Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:59

OzodDayjest: Оғир касал Юлдуз Усмонова, 41 минг долларни қиморга ютқазган банк ходими


Юлдуз Усмонова касал бўлганидан ваҳима қилгиси келмаганини айтди.
Юлдуз Усмонова касал бўлганидан ваҳима қилгиси келмаганини айтди.

41 минг долларни қиморда ютқазган банк ходимига жиноят иши қўзғатилди. Юлдуз Усмонова оғир касал бўлганини маълум қилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Юлдуз Усмонова оғир хасталикни бошдан кечирди

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова сўнгги кунларда оғир касалликни бошдан кечирганини сўзлаб берди (www.daryo.uz, 3 август).

“Касал бўлдик, лекин ваҳима қилгим келмади. Нима қиламан одамларнинг кайфиятини бузиб. Кимдир мени яхши кўради, кимнингдир кўришга кўзи йўқ. Касал эканлигимни айтиб, мухлисларимни хафа қилиб, мени хушламайдиганларни хурсанд қилгим келмади”,- дейди таниқли хонанда.

Қайд этилишича, Ю.Усмонова бронхиал астмани бошдан кечирган.

“Ўша кунлари роса йиғладим. Оллоҳимга дуо қилдим – шукр шу кунларга ҳам, фақат шу кунларда, бунақа шароитда олиб кетма, дедим. Тўртта одам ҳам келмаяпти-да жанозага. Корона деса, қариндошлар ҳам келмаяпти. Докторлар ҳам келса-келмаса, ҳаммаёқда корона деб ташлаяпти. Кўпчиликда астма бор, айримларда бронхит ёки пневмония. Ўзимизни асрайлик, болаларга муздек ичимлик, музқаймоқ бермайлик, кондиционер ёки вентилятор остида ётмайлик” , - дейди Ю. Усмонова.

Шунингдек, хонанда пандемия даврида анча-мунча ақлини йиғиштириб олгани, инсон учун муҳими саломатлик эканини англаб етганини баён қилган.

Коронавирус бўйича тест тизимини яхши йўлга қўя олмаган мансабдорлар иши прокуратурада ўрганилади

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши сессиясида пойтахтдаги пандемик вазият атрофлича муҳокама қилинди (“Миллий тикланиш” газетаси, 5 август).

Сессияда Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи Беҳзод Одилов ва Санитария осойишталик маркази раҳбари Малика Қудратхўжаева ҳисоботи тингланган.

Қайд этилишича, санитария-эпидемиология назорати бошқармаси раҳбари Б. Одилов депутатларнинг деҳқон бозорларида санитария ҳолатига тўла риоя қилинмаётгани, эпидемия ўчоқлари назоратга олинмагани, шунингдек, тиббиёт ходимларини шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлашда йўл қўйилаётган хатоликлар юзасидан берган саволларига жавоб бера олмаган.

Депутатлар санитария осойишталик маркази раҳбари М.Қудратхўжаеванинг ҳисоботидан ҳам қониқмаган. Таъкидланишича, марказ аҳоли мурожаатлари юзасидан уйларида ўз-ўзини иҳоталаган фуқаролар ҳолидан хабар олишни тўғри ташкил қилмаган.

Касаллик ва ўлим ҳолатларини қайд этиш бўйича эса реал маълумотлар ошкор қилинмаган.

Ўз вақтида чоралар кўрилмагани натижасида бир кунда бор-йўғи 1000 кишидан тест олиш шароити яратилган, холос. Ҳолбуки, бир кунда тест учун 4000 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Сессияда Б.Одилов ва М.Қудратхўжаева ўз лавозимига нолойиқ деб топилган. Депутатлар улар фаолиятидаги қонун бузилиш ҳолатларини ўрганиш учун прокуратурага тақдимнома киритиш таклифини қўллаб-қувватлаган.

Банкнинг 41 минг доллардан зиёд пулини қиморда ютқазган ходимга жиноят иши очилди

“Hamkorbank” акциядорлик тижорат банки Тўрткўл минибанки кассири Бегижон Рузумовга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди (www.human.uz, 3 август).

Тўрткўл тумани прокурори М.Матчановга кўра, банк ходими моддий жавобгар бўлгани ҳолда, ўзига ишониб топширилган 41 минг 395 АҚШ долларини ўзлаштирган. Нақд пул шаклида ўзлаштирилган маблағни эса “1хBet” иловасининг дов ўйинида ютқазган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

XS
SM
MD
LG