Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:57

Вилоят марказига айланаётган Тўйтепада тадбиркорларнинг 40 дўкони мажбуран буздириляпти


Тўйтепа марказидаги бузилишга тушган дўконлар
Тўйтепа марказидаги бузилишга тушган дўконлар

Тошкент вилоят, Ўртачирчиқ туман ҳокими Тўйтепа шаҳри марказидаги автомобиль эҳтиёт қисмлари, озиқ-овқат ва халқ хўжалиги моллари билан савдо қиладиган тадбиркорларга дўконларини зудликда бузиб, олиб кетишни буюрди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган тадбиркорларнинг айтишича, ҳокимлик ваъда қилган янги жой ҳали қурилиш бошлаш учун тайёрланмаган, бузиладиган қиймати бир неча юз миллион сўмлик дўконлар учун эса товон пули берилмаяпти.

Тўйтепа шаҳри марказидаги тадбиркорлар дўконлари мажбуран буздирилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:43 0:00

Тўйтепа шаҳри марказидаги автомобиль эҳтиёт қисмлари дўкондорларидан бирининг Озодликка айтишича, солиқ инспекцияси инспекторлари 14 апрелдан бошлаб уларнинг фаолиятини тўхтатган:

- Бу жойда 40 дан ортиқ запчасть, озиқ-овқат ва халқ хўжалиги моллари сотадиган дўкон бор. Туман электр тармоқлари идораси бу дўконларга бериладиган электр токини уч кун аввал узиб ташлади. Энди бугун келиб, срочно дўконларингни бузиб олиб кетинглар, бўлмаса эртага бульдозер соламиз, дейишяпти. Майли, агар бу дўконлар жойи ободонлаштириш дастурига тушган бўлса, биз ҳам йўқ демаймиз. Фақат, аввал бизга янги дўкон қуришимиз учун жой ва вақт берса, ҳаққимиз борми шуни талаб қилишга?, дейди тадбиркор.

Тўйтепа марказидаги бузилишга тушган дўконлар
Тўйтепа марказидаги бузилишга тушган дўконлар

Унинг айтишича, ҳокимлик бу тадбиркорларга бошқа жойдан ер ваъда қилган, лекин у ер ҳали қурилиш бошлашга тайёр эмас:

- Ҳокимлик ваъда қилган жой тери-таносил касалликлар касалхонасининг эски биноси ўрни, ғиштлари ҳалигача турибди. У жойни тозалаб текислашгунча неча ой ўтар, қурилиш бўлгунча яна қанча вақт керак. Биз унгача нима иш қиламиз, бола-чақамизни қандай боқамиз? Юздан ортиқ одам ишсиз қоляпти, дейди тадбиркор.

Тўйтепа марказидаги бузилишга тушган дўконлар
Тўйтепа марказидаги бузилишга тушган дўконлар

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир тадбиркорнинг айтишича, дўконини бузишни истамаганларга зўравонлик қилинмоқда:

- Вилоят ҳокимлигидан битта одам келиб, ҳозир бузиб, йиғиштириб олиб кетмасаларинг эртага битта кранни олиб келамизда, шундай устига ташлаймиз, ППС эса сизларни олиб бориб тиқиб қўяди, деб дағдаға қиляпти. 40 дўконда агар учтадан одам ишласа, 120 одамнинг бола-чақаси оч қолади. Янги дўконлар бир йилда қуриладими, икки йилдами, Худо билади, дейди тадбиркор. Бузиш ҳақида ҳокимнинг қарори 6 апрель куни чиққан экан. Биз юристлардан сўрасак қарордан сўнг олти ой муҳлат берилиши керак экан. Булар эса зўравонлик қиляпти, дейди тадбиркор.

Тўйтепа марказидаги бузилишга тушган дўконлар
Тўйтепа марказидаги бузилишга тушган дўконлар

Тадбиркорнинг айтишича, бузилишга тушган дўконлар учун товон пули тўлашдан ҳокимлик бош тортяпти:

- Кеча тумандаги халқ қабулхонасига кирдик. У ердаги Ғулом ака деган одам нотурар-жойга товон пули тўланмайди, товон пули турар-жойга тўланади, деди. Бу ерда қурилиш қиймати 200-350 миллион сўмлик дўконлар бор. Лекин пулини беришмаяпти, фақат янги жойдан ҳозирги квадрат метрига яна шунча жой қўшиб беришни ваъда қилишяпти, деди тадбиркор.

Тошкент вилояти Архитектура ва қурилиш бошқармасининг Тўйтепа туманидаги вакили Рамазон Шомуродов Озодлик билан суҳбатда дўконлар шошилинч бузилаётганини тан олди ва бу ишлар вилоят ҳокимлигини Тўйтепа шаҳрига кўчириш сабабли бўлаётганини айтди:

- Кошкийди энди вақтимиз бўлганда эди, лекин муддат белгиланганда. Агар биз қўйиб берсак тадбиркорларнинг янги жойга кўчиши бир неча йил давом этади. Лекин биз тадбиркорларнинг ҳамма муаммосини оперативний ҳал қилиб беряпмиз. Уларга айтдик, қурилиш материалларингни бузиб олиб кетинглар, қурилиш фирмасини таклиф қилганмиз, шартнома қиласизлар қуриб беради, дедик. Товон пулининг ўрнига янги жойдан икки баравар қилиб беряпмиз, дейди мулозим.

Рамазон Шомуродов тадбиркорларга имкони борича шароитлар яратиб беришга ҳукумат ҳаракат қилаётганини қўшимча қилди:

- Бектемир постидан Тўйтепа туманигача 20 километр жойимиз бор. Шу масофада 521та янги бино қурилган. Ўшалар бу дўкондорларга молини сотиб туриши учун ижарага бериб турса бўлади. Тезроқ вилоят марказини барпо қилишимиз керак, уни обод қилишимиз керак, бу бизнинг ҳаммамизга керак. Шуни тадбиркорлар ҳам тушунса, вақтинчалик қийинчиликларга дош бериб турса бўладику, деди Рамазон Шомуродов.

Озодликнинг Тўйтепа тумани ҳокими Олимжон Нурматов билан боғланишга қилган ҳаракатлари самарасиз бўлди.

Тошкент вилоят ҳокимлигини Ўртачирчиқ тумани маркази Тўйтепа шаҳрига кўчириш тўғрисида ўтган йилнинг декабрь ойида Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ишида қатнашган президент Шавкат Мирзиёев фармойиш берган эди.

XS
SM
MD
LG