Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:01

Қашқадарëда 10 яшар қизчани зўрлаган педофил қидирилмоқда


Педофил 10 яшар қизчани кимсасиз далада зўрлаб¸ қочиб кетган.
Педофил 10 яшар қизчани кимсасиз далада зўрлаб¸ қочиб кетган.

Қашқадарё вилояти Қарши туманида 10 яшар қизнинг номусига тажовуз қилган номаълум шахс қидирилмоқда. Қизчани зўрлаб, қочиб кетган педофилни қидириш учун туман милицияси оёққа турган. Қаттиқ шок ҳолатига тушган қизча¸ воқеа тафсилотидан бевосита хабардор Озодлик манбаларига кўра¸ ўзини зўрлаган шахсни танимаслигини айтган.

Қарши туман маркази Бешкент шаҳрида истиқомат қилган 10 яшар қизча (қизчанинг исми-шарифи Озодликка маълум¸ ахлоқ қоидалари нуқтаи назаридан ошкор қилинмаëтир – таҳр.) 19 август куни номаълум шахс томонидан зўрланди.

Озодликка 25 август куни етиб келган бу воқеа тафсилотларини исми сир қолиш шарти билан гапириб берган маҳаллий фаоллардан бири¸ ҳозирча жиноятни содир қилган шахсга оид аниқ маълумот йўқлигини билдирди.

“Участка нозиримизнинг айтишича, қизча эрталаб соат ўнларда кўчада ўйнаб юрганда, уни номаълум шахс алдаб, шаҳар четидаги далага олиб бориб зўрлаган ва ўзи қочиб кетган. Қизча уйга йиғлаб келиб, онасига айтиб берган. Кейин мелисалар келди. Қизчани дўхтирхонага олиб бориб, экспертиза қилишди. Ҳақиқатан ҳам унинг номусига тажовуз бўлган экан. Қизча шунчалик шок ҳолатда бўлганки, ҳатто зўрланган жойни аниқ кўрсатиб беролмаган”, деди маҳалла фаолларидан бири.

Қарши туман ҳокимиятида ишлайдиган Озодлик манбаси, шундай воқеа бўлганини тасдиқлар экан, тажовузкорни қидириш учун туман милицияси оёққа турганини айтди.

“Қарийб бир ҳафтадан буён кечаю-кундуз қидирув ишлари олиб борилаяпти. Судланиб чиққанлар текширилаяпти. Қизчанинг сўзларига қараб чизилган фоторобот барча аҳоли пунктларига ёпиштириб чиқилган. Барча версиялар обработка қилинаяпти. Қизалоққа оғир жисмоний ва руҳий зарар етган. У ҳозиргача карахт ҳолатидан чиққани йўқ”, деди ҳокимлик мулозими.

Ўзбекистонда вояга етмаган қизларни зўрлаш жиноятига оид маълумот ҳам расмийлар¸ ҳам жабрланувчилар оилалари томонидан¸ аксар ҳолларда¸ жамоатчиликдан сир тутилади.

Шунга қарамай¸ бундай жиноятларнинг айримларига оид маълумот Озодликка мобил мухбирлар кўмагида етиб келмоқда.

Ўтган йил октябрь ойида Андижон вилояти Балиқчи туманидаги мактаблардан бирида ўқийдиган 5-синф ўқувчисини муқаддам судланган 36 яшар йигит зўрлаган эди. Зўрлангандан сўнг уриб чалажон қилинган қизалоқнинг ҳаёти сақлаб қолинган эди.

Жиззах вилояти Бахмал тумани марказида ўтган йилнинг 19 май куни йўқолган 1-умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси орадан қарийб икки кун ўтганидан сўнг ўлик ҳолда топилган эди. Озодлик манбаларига кўра, қотил тўққиз ёшли қизчани зўрлаган ва уни бўғиб ўлдириб, жарликка ташлаб кетган.

Ўтган йилнинг 27 июлида Самарқандда ёш қизни зўрлаганликда гумон қилинаётган 63 ёшли фермер ҳамқишлоқлари тарафидан сазойи қилинган эди.

Бу воқеадан тўрт кун ўтиб, Самарқандда 17 ёшли қиз 63 ёшли ҳамқишлоғи тарафидан жинсий зўрланиш ортидан ўзини ўзи осиб қўйган эди.

Жорий йил август ойида Қорақалпоғистоннинг Шуманай туманида милиция ходими томонидан зўрланган қиз ўз жонига қасд қилган¸ аммо сирка ичган қизнинг ҳаёти касалхонада сақлаб қолинган эди.

XS
SM
MD
LG