Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:25

OzodDayjest: Бухоро амиридан қолган нодир буюмларни 500 минг долларга сотаётган миллий гвардиячи қўлга олинди


Бухоро амирларидан бири Олимхон. Прокудин-Горский юз ил олдин олган сурат.
Бухоро амирларидан бири Олимхон. Прокудин-Горский юз ил олдин олган сурат.

Қарши ҳокими вафот этган фуқарога ер берди ва марҳумга ҳужжат расмийлаштиришни юклади. Коронавирусга чалинган ҳокимлар иззат-ҳурмат билан пойтахтда даволаётган пайтда шифокорларга ҳам эътибор кўрсатиш сўралди.Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Қарши ҳокими вафот этган фуқарога ер берди ва марҳумга ҳужжат расмийлаштиришни юклади

Қарши шаҳар ҳокими 2017 йил вафот этган фуқарога 2018 йил доимий фойдаланиш учун ер берди ва марҳумга ҳужжатларни 10 кунлик муддатда расмийлаштириш масъулиятини юклади (www.daryo.uz, 13 август).

Бу ҳақда Қарши шаҳар маъмурий суди раиси Азамат Хушвақов маълум қилган. Шаҳар ҳокимининг марҳумга ер бергани маъмурий суднинг жорий йил 16 июлдаги мажлисида фош қилинган.

Судьянинг маълумот беришича, Қарши шаҳри ҳокимлиги 2018 йил 16 октябрдаги қарори билан 2017 йил 25 июнь куни вафот этган, марҳум Бахтиёр Сайфуллаевга 764,2 квадрат метр ердан доимий фойдаланиш ҳуқуқини берган.

Энг ёмони, ҳокимлик марҳум уларга мурожаат қилгани ҳақида ёлғон маълумот берган.

Суд ҳокимнинг марҳумга ер бериш ҳақидаги 2018 йил 16 октябрдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топган.

Ойдинлик киритилишича, 2018 йил Қарши шаҳрига Жамшид Фозилов раҳбарлик қилган. У халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг 2019 йил 26 октябрдаги навбатдан ташқари сессиясида масъулиятсизлиги сабаб ишдан олинган.

Аввалроқ Чироқчи туман ҳокими ҳам 2011 йил 31 декабрь куни 2010 йил 24 ноябрда вафот этган марҳум Ю. Абдумўминовга ер ажратгани ҳақида хабар берилганди.

Бухоро амиридан қолган нодир буюмларни сотаётган ота-ўғил ҳибсга олинди

Бухоро вилоятида амир Музаффархондан қолган нодир осори атиқаларни алдов йўли билан сотишга уринган собиқ ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходими қўлга олинди (www.sof.uz, 10 август).

Бухоро шаҳрида яшовчи 65 ёшли фуқаро М.А. ўзига мерос қолган, амир Музаффархон даврига оид муҳр, камарбанд ва муқаддас Қуръон китобининг терига ёзилган нусхасини сотиш нияти борлигини маълум қилган.

Бундан хабар топган қўшнилари – ИИБнинг нафақадаги ходими А.А. ва унинг ўғли, Миллий гвардия сафдори Б.Б. вазиятдан фойдаланиб, даромад орттиришни мақсад қилади.

Ота-ўғил фуқаро билан ушбу тарихий қийматга эга буюмларни сотиш эвазига жами 100 минг доллар берилишига келишган. Тез орада харидор ҳам топилган. Бироқ харидор А.Ж. 500 минг долларга сотилаётган ушбу буюмлар бирор музейдан ўғирланганми ёки сохтами деган фикрга борган ва ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган.

Ҳуқуқ идоралари ота-ўғилни тезкор тадбир пайти қўлга олган. Қора рангли қимматбаҳо тош, амир Музаффархон даврига оид муҳр, бир дона камарбанд ва бир дона ҳамён ашёвий далил тариқасида расмийлаштирилган.

Ота-ўғилга Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Коронавирусдан вафот этаётган шифокорларни асраб қолиш йўли айтилди

Коронавирусга қарши кураш жараёнида шифокорларнинг вафот этаётгани ўрнини тўлдириш имконсиз бўлган йўқотиш саналади (www.kun.uz, 9 август).

Негаки, бир шифокор ўрта ҳисобда 50-60 (баъзан 100) нафаргача беморнинг соғлиғи учун курашади. Масалан, Самарқанд шаҳри 1-клиник шифохонаси етакчи шифокори, профессор Неъматилла Аралов ва Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири Марҳабо Аҳмедова 62 ёшда, Республика фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи Одилжон Неъматов 43 ёшда COVID-19 дан вафот этди.

Қайд этилишича, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Вазият жиддийлигини инобатга олиб, коронавирусга чалинган врачларни алоҳида клиникада даволаш таклиф этилмоқда.

“Ҳоким минглаб чақиримдан алоҳида самолёт билан олиб келинганида шифокорлар ҳеч бўлмаса ўз ҳудудларида алоҳида даволанишларида мантиқ бордек. Ички ишлар каби тизимларнинг ўз шифохоналари бор, аммо бўзчи бўзга ёлчимаганидек бугун шифокор ўзининг соҳасига қаттиқ муҳтож бўлиб турибди. Юқорида айтилганидек, қонун жиҳатдан балки шифокорлар алоҳида эътиборга молик эмасдирлар. Аммо уларни йўқотиш вазиятни янада чуқурлаштириб юборишни англатади ва бу масала соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда тегишли ташкилотларнинг муҳокамасига арзийди” - деб ёзади сайт.

XS
SM
MD
LG