Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:57

Фарғонада Бош вазир келишига пахтани чаноққа ёпиштиришди


Қўштепа туманида бўш далага пахтани қайта ёпиштириш тадбирини Озодлик мобиль мухбири суратга туширди
Қўштепа туманида бўш далага пахтани қайта ёпиштириш тадбирини Озодлик мобиль мухбири суратга туширди

Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги Шаҳартепа қишлоғидан ўтувчи автомобиль йўли четидаги пахтаси териб олинган чаноқларга қайтадан пахта елимлаб чиқилди. Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг эҳтимолий ташрифи арафасида маҳаллий ҳокимият вакиллари “пахтамиз ҳали кўп” дея мақтанмоқчи бўлди, лекин меҳмон бу ҳудудга қадам босмади.

Сентябрь ойининг охирида Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига келиши ҳақида хабар пайдо бўлиши биланоқ маҳаллий ҳокимият вакиллари олий меҳмонни муносиб кутиб олиш тадбирини кўрдилар.

Туманларнинг бош вазир бориши эҳтимоли бўлган йўллари таъмирланди, кўчаларнинг икки томонида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Фарғона вилояти ҳокимлигидаги Озодлик манбасига кўра, шахсан вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ўзи Бош вазир кортежи юрадиган автомобиль йўли чеккасидаги пахтазорлар қордай оппоқ тусда бўлишини таъмиинлашни буюрган.

Озодликнинг мобил мухбирларидан бири, 30 сентябрь куни Қўштепа туманининг Шаҳартепа қишлоғида пахтаси териб олинган пахта чаноқлари қайтадан тўлдирилаётганига гувоҳ бўлиб, бу ҳолатларни расмга ҳам туширишга муваффақ бўлди.

Бўш чаноқларга пахта тўлдириляпти
Бўш чаноқларга пахта тўлдириляпти

Мобиль мухбирнинг ёзишича, бўш қолган далага қайтадан пахта ёпиштириш тадбирига юзлаб одам сафарбар қилинган:

“Қўштепа туманининг Шаҳартепа қишлоғига бир иш билан бордим. Йўлнинг икки четини юздан ортиқ эркаклар супиришяпти. Пахтазор дала бошланган жойда эса 400дан ортиқ эркагу аёллар уймалашиб ётишарди. Яқинроқ бориб қарасам, деярли барчасининг қўлида ПВА клей, бирлари бўш чаноқларга клей суртяпти, иккинчиси эса пахтани чаноққа ёпиштиряпти. Яна бир гуруҳи эса бошқа даладан чаноғи билан узиб келинган пахтани ғўзага ип билан боғлаб чиқяпти. Нега бундай қиляпсизлар деб сўрасам, бош вазир келармиш, шунга чиройли бўп турсин экан, дейишди. Одамлар бундай сохтагарчиликка тамоман кўникиб бўлишган шекилли, пахтани шипиллатиб клейлаб ташлашяпти”, дея хабар қилди мобиль мухбир.

Қўштепалик исми сир қолишини сўраган фермерлардан бири шундай воқеа ҳақиқатан рўй берганини тасдиқлади:

“Куппа-кундуз куни ўзимизни ўзимиз алдаб ўтирибмиз. Шунча одам оввораю сарсон. Наҳотки ҳокимлар шу билан ўз камчиликларини яширмоқчи бўлса. Ўша куни беш юздан ортиқ одам ишдан қолди. Бош вазирнинг ўзи буни кўрганда баракалла дермиди, ёки сўкармиди, бунисини билмадим. Бу ишларнинг бошида вилоят ҳокимининг ўзи турибди, дейишяпти”, деди фермер.

Фарғона вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, Озодлик билан суҳбатда бундай ишлардан хабари йўқлигини ва вилоят ҳоким ҳеч қачон пахта ёпиштириш тўғрисида буйруқ бермаганини айтди.

Ўзбекистонда Президент ташрифидан олдин бўшаб қолган пахта чаноқларига яна қайтадан пахта ёпиштириш ҳолатлари аввал ҳам кузатилган.

2009 йилнинг 16 октябр куни Фарғонага борган Ислом Каримов кўзини пахта мўл-кўллигидан яйратиш мақсадида¸ йўл бўйидаги пахтазорлардан териб олинган пахталар¸ қайтадан чаноққа тикиб чиқилган эди.

Жорий йилнинг март ойида президентнинг Наманганга ташрифи олидан, дарахтларга сунъий гуллар ёпиштириб чиқилган эди.

Аммо, Бош вазирнинг ташрифи олдидан бўш чаноқларни яна пахта билан тўлдириш ҳолати илк бор кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG