Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:31

4 яшар қизни зўрлаганликда айбланаëтган йигит онаси иқрорнинг қийноқлар остида олинганини иддао қилди


Ўзбекистонда вояга етмаган қизларнинг зўрлангани ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.
Ўзбекистонда вояга етмаган қизларнинг зўрлангани ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.

Термиз шаҳарида 4 ёшли қизчани жинсий зўрлашда гумонланиб қўлга олинган 31 яшар йигитнинг онаси Озодлик билан суҳбатда ўғлини қийнаб, айбни бўйнига қўйишганини иддао қилди. 16 июнь куни Термиз шаҳри Боғзор маҳалласидаги 7-сонли санаторий типидаги боғча яқинида номаълум эркак тўрт ёшли қизчани зўрлагани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

(4 яшар қизни зўрлаганликда айбланаëтган йигит шахси айбсизлик презумпцияси ва тергов амалиëтлари давом этаëтгани боис очиқланмаëтир - таҳр.)

Термизнинг Эски шаҳар қисмида яшовчи аëл Озодлик билан суҳбатда 4 ёшли қизчанинг номусига текканликда гумонланиб 23 июнь куни ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган 31 яшар ўғлининг "қилмаган жиноятига қийноқлар остида иқрор бўлгани"ини иддао қилди:

- Булар боламни олиб кетишди, олиб кетишиб, Термиз шаҳар милицияси тергов изоляторида бошига салафан пакет кийгизиб, қийнаб, 4 ёшли қизчани номусига тегдинг, деб айбни бўйнига қўйиб қўйишибди. Биз буни адвокати орқали билдик. Шрамлари борлиги учун ҳам уни биз билан учраштиришмаяпти, - дейди Озодликка боғланган аëл.

Судланувчининг адвокати Иззат Тошев Озодлик билан суҳбатда ўз мижози айбни бўйнига олганини айтди, лекин қийноққа солингани ҳақидаги иддаларни на тасдиқлаш ва на инкор эта олишини билдирди:

- Ҳозирча сизга ҳеч нарса айтолмайман. Бола айбини бўйнига олаяпти. Сўроқ пайти нима деган бўлса¸ ҳаммаси қоғозга туширилган. Қийноққа солишганми, йўқми, бу ҳақда ҳеч нарса айтолмайман, тергов сири деган нарса бор, тўғри тушунасиз, - деди Иззат Тошев.

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси мулозими Озодлик билан суҳбатда 4 яшар қизчани зўрлаганликда гумонланиб Т.З исмли 31 ёшли эркак қўлга олингани ва унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 119-моддаси (Номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш) бўйича жиноят иши очилганини тасдиқлади, лекин унинг қийноққа солингани ҳақидаги иддаоларни кескин рад этди.

Мулозимга кўра, гумонланувчи шаҳарнинг Боғзор маҳалласидаги санаторий типидаги 9-сонли боғчанинг хавфсизлик камерасига ëзилган видеотасвир асосида ушланган:

- Суриштирув давом этаяпти, ҳали суд бўлгани йўқ. Ким айбли эканига суд қарор беради, - деди Сурхондарё ИИБсининг исми сир қолишини истаган мулозими.

Озодликка шикоят билан чиққан гумонланувчининг онаси ўғлининг видеога тушиб қолгани унга айб қўйиш учун етарли исбот эмаслигини иддао қилади:

- Булар менинг боламни шу видео бўйича ушлашганда. Видеода бола у ерга ёзилишга кириб чиққан, уч минутга. У қиз ҳам шу ерда айланиб юрган. Уч минутда нимани қилиш мумкин, одам иштонини ечишга улгурмайдику, булар боламни шу қизнинг номусига теккан, деб айбни бўйнига қўйишаяпти, - дейди айбланувчининг онаси.

Айби исботлангани тақдирда айбланувчи беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ўзбекистонда вояга етмаган қизларнинг зўрлангани ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.

Шу йилнинг феврал ойида Фарғонада 6 ёшли Кибриё исмли қиз ўлик ҳолда топилган эди.

Гувоҳлар қизча ўлдирилишидан олдин жинсий зўрланганини айтишган.

2015 йил Фарғона вилояти Бешариқ туманида эса 7 яшар қизалоқни зўрлаган 15 яшар ўсмир тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

XS
SM
MD
LG