Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:45

Президент кутилган Бўка врачлик пункти Олмалиқ поликлиникаси мебеллари билан ясатилди


Олмалиқ марказий кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалари
Олмалиқ марказий кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалари

Президент Шавкат Мирзиëевнинг Бўкага қилган 1 июнь кунги ташрифи арафасида Олмалиқ шаҳридаги Марказий кўптармоқли поликлиника мебеллари 25 май куни Бўка туманидаги Бўстон қишлоқ врачлик пунктига "ижара"га олиб кетилган.

19 июнь куни Озодликка гапирган Олмалиқ поликлиникаси врачлари Бўкага олиб кетилган янги тиббиёт мебелларининг ярми қайтмаганини билдирди.

Врачларнинг айтишича, қарийб бир ойдан буён беморларни ëтқизишга кушетка¸ компьютер қўйишга стол йўқ.

Олмалиқ тиббиёт бирлашмаси бошлиғи поликлиника мебеллари Бўкага олиб борилганини тасдиқлади.

Кушеткаси олиб кетилган хирург хонаси
Кушеткаси олиб кетилган хирург хонаси

​Олмалиқ шаҳридаги Марказий кўптармоқли поликлиника ва оилавий поликлиника мебеллари 25 май куни учта юк машинасида Бўкага олиб кетилгани ҳақида исмлари ошкор бўлишини истамаган врачлар Озодликка хабар берди.

“Бўка туманининг Бўстон қишлоқ врачлик пунктини президент келишига замонавий қилиб кўрсатиш учун поликлиникамизнинг янги мебелларини олиб кетишган эди. Президентимизга кўзбўямачилик қилиб кўрсатиш учун. Лекин президентимиз у ҚВПга кирмасдан ёнидан ўтиб кетган. Беморларни ётқизиб кўрадиган яп-янги кушеткалар, шкафлар, стол-стулларни олиб кетишган эди. Қирилган, сирилган қилиб ярмини қайтариб олиб келишди. Аммо ярим мебелимиз ҳали ҳам қайтгани йўқ. Беморларни тик турган ҳолда қабул қилаяпмиз”.

Поликлинкадаги стол орасига тиқиб қўйилган компютер
Поликлинкадаги стол орасига тиқиб қўйилган компютер

​Озодлик суҳбатлашган врачлар ишдан ҳайдалишидан чўчиб, исми сир қолишини сўради.

“Бу поликлиникани Олмалиқ кон-металлургия комбинати қуриб берган. Барча хоналаримиз мебель билан тўлиқ жиҳозланган эди. Бир кунда тиббиёт бирлашмасидан буйруқ бўлдида, тапа-тап мебелларни юк машиналарига ортиб¸ олиб кетишди. Ишонасизми, ҳозир хирург кабинетида оддий кушетка ҳам йўқ. Компьютерларни столларнинг орасига тиқиб қўйганмиз. Бизку бир амаллаб беморларни кўриб жавоб бераяпмиз, лекин президентимизни алдашларига чидаб туролмаяпмиз. Ўша Бўкадаги ҚВПни ночор аҳволини президентимиз кўрганларида балки¸ янги ҚВП қуриб берармиди ёки мебель билан таъминлармиди? Йўқ, булар ҳамма ёлғонни чин қилиб президентга кўрсатишга ҳаракат қилишади. Бўлмаса¸ қарийб 40 километр масофага мебел ташиб бориш шартмиди? Мебелларимизнинг ярмини шалағини чиқариб қайтариб олиб келишди, қолгани эса йўқ”.

Озодлик билан гаплашган шифокорлар ўз иддаосини тасдиқлаш учун поликлиниканинг ҳозирги вазияти акс этган суратларни тақдим қилди.

Олиб кетилган столлар
Олиб кетилган столлар

Олмалиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари Рустам Ўнаров поликлиника мебелларининг Бўка туманига олиб кетилганини тасдиқлади. Мутасадди¸ айни пайтда¸ уларнинг ҳаммаси қайтариб олиб келинганини иддао қилди.

- Олиб келинди. Ўшанда у ерда акция бўлган. Ҳамма шаҳар ва туманлар қатнашган. Бизнинг тиббий ходимларимиз ҳам борган. Уларнинг мебеллари тайёр бўлмагани учун, дўхтирлар етмагани учун, биз ўзимиздан олиб борганмиз. Бўка тумани тиббиёт бирлашмаси 80 миллион сўмга инвентар гаплашган экан, ўша келмай қопти. Кейин келди. Биз қайтариб олиб келдик. Хоҳласангиз келиб, бухгалтерияга кириб, инвентарни текшириб кўришингиз мумкин, ҳамма мебель қайтариб олиб келинган.

Озодлик суҳбатдошларининг айтишича¸ Олмалиқдаги поликлиникалар мебеллари президент ташрифидан беш кун аввал - 25 май куни олиб кетилган.

Олмалиқ тиббиёт бирлашмаси раҳбари тилган олган “Соғлом ҳаётга қадам ташла” акцияси доирасида “Саломатлик куни” оммавий тадбирлари акцияси Бўка туманининг Бўстон қишлоғида 15 июнь куни ўтказилган.

Рустам Ўнаров билан бўлган суҳбатдан сўнг Озодлик поликлиника врачлари билан қайта боғланди.

Суҳбатдош¸ бу гапни "ëлғон" деб атади.

“Ҳеч қанақа акция бўлгани йўқ. Бирорта врач ҳам боргани йўқ. Акцияга врач мебелини қўлтиқлаб борадими, қаерда шундай бўлган экан? Бу президентни алдаш учун навбатдаги кўзбўямачиликлардан бири бўлди, холос”.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига жорий йилнинг 1 июнь куни борган эди.

Ўшанда Бўка туманидаги “Саркор” фермер хўжалиги раҳбари дала шийпонига олиб борадиган дала ўртасидаги йўлга кафель ëтқизиб чиқилган ва президент шу йўлдан юриб ўтган эди.

Президент кўзбўямачиликни ёқтирмаслигини айтган бўлса ҳам, мамлакатда у борадиган жойлардаги ҳолатни аслидан бўрттириб кўрсатиш давом этмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Бош прокуратураси Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга президент ташрифи арафасида беш нафар аёлга коттеж совға қилиб, сўнгра уларни чиқариб юборган мутасаддиларни жавобгарликка тортиш бўйича тақдимнома киритган.

Ўзбекистон президентининг 16 май куни Андижон вилоятига ташрифи чоғида "уй берилди" деб ТВда кўрсатилган 35 яшар Хуршида Тиллаева Озодликка аслида ҳеч қандай уй олмаганини айтиб берган эди.

Айни пайтда Озодликка ҳар бир вилоятда президент бориши кутилган объектларни ясатишга ташланадиган "гастролер техника ва маиший ускуналар"¸ шунингдек президент билан учрашишга обдон ҳозирланган "халқ вакиллари" борлиги ҳақида келаëтган хабарлар кўпайиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG