Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:48

Бишкекдаги суд: Бобомурод Абдуллаев 8 сентябрга қадар ҳибсда қоладиган бўлди (ВИДЕО)


Журналист Бобомурод Абдуллаев.
Журналист Бобомурод Абдуллаев.

Бишкекдаги Биринчи май туман суди судьяси Абдразақ Бўрўмбаев ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаевни жорий йил 8 сентябригача ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарди. Журналист бу вақт оралиғида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов ҳибсхонасида тутиб турилади.

Б. Абдуллаевнинг адвокатларидан бири Тимур Султанов маҳкамадан сўнг ҳимоя тарафи суд қароридан қониқмаганини билдирди.

Биз адвокатлар суд қарорини ноқонуний ва асоссиз, деб ҳисоблаймиз. Чунки Жазо-процессуал кодекси меъёрлари қўпол равишда бузилди. Шу важдан апелляция тартибида Бишкек шаҳар судига ариза киритамиз”, деган Т. Султанов бу иш келаётган 5 кун ичида амалга оширилажагини қайд этди.

Биринчи май туман суди 10 август куни Бобомурод Абдуллаевга нисбатан эҳтиёт чораси қўллаш бўйича маҳкама ўтказиши ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

Журналист Б. Абдуллаев маҳкамага кириб келиш чоғида маҳаллий журналистлар саволларига жавоб бераркан, ўзининг мутлақо асоссиз қўлга олинганини қайд этди.

Мени Ўзбекистоннинг сўрови билан қўлга олишибди. Сўровда гўё менинг “Қора мерган” тахаллуси билан мақолалар ёзганим айтилибди ва улар ҳатто 23 июль куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судида бу бўйича сиртдан айблов чиқаришиб, бу ёққа жўнатишибди. Айблови етиб ҳам келибди бу ёққа”, деган Бобомурод Абдуллаев ўзининг “Қора мерган” саҳифаларига ҳеч қанақа алоқаси йўқлигини қўшимча қилди.

Бишкек суди ҳукми: Журналист Бобомурод Абдуллаев 8 сентябргача ҳибсда қолади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:06 0:00

Айни пайтда Б. Абдуллаев қўлга олинган 9 август куни ҳам, у тергов ҳибсхонасида сақланиб, кейинроқ судга олиб келинган 10 август куни ҳам “Қора мерган” тахаллуси билан ёзаётган киши Телеграм-каналида янги ёзувлар пайдо бўлиб турди.

Аввалроқ Б. Абдуллаев YouTube видеопорталидаги ўз каналида айрим блогер ва ёзувчилар уни “Қора мерган” тахаллуси билан ёзаётган киши ўлароқ гумон қилаётганларини, бироқ ўзининг у одам эмаслигини таъкидлаб, чиқиш қилган.

Журналистнинг адвокатларидан яна бири Тимур Карабаев бугунги суддан кейин Бобомурод Абдуллаевнинг Ўзбекистонга топширилишига оид қарорни Қирғизистон Бош прокуратураси чиқариши мумкинлиги, ҳимоя томонидан шикоят аризаси киритилган тақдирда бу иш келажакда судда кўрилажагини маълум қилди.

Бу орада Б.Абдуллаевнинг учинчи адвокати Наталья Котик аввалроқ БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари ваколатхонасига ўз мижози томонидан бошпана сўраб, ариза топширилгани, унда ўзбекистонлик журналист Қирғизистонда ҳаёти учун таҳдид пайдо бўлганию ўзининг хавфсиз учинчи мамлакатга кўчирилишида халқаро ташкилотдан кўмак сўраганини билдирди.

Бобомурод Абдуллаев 9 август оқшомида Бишкекдаги кафелардан бирида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида Озодликка унинг адвокати Тимур Карабаев маълум қилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси масъули Рахат Сулайманов эса Озодликнинг қирғиз хизматига қидирувга берилган Б. Абдуллаев 8 август куни Ўзбекистоннинг сўровига кўра ушланганини билдирган.

Маълумотларга кўра, Бобомурод Абдуллаев Қирғизистонга шу йил февралида Марказий Осиёдаги Америка университети таклифи билан 4 ойлик ўқишга келган. Аммо коронавирус пандемияси туфайли чегаралар ёпилиб қолгани важидан у ўқишини давом эттириш учун Европага учиб кетолмай қолган.

Аввалроқ журналистнинг Тошкентдаги адвокати Сергей Майоров Яккасарой туман ИИБга ҳамда ДХХга ўз мижози устидан жиноят иши очилган-очилмагани хусусида адвокатлик сўрови йўллагани, сўровга жавобан Яккасарой туман ИИБ Абдуллаев Б.К.га нисбатан ҳеч қанақа жиноят иши очилмаганини билдиргани, ДХХ эса адвокатга Абдуллаев Б.К. устидан махсус хизматга ариза ёки шикоятлар тушмаганини маълум қилганини хабар қилгандик.

Эслатиб ўтамиз, журналист Бобомурод Абдуллаев 2017 йилнинг 27 сентябрида МХХ томонидан ҳибсга олинган. Шундан сўнг у 2011 йилдан "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумон қилиниб, судланган. Маҳкама давомида Бобомурод Абдуллаев ўзининг Усмон Ҳақназаров тахаллуси остидаги мақолаларнинг аксарияти муаллифи эканини тан олган, бироқ ўзи ёзган мақолаларда давлат тўнтаришига чақириқ бўлганини рад этган. Шу билан бирга, судда журналистга нисбатан тергов давомида қийноқ қўлланилгани қайд этилган.

Прокурор Б.Абдуллаевга 5 йиллик қамоқ жазоси сўраган. Бироқ 2018 йил 7 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтган маҳкамада журналист Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159- моддаси, 1- қисми, “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор топилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлатга ўтказиш ва 3 йилга ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш жазоси тайинланган ҳамда суд залидан озод қилинган. Журналистнинг ҳибсда сақланган 221 кун эътиборга олиниб, судда бу муддат белгиланган жазо муддатидан чиқариб ташлаган.

Бобомурод Абдуллаевнинг суд залидан озод қилиниши қатор нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТнинг Матбуот эркинлиги бўйича вакили, Amnesty International , CPJ ва бошқа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан олқишлаган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG