Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:50

Матбуот агентлиги артистларни "миллат хоини"га чиқарган исломий сайтга чора кўрилишини айтди


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита мулозими ўзбек телеканалларида кўрсатилаëтган сериалга овоз берган ижодкорлар ишини “ҳаром” деб¸ уларни сазойи қилишга чақирган исломий сайт мавжуд қонунни бузганлигини билдирди. Дин ишлар қўмитаси мулозимига кўра¸ бу сайт материаллари экспертизага берилган.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан рўйхатга олинган азон.уз ахборот порталида 14 февраль куни эълон қилинган мақолада сериалларга овоз берган дубляж хизмати ходимларининг иши “ҳаромлиги”¸ уларнинг “боласига ҳаром луқма едиргани” ҳақида ëзилган мақола эълон қилинди.

Мақола муаллифи дубляжда овоз берган ўзбек санъаткорларини “миллатнинг энг ашаддий хоинлари, бузғунчи, иккиюзламачи, мунофиқ кимсалар” дея айблаб¸ барчани “уларга қарши курашишга” чақиради.

Муаллиф Зиëвуддин Раҳим ўз мақоласида “акс ҳолда охири ёмон бўлади!” дея таҳдид қилади.

Мақолада Ўзбекистондаги “ZO”R- TV” каналида намойиш қилинаëтган “Севги изтироби” фильмини туркчадан ўзбекчага дубляж қилган гуруҳ таҳдид нишони бўлган.

Айни нашр кейинги ўн кун ичида турк сериалининг соф исломий ахлоқ нормаларига зид экани иддао этилган бир нечта мақолани эълон қилган.

Қонун бузилган

Озодлик мухбири билан бу мақола юзасидан гаплашган Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита мулозими Бобомурод Рустамов мақоланинг мавжуд қонунларга зид тарзда эълон қилинганини айтди:

- Вазирлар Маҳкамасининг 10-сонли қарорига кўра¸ диний мазмундаги мақолалар Дин ишлари қўмитасида экспертизадан ўтказилиши керак. Айни мақола экспертизадан ўтмасдан чоп қилинган. Мақолага кўз югуртирганимда¸ муаллифнинг ҳаддан ошганини кўрдим. Мақола экспертизага юборилади. Айни пайтда мақола учун бу нашрни рўйхатга олган Матбуот ва ахборот агентлиги ҳам маъсул¸ деди Дин ишлари бўйича қўмита мулозими Бобомурод Рустамов Озодлик билан 15 февраль кунги суҳбатда.

Экстремистик чақириқ мавжуд

Бу суҳбат ортидан Озодлик мухбири Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги лицензия бўлими бошлиғи Жамшид Набиев билан боғланди. Озодлик билан суҳбатда Набиев айни мақолада экстремистик чақириқлар мавжудлиги аниқлангани ва нашрга нисбатан чора кўрилишини айтди:

- Биз уларга тақдимнома киритиб¸ керак бўлса¸ лицензиясини бекор қиламиз. Сериалларга овоз бериш ҳаромдир¸ деяпти. Бундай чақириқ қонунга зид¸ деди Матбуот ва ахборот агентлиги лицензия бўлими бошлиғи.

Соф ислом назари?

Озодлик мақолани нашр қилган портал муассиси Мубашшир Аҳмад ва сайт бош муҳаррири Муҳаммад Темир Аъзам билан ҳам суҳбатлашди. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам “ZO”R- TV” каналида намойиш қилинаëтган “Севги изтироби” филми соф исломий ахлоқ нормалари ва миллий менталитетга зидлиги боис танқид нишонига айланганлигини айтишди. Мубашшир Аҳмадга кўра¸ мақола Зиëвуддин Раҳим деган ëзувчининг Facebookдаги саҳифасидан олиб эълон қилинган:

- Facebookдан олинди¸ деган ишорат қўймаганимиз балки техник хато бўлгандир¸ лекин “Севги изтироби” фильмини ҳеч ким яхши кўрмаслиги ва бу фильмнинг халқимизга ва исломга ëтлиги масаласида фикрим қатъий¸ дейди сайт муассиси.

Сайт бош муҳаррири Муҳаммад Темир Аъзам “Миллат хоинларини таниб олинг!” деб номланган мақола матнида экстремистик чақириқ йўқ¸ дея таъкидлайди:

- Қанақа экстремизм бўлиши мумкин! Зиëвуддин Раҳим тўрт-бешта китоб чиқарган ëзувчи бўлса! Барча китобларини диний қўмита изни билан чоп қилган бўлса! Зиëвуддин Раҳим танқид қилган “Севги изтироби” фильмини севиб томоша қилган бирорта зиëлини кўрмадим¸ дейди Муҳаммад Темир Аъзам.

Дунëни забт қилган севги ҳикояси

Туркияда истиқомат қиладиган ўзбек блоггери Ботир Ҳасанов “Севги изтироби” фильми (туркчада Kara sevda) Туркия ва умуман дунëнинг 28 мамлакатида севиб томоша қилинаëтганини айтади:

- Туркия ҳам ислом таъсиридаги мамлакат¸ лекин ҳеч ким буларга ўхшаб кино ижодкорларига хоин¸ сотқин деб тамға қўймаяпти. Бундан ташқари¸ фильм Покистон¸ БАА¸ Миср каби аҳолиси мусулмон бўлган мамлакатларда ҳам намойиш қилинмоқда. Фильм ҳаëт машаққатлари ҳақида. Билмадим ўзбек диндорлари нега бу кинони тавқи лаънат қилаяпти. Одамларда танлов ҳуқуқи бор. Бу ҳуқуқни чеклашга диний гуруҳларнинг ҳаққи йўқ¸ дейди блоггер.

"Сериал кўриш ҳуқуқини чекламанг!"

Тошкентлик филолог олим Элдор Асанов Facebookдаги саҳифасида ўз миллатдошларига танлов ҳуқуқини раво кўрмаганларга хитоб қилди.

“Демократия ҳар кимга ҳар қандай сериални кўриш ҳуқуқини ҳам, соқол қўйиб юриш ҳуқуқини тақдим этади. Лекин демократия икки-уч чаласавод тирранчага халқ номидан гапириб, ўз миллатдошларининг салмоқли қисмини хоинликда айблашга ҳуқуқ бермайди. Буёғи демократия эмас, васваса. Нормал жамиятда бу мақола муаллифи энг камида халқ нафратига учрар, яхшиси эса адоват қўзғаётгани учун жавобгарликка тортиларди” дея ëзади филолог олим.

Исломий сайтнинг сериалга овоз берган ижодкорларни сазойи қилишга чақиргани ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида муҳокама қилинмоқда. Facebook фаоли Хуршид Йўлдошев мақола муаллифига маломатли мурожаат қилди.

“Аввал ҳам ватангадо, кафангадо, миллат хоини, дин хоини, сотқин сўзларини кўп айтишарди. Энди бу сўзларни айтувчилар сони янада ортади¸ шекилли. Кечагина ўзларининг ҳуқуқларини талаб қилган бу кимсалар эркинлик берилган заҳоти бошқаларнинг ҳуқуқини чеклашни талаб қилишга ўтишди. Охири бахайр бўлсин ишқилиб. Ўзларига ёқмаганларни миллат хоинига чиқариш доим бўлган. Шунақа касофатларнинг дастидан қанча одам таъқибда яшаган.

Ҳей, сен, бошқаларни миллатга хоинликда айблаётган кимса, ватандошларингнинг камида ярми шу филмларни кўради, жуда кўпчилиги Янги йилни, Наврўзни байрам қилади. Аслида сен ва сенга ўхшаганлар озчиликсан. Кўпчилик номидан гапириб, кимларнидир миллат хоинига чиқаришга сенга ким ҳуқуқ берди? Нима, сен президентмисан, парламентмисан, судмисан, кимсан? Ҳаддингни бил¸”дея таъкидлади ижтимоий тармоқдаги фаоллардан бири Хуршид Йўлдошев.

"Диний цензура керак эмас!"

Ўзбекистонлик психолог олим ва шоир Маҳмуджон Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда мамлакатда сиëсий цензура чекинган пайтда диний цензура яратишга уринишларни қоралайди:

- Сизга цензорликни ҳеч ким юклаган эмас. Ҳар ким излаганини топади. Ҳар қандай китобни хоҳлаган ўқийди. ТВга келсак, телевизорингизни ўчириб¸ яхшигина ухланг. Бошқалар билан нима ишингиз бор¸ дейди Маҳмуджон Йўлдошев.

Ўзбекистонда намойиш қилинаëтган “Севги изтироблари” фильми бундан олдин Мусулмонлар идораси Тошкент шаҳар вакиллигинг Telegram каналида ҳам “Тавқи лаънат” қилинган эди.

XS
SM
MD
LG