Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:35

Гулнора Каримова уюшган жиноятчилик ва коррупция бўйича “Йил одами” деб топилди


Швециядан чиққан 320 миллион доллар изига тушган швед журналистлари унинг айланма йўллар билан Гулнора Каримовага элтишини ана шу схема ëрдамида кўрсатишга муваффқ бўлди.
Швециядан чиққан 320 миллион доллар изига тушган швед журналистлари унинг айланма йўллар билан Гулнора Каримовага элтишини ана шу схема ëрдамида кўрсатишга муваффқ бўлди.
Шарқий Европадан Марказий Осиëга қадар чўзилган ҳудудлардаги уюшган жиноятчилик ва коррупция вазиятини таҳлил этиб келаëтган OCCRP (Organized Crime and Corruption Reporting Project) таҳририяти ҳар йили жиноятчилар¸ катта порахўрлар ва коррупция ҳомийларига бериладиган ана шу “мукофот”ни 2013 йилда Ўзбекистон президентининг тўнғичига беришга қарор қилди.

OCCRP - дунë бўйлаб жиноий гуруҳлар ва катта коррупционерлар фаолиятини таъқиб этиб¸ уларни қонун олдида жавобгарликка тортиш учун ҳуқуқий замин ҳозирлаб келаëтган 100 дан ошиқ таниқли журналистни бирлаштирувчи 20 марказдан таркиб топган мустақил уюшма.

Гуруҳга қўшилган суриштирув журналистларининг бош мақсади уюшган жиноятчилик ва коррупцияни фош қилиш орқали жамоатчиликни бу жиноятларнинг ўз ҳаëтини қанчалик оғирлаштираëтганидан огоҳ қилишдир¸ дейди OCCRP бош муҳаррири Drew Sullivan.

Йилига юздан ошиқ лойиҳасини эълон қилиб келаëтган OCCRP ҳар йил охирида уюшган жиноятчилик ва коррупция бўйича “Йил одами” деган “мукофот” соҳибини эълон қилади. Бу мукофот уюшган жиноят оламининг номдорлари ва халқаро майдондаги энг йирик порахўр ва коррупционерларга “тақдим этилади”.

2013 йилги бу “мукофот” коррупцияни легаллаштирган Руминия парламенти¸ Европада наркотраффик янги йўлларини очган серб мафияси отаси Дарко Шарич ва Европанинг қатор мамлакатида пул ювиш ва коррупцияда гумонланаëтган Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага берилди.

- Бундай қарорга Каримовлар оиласининг Ўзбекистонни бошқараëтган қонуний лидер эмас¸ унинг бойликларини талон-тарож қилиб¸ ўғирлаганларини хорижга ташиëтган муттаҳамлар эканини тасдиқловчи жиддий далил ва исботлар асосида келинди. Гулнорани уюшган жиноятчилик ва коррупция бўйича “Йил одами” деб эълон қилишга унинг TeliaSonera телеком ширкатидан 320 миллион доллар пора олганига оид жиддий айбловлар асос бўлди. Телеком ширкатига лицензия бериш жараëнига мутлақ алоқаси бўлмаган ҳолда¸ 3G лицензияси олиб бериш учун TeliaSonera дан шунча пул олиш¸ уни оффшор кампанияси банк ҳисобига ўтказиш Гулнора Каримованинг қанчалик коррупциялашганини яққол кўрсатди. Ўз қўлида ишлаганлар ва жазмани номига очилган ширкат ва банк ҳисобларига ўтказилган пуллар Европадаги энг қиммат кўчмас мулкларга сарфланган ва бу Швейцария ва Франция полицияси ўтказган рейдлар давомида тасдиқланди¸ дейди OCCRP (Organized Crime and Corruption Reporting Project) бош муҳаррири Drew Sullivan Озодлик билан суҳбатда.

2012 йилда Швеция суриштирув журналистикасининг таниқли вакилларидан тузилган гуруҳ аксар акциялари швед ва фин ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун 320 миллион доллар миқдорида пора бергани иддао қилинган ҳужжатли фильмларни тақдим этишга киришди.

Ҳозирча уч қисмлик бу фильмларда TeliaSoneraнинг бу порани айнан президентнинг тўнғичи Гулнора Каримовага бергани¸ бу пуллар Каримова ëрдамчиси Гаяне Авакян ва унинг жазмани Рустам Мадумаров номига Гибралтарда очилган ширкат ва банк ҳисоблари орқали ювилиб¸ Ғарб банкларида қўним топгани иддао қилинди.

Бу тахминлар асосида Швеция прокуратураси очган тергов жараëни ҳамон давом этмоқда; Швейцарияда эса¸ Гулнора Каримованики тахмин этилаëтган бир миллиард долларга яқин пул музлатилганича қолмоқда.

Ҳозирча Европанинг 10 га яқин давлатини ўз ичига олгани айтилаëтган бу тергов жараëни ниҳоясига етмаган ва маҳкама Гулнора Каримова устидан ҳукм чиқармаган бўлса-да¸ OCCRP (Organized Crime and Corruption Reporting Project) бош муҳаррири Drew Sullivan¸ суриштирув журналистлари қўлга киритган маълумот ва далиллар Гулнора Каримовани Шарқий Европа ва Марказий Осиë ҳудудидаги уюшган жиноятчилик ва коррупция бўйича йилнинг одами деб топишга етарлидир¸ деган ишончда:

- Биз айни кунларда Гулнора Каримовага қарши Ўзбекистон ичкарисида бошланган жараëнлардан ҳам хабардормиз. Бугун Гулнора ўзини хавфсизлик хизмати уюштирган фитна қурбони қилиб кўрсатишга уринмоқда. Аммо биз бу томошага лаққа тушадиганлардан эмасмиз. Журналистикада пулнинг кетидан тушсанг¸ охир-оқибат у ўғри ва жиноятчига олиб боради¸ деган ишонч бор. Ўзбекистонда ўғирланган ва Ўзбекистондан олиб чиқилган пуллар изига тушсангиз¸ улар кўпининг ҳамон Гулнора Каримова ва унинг югурдаклари ҳисобида ўтирганини кўрамиз.

Гулнора жирканч шахс. Ўзбекистонда аксар халқ зўрга кун кечираëтган бир пайтда у шу халқ бойликларини ўғирлаб¸ кайфу сафода яшади¸ ўзини поп қўшиқчидан дипломатга қадар ҳар нарса қилиб кўрсатишга уринди. Гулнора ва у мансуб оила халқ тепасига келган ëмонларнинг ëмонидир¸ дейди OCCRP (Organized Crime and Corruption Reporting Project) бош муҳаррири Drew Sullivan Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG