Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:36

Мирзиёев кичик тадбиркорларга кредит олишни соддалаштирди


Ўзбекистон матбуотининг 27 март куни хабар беришича, президент Мирзиёев юридик шахс мақомига эга бўлмаган оилавий тадбиркорлик субъектлари ва янги рўйхатга олинган хусусий тадбиркорларга микрокредитлар бериш тизимини енгиллаштирувчи қарорни имзолади.

“Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламини микрокредитлаш тизимини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, деб аталган қарорда янги рўйхатдан ўтган тадбиркорлар ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган оилавий бизнес субъектларига энг оз иш ҳақи миқдорининг 20 даражасигача бўлган миқдорда микрокредит берилиши назарда тутилади. Бу ҳолатда кредит кафолати сифатида тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун сотиб олинаётган товарлар қабул қилинади.

Айни пайтда қарорга биноан маҳаллий ўз ўзини бошқариш органлари кафолати остида тадбиркорларга энг кам иш ҳақи миқдорининг 60гача бўлган даражасида микрокредит берилиши мумкин.

Президент имзолаган қарорда айтилишича, 2021 йилнинг 1 январигача рўхатдан ўтадиган янги хусусий тадбиркорлар ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган оилавий бизнес субъектлари микрокредит оладиган бўлса 6 ойгача солиқ тўлашдан озод этилади.

Солиқ тўлашдан озод этилиши мумкин бўлган тадбиркорлар ва оилавий бизнес субъектлари рўйхати 18 йўналишдаги хизматлардан иборат. Масалан, сарторошлар, мебел йиғувчилар, миллий ширинликлар турларини ишлаб чиқарувчилар, калит ясовчилар, чеварлар, чархчилар, аквариум балиқлари ҳамда бошқа декоратив уй ҳайвонларини сотиш учун кўпайтирувчилар ҳам бу рўйхатга киритилган.

Лекин бу соҳа вакиллари кредит олганидан сўнг солиқдан озод этилгач камида бир йил тўхтовсиз ишлашлари лозим бўлади. Агар тадбиркор ўз ишини 12 ой ичида ёпса ёки бир йилда уч ва ундан кўпроқ ой мобайнида ишламаган бўлса, солиқ имтиёзидан маҳрум бўладилар ва белгиланган миқдордаги солиқни тўлалигича тўлашлари шарт.

Қарорда Ўзбекистондаги 47та олис ва меҳнат ресурслари ҳаддан ташқари кўп бўлган туманларда хусусий тадбиркорлар ҳамда оилавий бизнесга энг кам иш ҳақининг 100гача бўлган даражасида микрокредитлар берилиши назарда тутилади. Бу ҳолатда тижорат банклари кердитларни имтиёзли кредитлаш республика жамғармаси ҳисобидан берадилар.

Ҳужжат имтиёзли микрокредитга кенг йўл очиш ҳамда якка тартибдаги меҳнат фаолиятини рағбатлантириш йўли билан аҳоли бандлигини оширишга қаратилгани айтилди.

Президент Мирзиёев тадбиркорликни ривожлантириш Ўзбекистон ҳукуматининг асосий вазифалиридан бири эканини айтиб келади. Бу борада бир қатор қарорлар ва фармонлар имзоланди. Бироқ ҳозирча бу борадаги реал натижалар қайд этилгани борасида расмий маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG