон тумани ҳокими Арол Бойқараев билан боғланди. Ҳоким пахта терилмасдан президентга кўрсатиш учун олиб қўйилганини инкор этди:

“Ёлғон гап бу, ёлғон. Ҳеч нарса бўлгани йўқ!”

Озодлик мухбири ушбу ҳолат акс этган, бугун олинган видеотасвирлар борлигини айтганидан сўнг, ҳоким алоқани узиб қўйди.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги мулозими ҳамма президент иштирок этаётган мажлисда бўлгани сабаб ҳеч ким билан боғланиш мумкин эмаслигини айтди.

Ўзбекистонда кўзбўямачилик тарихи

Президент ва Бош вазирга "терилмаган пахта ҳали кўп" қабилида кўзбўямачилик қилиш марҳум президент Ислом Каримов давридан буён Ўзбекистонда анъанага айланган.

Шавкат Мирзиёевнинг ўзи 2015 йилда Бош вазир бўлиб ишлаган даврда унинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида вилояти Қўштепа туманидаги автомобиль йўли четидаги пахтаси териб олинган чаноқларга қайтадан пахта елимлаб чиқилган эди.

Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг, ўз чиқишларида бир неча бор кўзбўямачилик ҳолатларини танқид қили.

“Мен девор ортида нима борлигини, Ўзбекистонда қайси кўча супурилгани ё ободлигини жуда яхши биламан. Битта нарсани айтмоқчиман: йўлни супурганингиз билан ҳеч нима ўзгармайди, одамлар раҳмат демайди, лаънат айтади. Бизни дўстларимиз ҳам кўп, душманларимиз ҳам. Сиз мана шу ишларингиз билан душманларнинг тегирмонига сув қуймоқдасиз. Бутун вилоятлар ва туманлар раҳбарлари, мана шуни билиб олинг”, деган эди президент 2018 йил 13 апрел куни Сайхунобод туманида қилган чиқишида.

Аммо бу танқидларга қарамай, президент борадиган ҳудудлар йўлларини шоша-пиша асфальт қилиш, томларни бўяш, бюджет ходими ишчиларини кўча тозалашга чиқариш, хўжакўрсинга парникхоналар қуриш, етилган пахтани тердирмай териш каби ўнлаб кўзбўямачилик ҳолатлари ҳақида Озодлик ўз вақтида хабар берган.

Президент Шавкат Мирзиёев туманларга борганда қийғос очилган пахтазорда тушган расмлари маҳаллий нашрларда эълон қилингач, изоҳ қолдирганларнинг аксари бундай пахтазорлар президент келиб-кетгунча терилмай туриши ҳақида фикр билдирган.

Озодликнинг Instagram саҳифасида Мирзиёевнинг пахтазор ўртасида тушган суратига шундай шарҳлар қолдирилган:

"Бир вақтлар, 2007 йилда бизнинг туманга Каримов келади деганда, коллежлардан болларни опчиқиб, терилган пахтазор чаноқларига пахта экиб чиққанимиз эсимда".

"Манам ТВда кўриб, президент келишига хўжакўрсин қип қўйишибдими дегандим. Ҳамма жойда пахта териб бўлиндику".

"Устоз-шогирд анъанаси давом этади!"

XS
SM
MD
LG