Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:40

OzodDayjest: Хусусий клиника раҳбари давлат касалхоналари қабул қилмаган коронавирусли беморларни даволашга мажбур бўлганини билдирди


Cоғлиқни сақлаш вазирлиги хусусий клиникаларга ўгай муносабатда айбланди. Бола асраб олиш жараёнидаги ҳужжатбозликни камайтириш таклиф этилди. Мухлислари Муниса Ризаевадан ҳокимнинг қизи билан таништириб қўйишни сўради. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Бола асраб олишдаги ҳужжатбозлик чақалоқ савдоси кўпайишига сабаб бўлмоқда

Бола асраб олишдаги ҳужжатбозлик ва бу жараённинг чўзилиши мамлакатда чақалоқ савдосининг кўпайиши сабабларидан бири бўлиб қолмоқда (“Ҳуррият” газетаси, 19 август).

Қонунчиликка кўра, бола асраб олмоқчи бўлган оилалар васийлик ва ҳомийлик органига мурожаат қилади. Ушбу орган талабгор оилани ўрганиб чиқади. Якуний хулосага келиш жараёнида бўлажак ота-она тиббий кўрикдан ўтади. Сўнг фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилинади.

Суд ижобий қарор қабул қилса янги ота-оналар ФҲДЁ бўлимларига мурожаат қилади.

Қайд этилишича, узундан-узун ҳужжатбозлик ва югур-югурлар ноқонуний ҳаракатларга ундайди.

“Бизнингча, бола сақлаб олишнинг қонуний жиҳатларини ҳам тамоман янгидан кўриб чиқиш, имкон қадар жараёнлар ва қоғозбозликни қисқартириш, бюрократик “тартиб-қоидалар”ни соддалаштириш фурсати аллақачон етган”, - деб хулоса қилади газета.

“Doctor D” клиникаси раҳбари: “Ходимларимиз чойнакнинг қопқоғи билан ҳам мукофотланмади”

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан шартнома тузмасдан COVID-19 беморларини даволаган ва бу жараёнда стандартларга риоя қилмаган хусусий клиникалар лицензияси суд орқали тўхтатилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

“Doctor D” хусусий клиникаси раҳбари Дилмурод Эргашев бу борада танқидий муносабат билдирди (“Жамият” газетаси, 14 август).

Мамлакатда коронавирус авжига чиққан кунларда “Doctor D” хусусий клиникасига ҳам кунига юзлаб одам ёрдам сўраб мурожаат қилган. Хусусий клиника шифокорлари давлат касалхоналари қабул қилмаган беморларни ўз ҳаётини хавфга қўйиб бўлса-да даволашга ҳаракат қилган. Бу жараёнда бир неча доктор вафот этган.

“Аҳвол анча енгиллашди. Қўнғироқлар камайди, барча вилоятларда, ҳудудларда қўшимча койкалар тайёрланиб бўлди. Энди айбни хусусий клиникаларга ағдаришмоқчи. Хусусий клиникалар ўгайми? Уларни ким ҳимоя қилади?.. “Хусусий клиникаларда керакли асбоб-ускуналар йўқ, дори-дармон йўқ, улар нотўғри даволайди”, -деб айтилган.

Давлат клиникаларида тўғри даволашдими? У ерларда керакли ҳамма нарса бормиди? Мен қайнотам мисолида аҳвол қандайлигини кўрдим”, - дейди Д.Эргашев.

Шифокорга кўра, унинг қайнотаси – республикада кўзга кўринган олим айнан жой етишмовчилиги ва вақт йўқотилгани ортидан вафот этган.

“Агар шунақа қўрқитиб иш юритилса, эртага юртимизда клиника қуришга, тиббиёт технологиясини олиб киришга битта ҳам инвестор келмайди”, - дейди клиника раҳбари.

Қайд этилишича, “Doctor D” клиникасининг 33 йиллик фаолияти давомида бирорта ходим ҳатто чойнакнинг қопқоғи билан бўлса ҳам мукофотланмади.

Мухлислари Муниса Ризаевадан ҳокимнинг қизи билан таништириб қўйишни сўради

Хонанда Муниса Ризаеванинг фолловерлари ундан Андижон вилояти ҳокимининг қизи билан таништириб қўйишни сўради (www.daryo.uz, 18 август).

Хонанда ушбу сўровга “Альфонсмисиз?” дея жавоб қайтарди.

Муниса Ризаева Андижон раҳбари Шуҳрат Абдураҳмоновнинг кичик қизи 19 ёшга тўлиши муносабати билан 16 август куни ташкил этилган оилавий маросимда хизматда бўлган.

Карантин эндигина юмшатилган пайтда дабдабали байрам ўтказилиши маҳаллий матбуот томонидан ҳам танқидий баҳоланган.

“Шуҳрат Абдураҳмонов халқпарвар раҳбар эканини ўзгалардан кўра унинг ўзи кўпроқ таъкидлайди... Бундай даъво ва иддаолар гап билан эмас, амалий ҳаракатлар билан исбот этилади. Оила даврасида нишонланадиган санага пойтахтдан фалон долларга (қўшиқчилар “соққа”ни “кўки”да олади, одатда) қўшиқчи чақириб, дабдабаю асъаса билан нишонлаш эса иддаоси баланд ҳокимга (жуда юмшоқ айтганда) обрў олиб келмаслиги баробарида, унинг халқ олдидаги масъулиятини нечоғлиқ ҳис этишини ҳам катта савол остига қўяди”, - деб ёзди Xabar.uz cайти.

Эслатиб ўтамиз, бир ҳафта муқаддам 34 ёшли хонанда Муниса Ризаеванинг йигитлардан кўнгли қолгани ҳақидаги фикри ҳам мунозараларга сабаб бўлганди.

“Ҳеч кимга турмушга чиққим келмаяпти, ҳеч нарса қилгим келмаяпти. Шунақа менинг кўнглим қолиб кетган болалардан. Ҳозирги болалар фақат “кар-кар” қилишни билади, қўлидан бошқа иш келмайди. Сўзининг устида турмайди. Балки ҳамма болалар унақа эмасдир. Мен унақаларини ҳали учратмадим. Ҳар куни севги изҳор қилишади, гапиришади. Қулоғимдаги лағмонларни олиб ташлайвериб, чарчаб кетаман”, - деган хонанда.

XS
SM
MD
LG