Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:02

Гулнора ва МХХ жангги: Томоша нима билан тугайди?


Гулнора Каримова ва Рустам Иноятов.
Гулнора Каримова ва Рустам Иноятов.
Ўтган кузда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати президентнинг тўнғичи Гулнора Каримовага қарашли экани тахмин этиладиган бизнес гуруҳлари¸ теле ва радиостанцияларни ëпиб¸ унинг сиëсий ва жисмоний имконларини кескин камайтиришга бошлади. Бу ҳаракатга жавобан Гулнора Каримова МХХ раиси Рустам Иноятов ва унинг гуруҳига қарши Twitter ижтимоий тармоғи орқали даҳанаки жанг бошлади. 2 январь куни отаси билан учрашгани ҳақида хабар тарқатган Каримова¸ ўтган ҳафталар ичи ëзишмаларини кескин камайтирган ва ўзининг янги ижодий лойиҳалар устида ишлаëтгани ҳақида билдирган эди.

Каримованинг Twitter жанги ҳовурдан тушиб¸ томонлар ўртасида ўзига хос сулҳ тузилганига оид тахминлар кучайган бир пайтда¸ 17 февраль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси сайтида Гулноранинг энг яқин шерикларига нисбатан жиноят иши очилгани хабари пайдо бўлди.

19 февраль куни бу хабарга қўшимча¸ тергов идораларига мажбурий равишда олиб келингани айтилган 10 нафар шахснинг Ўзбекистон қонунларида кўзда тутилган энг оғир иқтисодий жиноятларда айбланаëтгани ҳақида навбатдаги прокуратура баëноти пайдо бўлди.

Буларга қўшимча¸ Twitterда Гулнора Каримовага қарашли экани тахмин этилаëтган Яккасарой тумани¸ Миробод кўчаси¸ 9а уйнинг 7-қаватида жойлашган 11-хонадонига махсус гуруҳ балкондан тушиб¸ рейд ўтказгани ва Каримованинг рейд пайтида айни шу манзилда бўлгани ҳақида хабар пайдо бўлди.

Бу рейд¸ Twitterга Гулнора ëки унинг ëнидагилар томонидан ташланган ҳужжат нусхасига кўра¸ Тошкент шаҳар прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича ўринбосари Мирағлам Мирзаев санкцияси томонидан амалга оширилган.

Айнан Гулнора Каримова Twitter ëзишмаларида бир неча бор кескин фош этилган Мирзаев эса Гулнора ўзининг 1-рақамли душмани деб эълон қилган МХХ раиси Рустам Иноятовнинг катта опасига қайин ини бўлади ва мустақил нашрларга кўра¸ расмий лавозимига қарамай¸ республика прокуратурасидаги белгиловчи шахслардан биридир.

Бош прокуратурада Гулнора Каримованинг энг яқин бизнес шерикларига нисбатан айнан Швейцария ва бошқа қатор Европа давлатлари прокурорлари қўйган айбларнинг қўйилиб¸ терговга тортилиши¸ жамоатчилик орасида Гулнора Каримова МХХ билан жангда ютқизди¸ деган тахминларни кучайтириб юборди.

Озодлик сўнгги воқеалар фонида бу жангни яқиндан кузатиб келаëтган журналист ва мухолифат етакчиларига юзага келган жорий вазиятга муносабат билдиришни сўраб мурожаат қилди.

“Гулнорани сиëсий майдондан жисмонан йўқ қилишмоқда”

Галима Бухорбаева¸ UzNews.net ахборот агентлиги бош муҳаррири:

- Биринчидан¸ мен бу воқеаларнинг ўйин экани ҳақидаги фикрларга қўшилмайман. Агар одамлар қамоққа олиниб¸ ишончим комилки¸ адвокат ҳимоясидан маҳрум қилиниб¸ изоляцияга олинган бўлса¸ бу жиддий жараëндир. Менинг билишимча¸ ҳозирда Гулнора Каримова уй қамоғига олинган¸ ундан барча алоқа воситалари (Интернет ва телефон назарда тутилмоқда-таҳр.) олиб қўйилган¸ шахсий қўриқчилари олиб ташланган ва мххчиларнинг доимий назоратига остига олинган. Буларнинг барчаси биз айни кунларда Гулнора Каримованинг мамлакат сиëсий саҳнасидан жисмонан йўқ қилинаëтганига гувоҳ бўлаëтганимизни англатади. Бу жараëнда яқинларгача Гулнора намояндаси бўлган репрессив режим оддий фуқароларга нисбатан қўллаб келинган барча усулларни ишга солмоқда.

Гулнора билан бўлаëтган воқеаларни¸ кимлардир¸ адолат тантанаси¸ унинг ўзи ноҳалол ва коррупционер эди¸ деб талқин этмоқда. Аслида бу ерда ҳеч қандай адолат ҳақида гап кетаëтгани йўқ. Бу Гулнорани жазолашдир. Бу кучайиб¸ энди сиëсий ҳокимиятга интилаëтган бир системанинг ўзига рақиб билган бошқаларни ўта шавқатсиз тарзда жазолаши намунасидир¸ холос.
Гулнорага қарши бу ҳаракатлар¸ Каримов заифлашиб¸ изоляцияга олинган ва оила ўртасидаги зиддият ниҳоятда жиддий тус олган бир пайтда амалга оширилмоқда. Бундай вазиятда Гулнорага қарши кучлар билан бирга бўлган унинг онаси¸ ҳатто ақлдан озиб¸ Гулнорани ўлдиришгача бориб етиши мумкин. Менимча Гулноранинг қуëши ботди ва яқин орада бутун Ўзбекистон унинг қонига булғаниши мумкин.

Муҳаммад Солиҳ¸ Ўзбекистон халқ ҳаракати раиси:

- Бизга Усмон Ҳақназаров деган аноним шахс томонидан юборилган дастлабки фаразда¸ бу ўйинлар Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида музлатилган пулларини қайтариб олиш мақсадида қилинаëтган ўйин¸ деб тасвирланган эди. Дастлабки босқичда¸ бу бизга ҳам асосли ва мантиқлидек кўринган эди. Зотан¸ ўзи президентликка даъво қилган президент қизига кимнингдир қўл кўтаришига ақл бовар қилмас эди. Кейинги воқеалар ривожи¸ Гулнора Каримова ва Рустам Иноятов ўртасида гўë жиддий жанг бошлангани ҳақидаги ишончни кучайтириб юборди. Зотан¸ Гулнора ва Иноятов “жанг”и бутун дунëга ошкор қилинди ва сиртдан қараганда¸ сиëсий элитага зиëн еткизди.

Аммо бугунги жараëнларга қараб дастлабки фараз тўғри деган хулосага келиш мумкин. Бу ўйиндан мақсад ҳамон айни – Гулноранинг пулларини қутқаришдек бўлиб кўринмоқда. Гап фақат Швейцариядаги бир миллиарга яқин пул ҳақида эмас¸ қатор бошқа давлатларда ҳам музлатилган миллиардлаб доллар ҳақида бормоқда ва бу ўйинни бошлаганлар уни мантиқий якунига еткизишга қарор қилгандек кўринади. Бунинг учун Гулноранинг энг яқинлари¸ унинг эри ва бошқаларни қурбон қилишга қарор берилган кўринади.

Прокуратуранинг бугунги терговидан “биз ҳам пул ювиш¸ коррупцияга алоқадор бу шахсларни жавобгарликка тортдик¸ уларга тегишли жазо қўлладик. Лекин бу пуллар бизники ва марҳамат қилиб уларни қайтаринг” деган мужда келиб чиқмоқда.

Гулнора Иноятов билан жанггда мағлуб бўлди¸ МХХ Ўзбекистонда давлат тўнтариши¸ путч бошлади деган тахминларда ҳам гўë жон бордек. Аммо бизга келаëтган маълумотларга ишонилса¸ Иноятов ташқаридан кўринаëтган каби қудратли эмас. Унинг соғлиғи анча оғирлашган¸ ишга ҳам ҳафта ëки икки ҳафтада бир келади. Қаттиқ касал бўлган Иноятовнинг Гулнорага қарши жанг жабҳаси марказида ўтириб олиб¸ бу жангга қўмондонлик қилаëтгани¸ ҳақиқатдан узоқ.

Биз олаëтган хабарларга ишонилса¸ от устида қолаëтган ва бу ўйинни назорат қилаëтган шахс¸ ҳамон Каримовнинг ўзидир. Албатта¸ унинг ëши ўтиб¸ соғлиғи заифлашгани бор гап – от устида ўтирган шахс аввалги Каримов эмас. Аммо от устида ҳамон Каримов ўтирибди ва бундай вазиятда Гулноранинг қурбонликка келтирилиши ҳақидаги тахминлар¸ узоқ бир эҳтимол¸ холос.

Гулноранинг истиқболи тугади

Нигора Ҳидоятова¸ “Озод деҳқонлар”партияси бош котиби:

- Бу сиëсий системанинг ўта чуқур инқирози. Ўзбекистонни битта оила бошқараëтгани боис¸ бу инқироз биринчи оила ичидаги инқироз мисолида намоëн бўлмоқда. Бу инқироз ҳокимият алмашинуви билан тугайди ва ҳозирги воқеалар шу жараëн ифодасидир.

Гулнорага келсак¸ унинг устидан ҳукм чиқариб бўлинди ва у ортиқ сиëсий майдондаги куч ëки сиëсий жараëнларга таъсир қилиш имконига эга шахс бўлмай қолди. Балки МХХ ва Гулнора жангги томонларнинг махфий келишуви билан якунланар. Зотан¸ Гулнорада шарт қўйиш¸ воқеаларнинг кейинги ривожига таъсир қилиш қудрати қолмади. Уни ташқарига чиқариб юборишларига ишонмайман. Мабодо келиша олмасалар¸ воқеаларнинг ғайриоддий тарзда ривожланиб¸ Гулноранинг ҳам қамоққа олинишини эҳтимолдан соқит қилмайман.

Ўзбекистон прокуратураси Европа прокурорларига жавоб қайтарди

Шоҳида Тўлаганова¸ ўзбекистонлик мустақил журналист:

- Диққат қилинг¸ Ўзбекистон прокуратураси жиноят иши очган Рустам Мадумаров¸ Гаяне Авакян ва Екатерина Клюевалар айнан Швеция¸ Швейцария ва Франция прокурорлари тергов очган айни шахслардир. Улар Европада ҳам коррупция¸ ноқонуний тизимлар орқали катта миқдордаги пулларни ювиш амалиëтларида гумонланмоқда. Мадумаров¸ Авакян ва Клюевалар оффшор ҳудудда рўйхатга олинган ўнлаб ширкат эгаларидир. Бу ширкатларнинг бирортасида Гулноранинг номи расман қайд этилмаган ва Ўзбекистон прокуратураси ҳам бу ишларнинг Гулнорага бевосита алоқадорлиги ҳақида лом-мим демади.

Шунинг учун мен Ўзбекистон прокуратурасининг Гулнорага яқин шахсларни қамоққа олиб¸ жиноий иш очиши Швейцария банкларида музлатилган юзлаб миллион пулни қайтариб олиш истаги билан боғлиқ деб ўйлайман. Агар бу ҳаракатларнинг асосий нишони Гулнора бўладиган бўлса¸ нега уни қамоққа олишмади¸ нега унга қарши жиноий иш очилмади?

Энди ҳамма гуноҳ Гулноранинг ëнидагиларга қўйилади¸ улар ўғри-жиноятчига чиқарилади¸ лекин Гулноранинг бурни ҳам қонамайди. Бу одамларнинг¸ аслида Швейцария ëки бошқа давлат банкларидаги миллионларгаям¸ қимматбаҳо қаср ва уйларга ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқ. Гулноранинг пуллари ва кўчмас мулклари унинг сантехнигидан то хизматкоригача бўлган бегуноҳ одамлар номига расмийлаширилган ва энди таëқ шуларнинг бошида синади. Гулноранинг отаси ҳокимиятда турар экан¸ унга ҳеч нарса бўлмайди.

Айрим журналистлар Ўзбекистонда МХХ ҳокимият тўнтариши бошлади¸ деган тахминларни тарқатмоқда. Аммо ҳозирча мен Иноятов¸ МХХ Каримов ва унинг оиласига қарши жазо кампаниясини бошлагани¸ путч бошланганига оид иддаоларга қўшилмайман. Бунақа аломатларни¸ ҳозирча¸ кўрмаяпман.
Ўзбекистон МХХ монолит тизим эмас¸ унинг ичида турли гуруҳлар бор ва бу гуруҳларнинг ўзаро курашаëтганини инкор этиб бўлмайди. Аммо ҳозирча Каримов ҳокимиятни йўқотиб¸ тизгин Иноятов гуруҳига ўтди¸ дейишга асос бўлувчи аниқ ахборот йўқ.

Лекин айни пайтда¸ Ўзбекистон эртаси ҳақида тайинли прогноз қилиб бўлмайдиган бир босқичга кирдик. Бугун биз эртага Каримов жойида бўладими-йўқми¸ деган саволга тайинли жавоб бера олмай қолдик.

Ҳаммаси ҳолливудча “Happy end” билан тугайди

Сергей Ежков, Uzmetronom интернет газетаси бош муҳаррири:

- Бу воқеалар президент Каримовнинг қонун олдида ҳамма баробар деган принципга содиқлигини кўрсатмоқда. Бу борада¸ биринчи навбатда ўзининг оиласи бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Сўнгги воқеаларда президентнинг қизи ҳақида сўз бораëтгани йўқ. Ҳамма гап унинг номини¸ унга яқинлигини суистеъмол қилган Гулноранинг атрофидагилар ҳақида бормоқда. Тўнғич қизнинг ëнидагилар ҳам қолган ўзбекистонликлар яшаëтган қонунларга мувофиқ яшашлари лозим. Энг муҳим жиҳат шунда.

Мен бу ишлар президент командаси билан бўлаëтгани ҳақида гапирмаяпман. Бор гап¸ қонун устиворлигини таъминлаш устида кетмоқда.

Агар бу жараëнлардан ташқарида қолаëтган бошқа шахслар бўлса¸ уларга ҳам навбат келади. Бу тозалашда уларга ҳам навбат келади¸ ҳозирга тегилмаëтганлар кўп хурсанд бўлишмасин. Тегирмон навбати билан¸ ҳамманинг гали келади...
XS
SM
MD
LG