Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:24

Трампнинг қайтиши: Ўзбекистон ва дунёни нима кутмоқда?

Қўшма Штатларда 5 ноябрь куни ўтган президент сайловида республикачилар номзоди Доналд Трамп демократ рақиби Камала Ҳаррисни ортда қолдириб, расман ғалаба қозониш учун зарур бўлган сайловчилар коллегиясининг 270 та овозини қўлга киритди.

Айни пайтда республикачилар Конгресснинг юқори палатаси – Сенатда ҳам кўпчилик ўринни эгаллади.

Дунё раҳбарлари, жумладан, президент Шавкат Мирзиёев Трампни ғалабаси билан табриклади.

Украина президенти Владимир Зеленский Доналд Трампни “сайловдаги ажойиб ғалабаси” билан табриклаб, Трамп раҳбарлигида Қўшма Штатлар Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишига умид билдирди.

Трамп Украина ва Яқин Шарқдаги урушга қисқа вақтда барҳам беришини айтган, аммо бу борадаги режалари тафсилотини очиқламаган.

78 ёшли Трамп Оқ уйга сайланган энг кекса раҳбар бўлади.

132 йилдан бери АҚШда иккинчи марта сайлана олмай кейин яна ҳаракат қилиб, бунинг уддасидан чиққан президент бўлади.

Шунингдек, Трамп Қўшма Штатлар тарихида судда айбдор деб топилганига қарамай, президентликка сайланган биринчи шахсдир.

15:21 5.11.2024

Сайланувчилар

5 ноябрь - АҚШда президент, маҳаллий раҳбарлар ва Конгрессдаги вакиллари учун овоз бериладиган кун бўлди.

АҚШ парламентининг Вакиллар палатаси аъзолари ҳар икки йилда ўзгаради. Палатадаги 435 ўрин, шунингдек, 100 кишилик Сенатдаги ўринларнинг учдан бир қисми овозга қўйилади. Айни пайтда Вакиллар палатасида республикачилар, Сенатда эса демократлар кўпчилик.

Штатлар губернаторлиги учун пойгаларда эса 11 та ўрин бор. Бундан ташқари шаҳарлар мэрлиги ва бошқа муниципал лавозимларга раҳбарлар сайланади.

Лос-Анжелесдаги овоз бериш участкаси
Лос-Анжелесдаги овоз бериш участкаси

15:23 5.11.2024

Сайловчилар

Президентлик сайловларида овоз бериш учун сайловчи 18 ёшга тўлган АҚШ фуқароси бўлиши, резидентлик талабларига жавоб бериши керак. Бу талаблар штатдан штатга қараб фарқ қилади.

Фуқаро овоз бериш учун рўйхатга олинган бўлиши керак. Сайловчиларни рўйхатга олиш муддати ҳам мавжуд. Баъзи штатларда жиноий жавобгарликка тортилганлар ёки ақлан заиф одамлар овоз бера олмайди.

Чет элда яшаётган Америка фуқаролари сиртдан овоз бериш ҳуқуқига эга. Бироқ АҚШ ҳудудларида, жумладан Пуэрто-Рико, Виржиния ороллари, Гуам, Шимолий Мариана ороллари ва Америка Самоасида истиқомат қилувчи АҚШ фуқаролари овоз бера олмайди.

Виржиниядаги овоз бериш участкаси
Виржиниядаги овоз бериш участкаси

15:26 5.11.2024

Натижа

Сайловда овоз бериш жараёни 5 ноябрь куни кечқурун тугайди. Сайлов участкаси қачон ёпилишини ҳар бир юрисдикциянинг ўзи белгилайди.

Штатларда сайлов бюллетенларини санаб чиқиш ва почта орқали юборилган бюллетенларни қабул қилиш қоидалари ҳар хил бўлгани учун баъзи штатлар якуний натижаларни сайловдан кейинги 2-3 кунгача ҳам билмаслиги мумкин.

Овозлар сони бир-бирига яқин бўлиши ахборот агентликлари учун ғолибни башорат қилишни қийинлаштиради. Масалан, 2020 йилда шундай бўлган. Президентлик сайлови натижалари эълон қилингунига қадар бир неча кун ўтган. Бу гал ҳам шундай бўлиши эҳтимоли бор.

15:31 5.11.2024

АҚШ сайловининг таъсири: УКРАИНА

АҚШнинг ҳарбий, молиявий ва дипломатик ёрдамига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлган Украина бу сайлов таъсирини бевосита ҳис қилиши мумкин.

Амалдаги президент Жо Байден даврида Қўшма Штатлар 2022 йил февраль ойида Россия кенг кўламли босқинни бошлаганидан бери Украинага хавфсизлик ёрдами учун 56 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратди. У молиявий ва гуманитар ёрдам учун яна ўнлаб миллиард доллар ажратди.

"Менинг фикримча, уруш натижаларига ва, шубҳасиз, кейинги бир неча ойда содир бўладиган воқеаларга таъсир кўрсатадиган энг муҳим омил – бу АҚШ сайловлари," дейди Лондон қироллик коллежининг Уруш тадқиқотлари кафедраси катта ўқитувчиси Рут Дейермонд.

Республикачи собиқ президент Доналд Трамп ва Демократик партия вице-президенти Камала Ҳаррис Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича бутунлай бошқача позицияларни билдиришди.

Қуйидаги мақолада мавзу тафсилоти билан тўлиқ танишишингиз мумкин:

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG