Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:50

Трампнинг қайтиши: Ўзбекистон ва дунёни нима кутмоқда?

Қўшма Штатларда 5 ноябрь куни ўтган президент сайловида республикачилар номзоди Доналд Трамп демократ рақиби Камала Ҳаррисни ортда қолдириб, расман ғалаба қозониш учун зарур бўлган сайловчилар коллегиясининг 270 та овозини қўлга киритди.

Айни пайтда республикачилар Конгресснинг юқори палатаси – Сенатда ҳам кўпчилик ўринни эгаллади.

Дунё раҳбарлари, жумладан, президент Шавкат Мирзиёев Трампни ғалабаси билан табриклади.

Украина президенти Владимир Зеленский Доналд Трампни “сайловдаги ажойиб ғалабаси” билан табриклаб, Трамп раҳбарлигида Қўшма Штатлар Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишига умид билдирди.

Трамп Украина ва Яқин Шарқдаги урушга қисқа вақтда барҳам беришини айтган, аммо бу борадаги режалари тафсилотини очиқламаган.

78 ёшли Трамп Оқ уйга сайланган энг кекса раҳбар бўлади.

132 йилдан бери АҚШда иккинчи марта сайлана олмай кейин яна ҳаракат қилиб, бунинг уддасидан чиққан президент бўлади.

Шунингдек, Трамп Қўшма Штатлар тарихида судда айбдор деб топилганига қарамай, президентликка сайланган биринчи шахсдир.

15:34 5.11.2024

Номзод Камала Ҳаррис

Демократик партия номзоди Ҳаррис сайланса, АҚШнинг биринчи аёл президенти ва асли келиб чиқиши Жанубий Осиёдан бўлган биринчи шахс бўлади.

60 ёшли Ҳаррис 2022 йилда Олий суд аборт қилиш ҳуқуқини бекор қилган қароридан сўнг аборт ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва Трампни демократияга таҳдид деб атади. Шунингдек, у Трампнинг 6 январдаги АҚШ Капитолийсига ҳужумдаги роли ва 2020 йилда Байденга ютқазганини тан олишдан бош тортганини таъкидлади.

Ҳаррис Байденнинг Украинага ёрдам сиёсатини давом эттиришини ва Россиянинг мағлубиятини кўришни исташини аниқ билдирган.

АҚШ сайлов тизимига кўра, ким президент бўлишини миллий халқ овози эмас, балки 538 аъзодан иборат Сайлов коллегияси ҳал қилади. Унда ҳар бир штатдан Конгрессдаги вакиллари сонига тенг бўлган олдиндан белгиланган сондаги электорлар бўлади.

15:41 5.11.2024

Ижтимоий сўровлар

Ижтимоий сўровлар, аввалда бўлгани каби, номзодлар рейтингида фарқ жуда кичик эканини кўрсатмоқда. New York Times ва Сиена коллежи томонидан 3 ноябрь куни ёйинланган тадқиқотлар вице-президент Ҳаррис ва собиқ президент Трамп овоз бериш натижаси учун муҳим бўлган етти штатда ёнма-ён кетаётганини кўрсатган.

Жорий йилнинг 24 октябридан 2 ноябригача етти штатдаги 7800 дан зиёд муҳтамал сайловчи орасида ўтказилган сўров натижаларига мувофиқ, Камала Ҳаррис кичик фарқ билан Невада, Шимолий Каролина ва Висконсинда, Дональд Трамп эса Аризона, Мичиган, Жоржия ва Пенсильванияда олдинда боряпти. Етти штатнинг барчасида овозлар нисбати тақрибан 3,5 фоиз атрофида бўлиб турибди, дея қайд этилган “Америка овози” мақоласида.

Сўровга кўра, сайловчиларнинг 40 фоизга яқини шу кунгача овоз бериб бўлган ва бу сайловчилар орасида Ҳаррис 8 фоизга олдинда бормоқда, Трамп эса энди овоз беришини айтаётган сайловчилар орасида пешқадамлик қиляпти.

Пенсильванияда ҳар икки номзоднинг ғалаба имкониятлари тенглашган. New York Times нашрининг аввалги сўровларида Ҳаррис тўрт фоизлик фарқ билан олдинда бораётган бу штатда Трамп рақибини қувиб етиб олган.

15:48 5.11.2024

Номзод Дональд Трамп

Республикачилар партияси миллий конвенцияси 15 июль куни Дональд Трампни АҚШ президенти лавозимига номзод ўлароқ кўрсатди.

Шу куннинг ўзида Оҳайо штатидан сенатор Жеймс Вэнс Трамп томонидан АҚШ вице-президенти лавозими учун танланган.

“Вице-президент ўлароқ Жеймс Вэнс Конституциямиз курашни давом эттиради, қўшинларимиз ҳолати учун жавоб беради ва менга Американи қайтадан буюк қилишда ёрдам бериш учун қўлидан келган барча ишни қилади”, деб ёзган Трамп Truth Social platform деб номланган ўз ижтимоий тармоғида.

Reuters агентлиги Дональд Трампга суиқасд туфайли президентликка номзод эндиликда ўз нутқига АҚШ президенти лавозимига номзодлик мақомига кўрсатилишни қабул қилиши бўйича тузатиш киритиши лозимлигини қайд этган. Номинация масаласи Республикачиларнинг Милуокидаги (Висконсин штати) тўрт кунлик миллий конвенциясида кўриб чиқилмоқда. Трампнинг Республикачилар партияси номинациясини қабул қилишга расман розилик билдириб, чиқиш қилиши 18 июль куни кутилмоқда.

Reuters хабарига кўра, Трамп нутқидаги ўзи билан Байден ўртасидаги фарқларни баҳолашга оид аввал ёзилган мулоҳазалар ўрнига миллий бирдамликка урғуни кучайтирмоқда.

Трамп учинчи марта номзодини қўймоқда. У 2020 йилда амалдаги президент сифатида президент Жо Байденга ютқазган эди. Байден эса 2024 йил июлида Трамп билан бўлган мунозарада кўрсатган ёмон натижадан сўнг пойгадан чиқди.

17:21 5.11.2024

Ливандаги умидлар

Президентлик сайловини катта қизиқиш билан кузатаётган ливанликлар АҚШ Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишига умид қилмоқда. Мамлакат аҳолиси сайлов натижалари Ливанда давом этаётган урушга катта таъсир кўрсатади деган фикрда.

Сайлов Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасида урушни тўхтатиш бўйича Америка дипломатиясининг муваффақиятсиз, деб танқид қилинаётган бир кезда ўтмоқда. Исроилни тўғридан-тўғри сулҳга кўндиришни мақсад қилган Вашингтоннинг оташкесим таклифи «реал эмас» деб баҳоланиб, охирига етмай қолди.

Америкадаги араб ҳамжамиятига қилган мурожаатида Трамп Яқин Шарқ можаросига барҳам беришга ваъда берган. Аммо буни қандай амалга оширишини айтмаган.

Кўплаб араб ва мусулмон америкаликлар ҳамда урушга қарши фаоллар Ғазо ва Ливанда ўн минглаб тинч аҳолининг ўлими ва миллионлаб одамларнинг кўчирилиши ортидан АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлашини кескин қоралади.

Исроил Ҳамас ва Ҳизбуллоҳ жангари гуруҳларини нишонга олаётганини айтади. Ғазодаги урушга параллел равишда Ҳизбуллоҳ ва Исроил бир йилдан бери бир-бирининг нишонларини ўққа тутиб келаётган эди. Аммо сўнгги ҳафталарда жанглар авж олди.

Исроил Ливан жанубида Ҳизбуллоҳ туннеллари ва қурол-яроғ омборларини фош қилганини айтиб, гуруҳ Исроилга Ҳамас ҳужумиданда каттароқ босқин режалаштирганини даъво қилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG