Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:40

Махфий қарор: Давлат хизматчилари орасида динга мойиллик ошишининг олди олинади


Махфий қарордан¸ давлат хизматчилари орасида динга мойилликнинг ошиб бораëтгани хавфсизлик идораларида хавотир уйғотгани кўрилади.
Махфий қарордан¸ давлат хизматчилари орасида динга мойилликнинг ошиб бораëтгани хавфсизлик идораларида хавотир уйғотгани кўрилади.

Президент Шавкат Мирзиëевнинг мамлакатдаги диний вазиятни соғломлаштиришга оид 2019 йил 4 сентябрь кунги махфий қарорида (ПҚ-4437м) белгиланган топшириқлар ижроси¸ Озодликка келаëтган хабарларга қараганда¸ давом этмоқда.

4437м деб рақамланган бу қарорнинг 2-иловасида берилган бир қатор топшириқлар давлат идора ва ташкилотлари раҳбар ва хизматчилари орасидаги диндорлик¸ уларнинг диний соҳадаги сиëсатга муносабатини ўрганишга оиддир.

Хусусан¸ илованинг I бобида кетма-кет берилган топшириқларда ДХХ ва бошқа масъул тизимларга давлат идоралари раҳбарлар ва ходимлари орасида беўхшов соқол қўйиш¸ ҳижобда юришни чеклаш¸ иш вақтида диний амалларни бажариш қонунчиликка зид эканини тушунтириш¸ улар ва оила аъзоларининг радикал ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш тадбирларини кўриш буюрилган.

Озодлик 11 октябрь куни гаплашган бир қатор давлат хизматчилари ДХХ зобитлари диний сиëсат мавзуида махсус йиғилиш ўтказгани ва уларга¸ айниқса¸ дресс-кодга қатъий амал қилишни тайинлаганини билдирди.

Каттаю кичик раҳбарлар рўйхати тузилади¸ уларнинг диний сиëсатга муносабати махсус ўрганилади

Озодликка бошқарув тизимидаги мулозимлардан бири томонидан сиздирилган махфий қарор иловасида белгиланган вазифалар¸ муаллифларда¸ давлат ташкилот ва идоралари раҳбар ходимлари¸ шунингдек¸ хизматчилари орасида диндорликнинг ошиб бораëтгани хусусида хавотир борлигини кўрсатади.

Шундан келиб чиқиб қарорга илова қилинган 2019 йилнинг сентябрь-декабрь ойларига мўлжалланган “Йўл харитаси”да қилиниши лозим ишлар рўйхати келтирилган.

Белгиланган топшириқлар орасида республика миқëсида каттаю кичик раҳбарлар рўйхатини тузиш¸ раҳбарлар орасида уларнинг олиб борилаëтган диний ислоҳотларга муносабатини таҳлил қилиш мақсадида сўровнома ўтказиш бор.

“Йўл харитаси” I боби 3-бандида буюрилган бундай сўров буюртмачиси Президент администрацияси бўлса¸ ижрочи этиб “Ижтимоий фикр” маркази белгиланган. Бундай сўров саволларини ишлаб чиқиш¸ сўров ўтказиш ва уларни таҳлил қилиш учун 15 сентябрдан 10 октябргача муҳлат берилган.

11 октябрь куни Озодлик гаплашган мазкур марказ тадқиқотчиси бу сўров-тадқиқот давом этаётганини айтаркан, бундай деди:

Бу раҳбарларга ишончсизликдан эмас¸ балки уларнинг одамлар¸ аксарияти мусулмон бўлган аҳоли билан қанчалик саводли ишлай олишини аниқлаш учун ўтказилмоқда. Масалан¸ раҳбарнинг олдига одамлар¸ Ҳажга бораман¸ Умрага бораман¸ ëки худойи қилмоқчиман¸ деб келади. Шундай вазиятда давлат идораси раҳбари ўзини қандай тутади¸ нима деб жавоб беради¸ сўровнома шуни кўрсатади. Натижага қараб¸ уларнинг камчиликларини тузатишига ëрдам берилади¸ ҳар хил тренинг ва тадбирлар уюштирилади”¸ деди марказ тадқиқотчиларидан бири.

Иш жойларида намоз ўқиш¸ иш пайтида масжидга чиқиш тўхтатилади

Президент махфий қарорига илова қилинган «Йўл харитаси»да белгиланган айрим вазифалар “давлат идора ва ташкилотлари хизматчилари ҳамда уларнинг оила аъзоларида динга мойиллик олдини олиш чораларини кўришга қаратилган.

Бу йўналишда қилиниши белгиланган тадбирлар эса қуйидагича:

1. Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида тарғибот материалларини тайëрлаш бўйича ишчи гуруҳ тузиш.

2. Давлат идора ва ташкилотлари ходимлари иш вақтида диний амалларни бажариши қонунчиликка зид экани¸ диний амаллар давлат хизматчиларининг ўз хизмат вазифаларини сифатли бажаришларига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида мазкур тоифа орасида тушунтириш ишларини олиб бориш.

3. Давлат хизматчилари томонидан ўз оила аъзоларининг радикал ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш¸ уларнинг маънавий-маърифий онгини юксалтириш.

4. Мутасаддилар томонидан мазкур ҳолат бўйича профилактик суҳбатлар ташкил этиш”.

“Йўл харитаси”да бу вазифа ижроси бевосита ДХХ¸ ИИВ¸ Адлия вазирлиги¸ Дин ишлари бўйича қўмита¸ Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси¸ Халқаро ислом академияси ва ҳокимликларга топширилган.

Махфий қарор иловасида давлат идоралари раҳбар ва хизматчилари орасидаги динга мойилликни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.
Махфий қарор иловасида давлат идоралари раҳбар ва хизматчилари орасидаги динга мойилликни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.

Давлат ва жамоат ташкилотларида дресс-код жорий этилади

“Йўл харитаси”да “Давлат ва жамоат ташкилотларида кийиниш тартиб қоидалари бўйича меъëрлар (дресс-код) ишлаб чиқиш ҳақида ҳам махсус топшириқ берилган.

Шу мақсадда республика Mаънавият ва маърифат маркази ҳузурида ишчи гуруҳ тузиш¸ дресс-код лойиҳасини ишлаб чиқиш¸ бу меъëрни давлат ва жамоат ташкилотларида тарғиб қилиш буюрилади.

Шу йўналишда қилиниши белгиланган ишлар сирасига “оммавий ахборот воситалари¸ ижтимоий тармоқлар орқали ахборот майдонида нохолис фикрлар тарқалишининг олидини олиш учун мақсадли маълумотлар тарқатиш тизимини жорий қилиш “ киритилган ва бу вазифа ижроси Комил Алламжонов раҳбарлик қилаëтган Ахборот ва оммавий ахборот коммуникациялари агентлигига топширилган.

11 октябрь куни Озодлик гаплашган ҳокимият¸ банк ва таълим тизими ходимлари ўзлари билан дресс-код масаласида махсус мажлислар ўтказилганини билдирди.

Бугун эрталаб ДХХ зобити мажлис қилди. Юртимиз нотинч¸ Суриядаги кучлар бизда ҳам бош кўтариши¸ тинчлигимизни бузиши мумкин¸ деб гап бошлади. Давлат идораларига соқол ва ҳижоб билан келиш мумкин эмас¸ деб тушунтирди" ¸деди Навоий вилоят таълим тизими ходими.

Тошкентлик мулозим эса¸ дресс-код борасида ўз идорасида жиддий суриштирув бошлангани ва рўмолини томоқ тагидан ўраб юрган хизматчиларга уни орқадан ўраш тавсия қилинганини билдирди.

Орқамдан ўрамайман¸ эрим рухсат бермайди¸ деганлардан аризаси олинди”¸ деди бу суҳбатдош.

Давлат идоралари раҳбар ва ходимларида динга мойиллик ошмоқдами?

Озодлик Ўзбекистондаги энг йирик “Ижтимоий сўров” маркази тадқиқотчисига давлат идоралари раҳбарлари ва ходимлари орасида динга мойиллик кучайганми¸ деган савол билан мурожаат қилди.

Социолог¸ бундай саволга жавоб топишга қаратилган сўров ҳозирча ўтказилмагани боис¸ бу ҳақда маълумоти йўқлигини билдирди.

11 октябрь куни Озодлик гаплашган давлат идоралари хизматчилари бундай тенденциянинг мавжудлигини билдирди.

Олдинлари ҳар бир давлат идорасида бошлиқ ўринбосари бўлиб МХХ куратори ўтирарди – ходимларнинг айнан динга мойил-мойил эмаслиги доимий кузатувда эди. Мирзиëев келгандан кейин бу кураторлар ишсиз қолди¸ ходимларга эркинлик берилди. Жума намози соат 1 ларда ўқилади¸ обед пайтида жумага чиқувчилар кўпайиб кетди. Хусусий ташкилотларда намозхоналар очилди. Бу қарор билан шуларнинг ҳаммаси эски изига тушадиганга ўхшаяпти”¸ деди банк тизими ходимларидан бири.

XS
SM
MD
LG