Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:51

Самарқандлик тадбиркорлар Мирзиёевга шикоят қилишдан қўрқмоқда


Самарқандлик тадбиркорлар Наврўз сайиллари харажатларининг бу йил ҳам яна ўзларига ташланишини кутмоқда.
Самарқандлик тадбиркорлар Наврўз сайиллари харажатларининг бу йил ҳам яна ўзларига ташланишини кутмоқда.

Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ самарқандлик тадбиркорлар¸ вилоят бўйлаб тадбиркорларга турли норасмий солиқ солишлар¸ “ҳомийлик” баҳонаси билан ҳар хил ҳисобларга пул ўтказишга мажбурлашлар ўтгандагидан-да кучайганини иддао қилди.

“Видеокамера ўлпони”

Ўз фаолияти босим остида қолиш эҳтимолидан чўчиб¸ шахсини очиқламасликни сўраган йирик тадбиркорлардан бирига кўра¸ айни кунларда аксар қурилиш ташкилотларига Самарқанд шаҳри кўчаларига ўрнатиладиган видеокамераларни сотиб олиш учун миллионлаб сўм ўтказиш мажбурияти юкланган.

“УКС Инженерная компания” деган давлат ташкилоти бор. Капитал қурилиш бошқармаси - вилоятдаги ҳамма қурилиш учун рухсатни¸ тендерларни шулар беради. Тендерда қатнашиш учун ариза берган ҳар битта ширкат тендер таннархининг 3 фоизи миқдоридаги пулни УКС ҳисобига кафолат суммаси сифатида ўтказиши шарт. Уларнинг ҳисобида 80 дан ошиқ ширкатнинг залог пули бор. Ҳозир УКСдагилар ҳаммага телефон қилиб¸ ана шу пулингни видеокамера учун фалон ҳисобга кўчириб берасан¸ деб показанияга қўл қўйишга мажбурлаяпти. Гап камида 8-10 миллион сўм ҳақида кетаяпти. Умуман инсоф чегарасидан чиқиб кетишди. Бир ой ичида учинчи марта биздан миллионлаб ўлпон ундиришаяпти”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган самарқандлик тадбиркорлар бири.

Озодлик билан суҳбатда Самарқанд вилоятининг икки бошқа туманида қурилиш билан шуғулланаëтган хусусий ширкат вакиллари ҳам ўзларига айни шундай ўлпон солинганини тасдиқладилар.

Улардан бири¸ шикоят қилиш оқибатлари яхши бўлмаслигини билганидан¸ тишини-тишига қўйиб¸ Капитал қурилиш бошқармаси талаб қилган пул кўчириш ҳақидаги қоғозга қўл қўйиб берганини айтади.

“Мирзиëв кўзини бўяш ўлпони”

Озодлик суҳбатлашган самарқандлик тадбиркорлар¸ бир ой ичида “видеокамера” ўлпонидан ташқари¸ болалар спортини ривожлантириш ва ободонлаштириш¸ деган баҳона билан яна бир неча миллион сўмлик норасмий солиқ солинганини ҳам билдирдилар.

“Шу кунларда Самарқандга президент келади шекилли¸ ҳокимлар чопа-чопа қилиб қолган. Катта йўл бўйларидаги уй ва биноларни шошиб-пишиб оқлатиб¸ бўятиб ëтишипти. Бу ҳам бизга юклатилган. Биз катта ҳаражат қилаяпмиз¸ лекин ишимиз шошилинчда¸ зўрма-зўраки бўлганидан¸ 10 кунга ҳам етмайдиган сифатсиз иш бўлаяпти. Нормальний қилишга камида 10 кун¸ икки ҳафта керак. Булар уч кунда ҳамма ëқни бўяб берасан¸ деб босим қилади. Штукатуркаси тушиб кетган деворларни бўяб ëтибмиз. Ҳам пулимиз¸ ҳам меҳнатимиз увол бўлаяпти. Булар кўзбўямачиликдан бошқасини билмайди”¸ дейди Самарқанддаги туманлардан бирида фаолият юрғизадиган кичик тадбиркор.

Расмийларга шикоят қилган йўқ!

Озодлик суҳбатдошлари¸ газ ва свет деярли йўқ бир вазиятда меҳнат қилиб¸ давлатга белгиланган солиқларни вақтида тўлаб туриб¸ яна бундай норасмий босим ва таҳдидларга чидаш кун сайин қийинлашиб бораëтганидан узоқ гапирдилар.

Айни пайтда¸ улар бундай босим ҳақида ҳукумат портали ëки вилоят ҳокимлигига шикоят қилишдан ижобий натижа чиқишига ишонмасликларини айтдилар.

“Эртага шикоят яна шуларнинг ўзига келади¸ таëқ яна бизнинг бошимизда синади. Солиқчисини юборади¸ тендерга қўймайди¸ ўйиндан чиқаради. Қайнаб турган қозонимиз ҳам қайнашдан тўхтайди. Қўлимиздаги 50-60 одам ҳам ишсиз қолади. Мирзиëев тадбиркорга тегма дейди¸ булар эса¸ аксинча¸ ўтган йили 2 миллион сўралган жойга энди 10 миллион сўраб ëтипти”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган тадбиркорлардан бири.

Озодлик бу шикоятларга муносабат билдиришни сўраб¸ Самарқанд вилоят Капитал қурилиш бошқармаси билан боғланди. Бошқарма расмийси¸ тадбиркорлар арзини “бўлмаган гап”¸ деб рад этиш билан чекланди.

Самарқанд вилояти ҳокимининг иқтисодиëт ва тадбиркорлик масалалари бўйича 1-ўринбосари ëрдамчиси¸ тадбиркорларни бундай вазиятда очиқ шикоят қилишга даъват қилди.

“Бизга шунақа мазмунда ариза тушса¸ биз бориб кўриб¸ тушунтириш ишларини олиб бориб¸ агар шунақа вазият бўладиган бўлса¸бўлган бўлса¸ чоралариниям кўраяпмиз. Масалан¸ асос бўлса¸ прокуратурага ўтказиб¸ маъмурий жазога ҳам тортамиз”¸ деди Самарқанд вилоят ҳокимлиги расмийси.

Наврўзга ризолик

Озодлик суҳбатлашган самарқандлик тадбиркорлар¸ ўзларини эрта-индин яна бир “ҳомийлик” - Наврўз сайиллари учун пул кўчиришга мажбурлашлари ҳам кутилаëтганини қўшимча қилдилар.

“Буни йиллардан бери қилиб келаяпмиз¸ яна қиламиз. Тўғриси¸ буниси оғир ботмайди. Берган пулимиз ўзимизнинг маҳалламиздаги Наврўз сайлига¸ ëки болаларимиз ўқийдиган мактабга спортзал қуришга кетса¸ розимиз. Лекин бошқалари куракда турмайдиган бўлиб кетди”¸ дейди тадбиркорлардан бири.

Ўзбекистон президентининг 1 март куни эълон қилинган "2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорида бу йилги Наврўзни умумхалқ сайиллари шаклида нишонлаш ҳақида топшириқ берилди.

Бу сайиллар ва бошқа байрам тадбирларига сарфланадиган маблағни¸ президент қарорининг 3-бандига мувофиқ¸ “маҳаллий бюджетлар ҳамда жойлардаги ҳомийлик хайриялари ҳисобидан” олиш белгиланди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG