Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:01

Гулнора Каримова отасига дўқ аралаш илтижо қилди


Каримовлар оиласининг урушдан аввалги кунлари. Гулнора отасининг ўнг қўли.
Каримовлар оиласининг урушдан аввалги кунлари. Гулнора отасининг ўнг қўли.

Ўзбекистон бўйлаб Наврўз тантаналари ўтаëтган 21 март куни Озодликка Гулнора Каримованинг жамоатчиликни ўз “забун ҳоли”дан хабардор қилиш¸ хусусан¸ бу ҳолининг отасига етказилиши таъмаси билан ëзилган олти саҳифалик мактубининг қўлëзма нусхаси етиб келди. Президент қизига нисбат берилган бу мактубда ГК ўз отасидан ҳафсаласи пир бўлганига иқрор бўлади ва ундан “болалари билан чиқиб кетиш”га изн сўрайди.

“Хорижлик чопар”

21 март куни Озодлик электрон қутисига Гулнора Каримова шахсан ўзи ëзгани иддао қилинган русча мактубнинг компютерда терилган матни йўлланди. Мактуб воситачиси¸ матн эгаси айнан президентнинг тўнғичи эканини тасдиқлаш учун¸ Озодликка унинг қўлëзма нусхасини ҳам йўллади.
Озодликка етиб келган мактуб қўлëзмаси.
Озодликка етиб келган мактуб қўлëзмаси.
(Қўлëзмадаги ëзувлар Гулнора Каримованики эканини тасдиқлаган ëзувга ўхшашлигини кўриш мумкин. Лекин бу ёзувлар графолог мутахассислар томонидан текширилгани йўқ - таҳр.)

Озодлик мактубни жўнатган манбани текшриди ва унинг Гулнора Каримовага яқин шахс эканини тасдиқлади. Ишончли манба мазкур мактубнинг оммавий ахборот воситалари учун мўлжалланганини таъкидлаб¸ уни эълон қилишни сўради.

(Мактуб баёни ГКга доир Озодлик тасарруфидаги қўлёзмалар стилистикасига ўхшаш ва ундаги фикралар президент қизи кейинги бир неча ой давомида Twitter ва бошқа каналлар орқали қилган баёнотларига мосдир. Мактубда шу пайтгача билдирилмаган фикрлар ҳам бор - таҳр.)

Наврўз муносабати билан ëзилган бу мактубда Гулнора Каримованинг айнан шу кунлардаги ҳаëтига оид жиддий янгилик йўқ – олти саҳифалик ëзувларида президент тўнғичи ўзи ва қизи Имоннинг уй қамоғида экани¸ ташқи дунëдан мутлақ узилганини иддао қилади.

Айни пайтда¸ ГКга нисбат берилган мактубнинг Viber тармоғи орқали аввалига яқин хориж¸ ундан Прагага етиб келгани¸ президент қизининг асос иддаоси – ташқи дунëдан мутлақ узилгани¸ телефон ва Интернетсиз қолдирилгани ҳақидаги иддаоларини инкор қилади.

Кейинги ҳафталар давомида ГК билан алоқада эканини билдирган чопарга кўра¸ президент қизи ва набираси қўлида фавқулодда вазиятда фойдаланишга мўлжалланган алоқа воситаси бор ва ГК айнан шу сўнгги восита орқали жамоатчиликка мурожаат қилишга аҳд этган.

(Ўтган йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Twitter микроблогида Ўзбекистон МХХдаги қудратли кланлар¸ онаси Татъяна Акбаровна¸ синглиси Лола ва куëви Тимур Тиллаевга қарши “уруш” очган Гулнора Каримова 16 февраль куни бу ëзишмаларни тўсатдан тўхтади. Кейинчалик ГКга яқин манбалардан аëн бўлишича¸ МХХ гуруҳи томонидан ўз уйида ўтказилган тинтув ва ҳибсга олишлардан сўнг¸ президентнинг тўнғичи уй қамоғига ташланган.)

Мактубдан сатрлар

Ўзбекистонда ҳукм сураëтган Наврўз руҳига монанд “Наврўз ëруғлик ва эзгулик байрами. Наврўз бу оилавий байрам” деган лирик чекиниш билан бошланувчи мактубнинг биринчи абзацида президент қизи ўзининг “хароб қилинган” оиласи ҳақида гапириш куфроний бўлиши¸ бошқаларни табриклаш ва уларга ақл ўргатиш ўз-ўзини ерга уриш бўлишини эътироф этади.
Гулнора отаси билан ораси бузилиши арафасида.
Гулнора отаси билан ораси бузилиши арафасида.
Ўз ҳаëтининг¸ мактабни олтин медал билан биритишдан то Ҳарвардда ўқишга қадар асос қисмини отасини ҳайрат ëки қувончга солишга сарфлаганини ëзган ГК¸ сўнгги ойлар давомида бу ҳаëтнинг фақатгина ўзига тегишли эканини англаб¸ буюк отаси ғоя ва хурмача қилиқларига мос келмаслик қўрқувидан озод бўлганини ëзади.

“Энг катта ҳафсаласизлик азиз одамингга ишончни йўқотиш¸ боз устига¸ кўзингдаги ойнакни ечиб¸ ўзинг ҳимоя қилган ва эзгулик эканига ишонганинг нарсаларнинг қанчалик чириб битганини кўришдир”¸ деб ëзади жумладан президент Ислом Каримовнинг шоира¸ қўшиқчи¸ рассом¸ дизайнер¸ сиëсатшунос ва ҳоказо қизи.

“Т.А. Каримова номидан (куëв)Тимур Тиллаев МХХ генерали Шарифхўжаев билан тўсиқларсиз транзит¸ юк ташиш¸ божларсиз товар олиб кириш¸ иқтисодни шакллантирувчи йирик корхоналар¸ Абу Сахий каби ҳамма бозорлардаги обнал ширкатлар (пулни нақдлаштиришга мўлжалланган-таҳр.) бўйича бизнес шерикчиликни узил-кесил мустаҳкамлаганидан сўнг” ўзининг дўзах қаърига ташланганидан арз этган Гулнора Каримова ўзига қарши провокациялар кўпайиб кетганини айтади.

Мактубда ëзилишича¸ ўз ҳаëтини остин-устун қилган бу воқеалар давомида унинг 5000 нафардан ошиқ ҳаммаслаги ишсиз¸ маошсиз қолган¸ 100 дан ошиғи Ўзбекистондан ташқарига чиқиши тақиқланганлар қора рўйхатига киритилган ва ҳамон кунига юзлаб одам МХХ қамоғига ташланмоқда ва ҳатто ноиложлик ва бедодликлардан безиб ўз жонига қасд қилишга мажбур бўлмоқда.

Каримовага кўра¸ МХХнинг Гвардейская кўчасидаги қўрқинчли ҳибсхонасининг муздек¸ қоронғу ҳужраларига ташланаëтган маслакдош ва яқинлари орасида бир яшар гўдаклар¸ оғир хасталар бор ва улар бир неча кунлаб овқат ва ҳаëти учун зарур дори-дармонсиз қолдирилмоқда.

“Ҳозирда мен қизим билан Бодомзордаги хусусий уйим деворлари орасида гаровда қолмоқдаман. Аввалига бизни бир-икки кунга овқатсиз қолдирдилар¸ кейин телевизорсиз; ташқи дунë билан алоқани бутунлай узишди; кўзини очиб қўлидаги китобини юлқиб олаëтган¸ компютер ва телефонларини тортқилаб¸ уйда наркотиклар бор-йўқлиги¸ қулоғидаги олтин сирғасию столи устидаги занжир¸ сумкасидаги 50 минг сўмни қаердан олганини сўраëтган ҳарбийлар ва президент қўриқчилари раҳбари генерал Тоҳирийни кўриб ўта кучли руҳий шокка тушган қизимни ўқиш ва дўстлари билан кўришишдан маҳрум қилишди. Айни кунларда мен Тошкент¸ Австрия ва Исроилдаги врачлар томонидан тасдиқланган жиддий диагноз бўйича зудлик билан операция ва гистология анализига муҳтожман. Қон кетишни тўхтатиш борган сайин қийинлашиб бормоқда. Ҳар қандай умидни йўқотиб¸ ўз мурожаатимда очиқ ëзганларимга лоқайд бўлмаганлардан бизга ëрдам бериш ва имкони бўлса¸ бу гапларимни Президент Каримовга етказишни сўрайман”¸ дейилади Гулнора Каримовага нисбат берилган ва Озодликка етказилган мактубида жумладан.

“Менинг квартирамни босган оғир ҳарбий ботинкалар эшигим олдини тарк этмаëтган бир вазиятда¸ улар менга ҳар куни “сени ë жонингга қасд қилиш ëки жиннихонагача олиб борамиз” деб ваъда қилишмоқда”¸ деб таърифлайди ўз ҳаëтидаги руҳий босимни Гулнора Каримова.

“Буюк ота”га жавобсиз саволлар

Мактубининг сўнгги абзацини “Очиғи¸ 76 ëшдаги одам учун ўз болалари ва набираларидан яна муҳимроқ нима борлигини ҳеч қачон тушуна олмайман”¸ деган ҳайрат билан бошлаган Гулнора Каримова отасининг ўзи ва болаларини ëлғон маълумотлар асосида четга суриб қўйганини айта туриб¸ президент Каримовга айрим риторик саволлар билан мурожаат қилади:

“Сенинг қизинг Америкадаги энг қиммат уй - Беверли Ҳилздаги 60 миллион долларлик “Le Palais”ни ëки Женевадаги 53 миллион долларлик энг қиммат уйни¸ Франция жанубидаги вилла¸ яхталар ва самолëтларни қаердан олди? Афтидан бу ва Ўзбекистонда уялмасдан амалда қолаëтган бошқа ишларга оид саволларга жавоб йўқ.... Ëки менга маълум бўлмаган жавоблар бор ва бундай ҳолда мен ўзим ўйлаганимдан кўра ҳам ҳақиқатдан узоқроқ бўлиб чиқаман. Аммо соғлом ақл устунлик қилиши¸ мени эшитишинг ëки болаларим билан яшаш учун қўйиб юборишингга ҳали ҳам умид бор”¸ деб тугайди муаллифи Гулнора Каримова экани айтилаëтган мактуб.

Куба ëки Аргентина?

Нега Гулнора Каримова лирик чекинишлар ва руҳий азоблар билан йўғрилган¸ қайси маънонадир¸ ҳозиргача шак келтирмай келгани отасига ҳам ишончсизлик билдирилган бу мактубни жамоатчиликка бугун эълон қилишга қарор қилди?

“У ўта оғир руҳий босим остида қолган ва ўз вазиятига аниқ-тиниқ баҳо беролмаяпти. Балки¸ бу ҳаракатларнинг барчаси оила томонидан Гулнорани Европа¸ мана эндиликда Америкада ҳам очилган жиноий иш ва терговлардан қутқариш учун қилинаëтган ҳимоя қадамларидир¸ буни инкор қилиб бўлмайди. Гулнора авваллари ҳам¸ ҳозир ҳам бошқа дунëда яшайди ва мен унинг дунëсини кўп ҳам тушуна олмайман. Бу хатнинг чиқарилишидан мақсад¸ унинг сўнгги сатрида ëзилган¸ деб ўйлайман. Гулнора қизини олиб (ўғли аллақачон хорижда) ташқарига чиқиб кетмоқчи. Оиласини жамоатчилик босими воситасида шунга кўндириш ниятида бу хатни ëзган”¸ дейди мазкур мактуб муносабати билан Озодлик суҳбатлашган ГКга яқин бошқа манба ўз исми келтирилмаслиги шарти билан.

Европа прокурорлари Гулнорани кутмоқда

2012 йилда Европанинг бир эмас¸ балки 10 га яқин давлати прокуратураси Ўзбекистон президенти тўнғич қизининг ўз ҳудудидаги бойликлари ва уларнинг қайси йўл билан топилгани билан жиддий қизиқа бошлади.

Озодликка маълум бўлишича¸ айни кунларда Гулнора Каримова Швеция¸ Швейцария ва Францияда йирик миқдордаги порахўрлик ва пул ювиш амалиëтлари билан боғлиқ жиноятларда айбланиб¸ жиноий ишга тортилган.

Биргина Швецияда у TeliaSonera телеком ширкатидан 320 миллион доллар пора олганликда гумонланмоқда. Швейцария прокуратураси ўтган ҳафта Гулнора Каримовага қарашли экани тахмин этилаëтган 910 миллион долларлик маблағнинг музлатилгани ва бунинг мамлакат яқин тарихидаги рекорд рақам эканини тан олди.

АҚШ дипломатларининг 2011 йилда WikiLeaks-га сиздирилган махфий ëзишмаларида Гулнора Каримова “Ўзбекистонда энг нафрат қилинадиган шахс”¸ рейдер ва мафия тўдабошиси сифатида тасвирланган эди.

Норасмий манбалар¸ кейинги ўн йил давомида Ўзбекистон иқтисодининг энг сердаромад соҳаларини ўз қўлига олиб¸ даромаднинг аксар қисмини оффшор ширкатлар воситасида хориж банкларига олиб чиқишга муваффақ бўлган Гулнора Каримова бойлигининг 10 миллиард АҚШ долларидан ошишини тахмин қиладилар.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG